17.12.2024

Ислом ва Иймоннинг баёни ҳақида (2-қисм)

Биз мақоламизни биринчи қисмини охирида Ибни Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис таҳлили ҳақида тўхтаб қолгандик ўшани давом қилган бўламиз. «Ислом беш нарсага бино қилинди», дейилмоқда. 

Демак, Ислом биносининг қаддини кўтариб турган асосий рукнлар ушбу ҳадисда зикр қилинаётган беш нарсадир:

1. Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона Зот экани ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг Пайғамбари экани ҳақида шаҳодат бериш.

2. Фарз қилинган беш вақт намозни ўз вақтида тўла-тўкис адо этиш.

3. Моли нисобга етса, закотини бериш.

4. Қодир бўлганда Байтуллоҳни ҳаж қилиш.

5. Рамазон ойи рўзасини тутиш.

Ушбу беш рукннинг ҳар бири ҳақида китобимизда алоҳида ҳадислар тўплами келиши туфайли улар ҳақидаги батафсил сўзни кейинга сурамиз.

Мазкур нарсалар Ислом биносининг асосий рукнлари бўлганлиги учун Ислом ўша беш нарсага бино қилинган, дедик. Аммо бу Ислом фақат беш нарсадан иборат дегани эмас. Улар асос ва устундир. Ҳар бир бинонинг асоси ва устуни унинг ўзагини ташкил қилганидек, бу беш нарса ҳам Исломнинг ўзагини ташкил қилади. Бино мукаммал бўлиши учун асос устига, устун атрофига девор урилади. Сўнг шифт қилиш ва бошқа зарур ишларни бажариш лозим бўлади. Исломнинг бошқа фарз ва вожиблари ҳам шунга ўхшайди.

«Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» иймон рукнининг ўзаги бўлса, фаришталарга, пайғамбарларга, илоҳий китобларга, яхшию ёмон қадар Аллоҳдан эканига ва бошқа лозим бўлган нарсаларга иймон келтириш унга тобе бўлади.

«Намоз» амалий, баданий-жисмоний, руҳий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа шунга ўхшаш ибодатлар эса унга тобе бўлади.

«Закот» молиявий ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий ибодатлар унга тобе бўлади.

«Ҳаж» ҳам молиявий, ҳам жисмоний ибодатларнинг рукнидир. Бошқа молиявий, жисмоний ибодатлар унга тобе бўлади.

«Рўза» тарк қилиш (ўзини тийиш) ибодатлари рукнидир. Бошқа ўзини тийиш ибодатлари унга тобе бўлади. Буларнинг ҳаммаси қўшилганда Ислом биноси мукаммал ҳолатга келади. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

Ҳадисда мусулмон инсон учун ушбу беш нарса рукн ибодат экани аниқ кўриниб турибди.

1. Ушбу беш рукн фарзи айнлардир, яъни ҳар бир шахсга алоҳида, бевосита фарздир. Мусулмонман, деган одам бу ибодатларни шахсан ўзи адо қилиши фарз. Бу ибодатларни биров адо қилса, бошқадан соқит бўлмайди. Ота адо қилгани билан, боладан соқит бўлмайди. Она адо қилгани билан, қиздан соқит бўлмайди.

2. Бу ҳадисдан Ислом айнан ушбу беш рукнга бино қилинганини билиб олмоқдамиз. Демак, Ислом бу беш нарсадан бошқага бино қилиниши мумкин эмас.

Хулласи калом, ушбу буюк ҳадиси шарифдаги асосий рукнлардан бошқа нарса Ислом биноси учун рукн бўла олмайди.

Ҳадиси шарифдан чиқадиган ҳикматлар:

Ўзида буюк маъноларни мужассам қилган ушбу ҳадиси шарифдан, унда зикр этилган рукнлардан келиб чиқадиган ҳикматлар ҳақида жилд-жилд китоблар ёзилган, кўплаб ваъз-насиҳатлар қилинган. Улар шунчалик кўпки, санаб адоғига етиш ҳам қийин.

Аллоҳ таоло ҳакимдир. У Зот беҳикмат иш қилмайди. Инсониятга Исломни қиёмат кунигача икки дунё саодат йўлини кўрсатувчи Ўзининг охирги дини қилиши ҳам бир олам ҳикматдир. Инсоният босиб ўтган йўл, қилиб кўрган тажрибалар Исломсиз мақсадга етиб бўлмаслигини кун сайин кўрсатмоқда.

Инсониятнинг якка илоҳий маъбудга эътиқод қилишга муҳтож эканини ҳам тажриба кўрсатди. Худосизлик нима экани, қандай балоларга гирифтор қилиши синаб, татиб кўрилди. Кўпхудолик ҳам фойда бермаслигини ҳамма тушуниб бормоқда. «Аллоҳнинг ўғли бор, Аллоҳ уч шахс ота, ўғил ва муқад- дас руҳларнинг қўшилишидир», деб даъво қилганлар ҳам ҳозирда ўзларининг ақийдалари нотўғри эканини тушуниб етмоқдалар. «Муҳаммадур Расулуллоҳ» эса ўзининг инсон ҳаёти учун нақадар зарурлигини аниқ аён этди. Инсоният учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдек ўрнак бўларли зот, йўлбошчи қайтиб туғилмади. Бу ҳозирги кунда ҳар дамда, ҳар қадамда сезилиб турибди. Инсон ўрнак олиши учун унинг ўзи ихтиёр қил- ган шахслар фойда бермаяпти. Хаёлда тўқиб олинган сохта ибратлар ҳам иш бермай қўйди. Бугунги кунда айниқса, Муҳаммад алайҳиссаломга душман бўлган ғарб юртларида у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсларига эҳтиёж кучайиб бормоқда.

Манба асосида тайёрланди: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ҳадис ва Ҳаёт. 2-жуз. Ислом ва Иймон китоби – Т.:”Ҳилол – Нашр”, 2019. – 320 б. 

 

Мамаюсупов Жўрахон  – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar