18.12.2024

НЕГА АРАБ ТИЛИНИ ЎРГАНИШ КЕРАК?

Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий: «Тилга эътибор, элга эътибор», деган эдилар. Бу сўзлар бекорга айтилмаган, албатта. Чунки ҳар бир тил маълум бир ҳудудда алоқа воситаси, қолаверса миллатлараро танишув, дўстлик воситасидир. У зот ўзбек тилининг даражасини юксак даражаларга кўтардилар. Ўзбек тили бошқа миллат тиллари билан ҳам бойиган. Мисол учун форс-тожик, араб тиллари. Ўрта Осиёга ислом дини тарқалиши билан араб тили ҳам кириб келди. Ўша даврда араб тилини билмасдан киши юксак маърифат эгаси бўлиши мушкул эди. Албатта аждодларимиз бу тилни чуқур ўрганиб, унда китоблар ёздилар ва машҳур бўлдилар. Ҳозирги кунимизда ҳам араб тилининг аҳамияти йўқолган эмас. Чунки, муқаддас динимиз исломнинг она манбаълари араб тилида, бобокалонларимиз қолдирган буюк адабий мерос аксар қисми араб тилида. Демак ҳар бир тил ва тарих фани ўрганувчилари учун араб тилини билишлари зарур экан.

Ҳинд океанидан то Фрот дарёсигача, Форс қўлтиғидан то Қизил денгизгача чўзилган катта ярим орол Арабистон деб аталади. Ана шу катта майдонда қадимдан араблар яшайди.

Араб тили сомий тиллар оиласининг жанубий шохчасига киради. Бу тил ўз ривожланиш тарихида 3 босқични босиб ўтган:

  1. Қадимий адабий араб тили.
  2. Классик адабий араб тили.
  3. Замонавий адабий араб тили.

Қадимги адабий араб тилига Арабистон ярим ороли ва Суриянинг жанубидаги қадимий обидалар ва қояларда топилган ёзувлар мисол бўлади. Уларнинг энг қадимгилари эрамизнинг IV-VI асрларига оиддир.

Классик адабий араб тилида эса эрамизнинг VI-VII асрларида асарлар битилган. Биз уларда мукаммал грамматик қурилишга эга бўлган, кенг лексик таркибли, жоҳилий даври назми ва қабилалар лаҳжаларининг нодир хусусиятларини ўзида мужассам этган бой тилни кўрамиз. Классик адабий араб тили ҳозирги замон адабий араб тилининг шаклланиши учун замин бўлди. IX-X асрларда классик даврнинг адабий тили тўла шаклланиб бўлди. бу даврга келиб Қуръони карим, қадимий назм ва қурайш лаҳжаси таъсири остида араб ёзуви, сарф ва наҳви ривожланди. 

Классик адабий араб тили лексик жиҳатдан бироз ўзгарган ҳолда ҳозирга қадар арабларнинг адабий тили бўлиб келмоқда.

Бунинг асосий сабаби араб дунёси ва барча мусулмон дунёсини  бирлаштириб турувчи Қуръони карим, ҳадиси шариф ва бошқа мўътабар манбаълардир. Замонавий адабий араб тили XIX асрдан бошлаб янгича руҳда шакллана бошлади. Янги замонавий техника ва тараққиёт тушунчалари  ва предметларни ифодалаш учун унга оврупа тилларидан кўп ўзгартирма сўзлар кирди.

Ҳозирда араб тили ер юзидаги 500 миллионга яқин инсонлар учун она тили ва икки миллиардга яқин мусулмонларнинг ҳалқаро сўзлашув тили ҳисобланади. Араб тили дунёдаги 22 та араб давлатининг расмий тили бўлиб, улар шу тилда гаплашади. Қолаверса, араб тили ҳозирда олтита жаҳон тилларининг бири ҳисобланади. 

Араб тили форс ва яҳудий тиллари каби ўнгдан чапга қараб ёзиладиган нодир тиллардандир. Араб тилидаги сўзлар сони 12,5 миллионни ташкил қилади. Солиштирадиган бўлсак, инглиз тилидаги сўзлар сони 600 мингдан ошмайди. Араб тили “Қуръон тили”, “Доод тили”(бу ердаги “дзод” сўзи араб тили алифбосидаги "ض" ҳарфига нисбатан қўлланилган. Чунки бу ҳарф бошқа тиллардаги алифболарда учрамайди) деб ҳам номланади. Араб тили хаттотлик фани дунёдаги энг гўзал фанлардандир. 

Ҳар йили декабр ойининг 18-санаси «Халқаро араб тили куни» сифатида нишонланади.

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ҳар йили халқаро араб тили анжумани ўтказилади. Мазкур анжуманда араб тилидаги 100 га яқин тадқиқот ишлари ва илмий мавзулар муҳокама этилади.

Араб тили фанлари кўп бўлиб улар луғат илми, сарф, наҳв, балоғат, фасоҳат, араб адабиёти, имло ва китобат, аруз, шеър, қироат ва илмул асвот кабилардир. Мана шу каби араб тили илмларини мукаммал билиш билан инсон араб тилини ҳам мукаммал билади. Унинг сир-асрорларини тушунади.

 

Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси 

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar