23.12.2024

“ҚИШ - МЎМИННИНГ БАҲОРИ”

Ҳар бир фасл Аллоҳнинг буюк ҳикматлари билан яратилган бўлиб, инсон ҳаётига ўзига хос таъсир кўрсатади. Қуръонда ва ҳадисларимизда қиш фасли инсонлар учун ибодат ва илм ўрганиш мавсуми сифатида тавсифланган. Талаба учун эса қиш фасли нафақат ўқув жараёнининг фаол даври, балки сабр, интизом ва ўзини ривожлантириш учун энг қулай вақт ҳисобланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):

 “Қиш – мўминларнинг баҳоридир. Унда кунлари қисқа бўлгани учун рўза осон, кечалари эса узун бўлгани учун ибодат қулай бўлади,” – деб айтганлар.

Ушбу мақолада қиш фаслининг илмий ва диний жиҳатлари, талаба ҳаётидаги аҳамияти ҳамда унинг фойдалари ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтамиз.

1. Қиш - ибодатни мукаммаллаштириш учун фасл

Исломда қиш фасли ибодат учун энг қулай фасл сифатида тавсифланади. Бу фаслда мўмин инсонга Аллоҳга яқинлашиш учун кўплаб имкониятлар берилган:

Кечалар ва намоз ибодати

Қиш фасли кечаларнинг узунлиги билан ажралиб туради. Бу эса мусулмонларга нафл ибодатларни бажариш, таҳажжуд ўқиш ва Қуръон ўрганишга кўпроқ вақт ажратиш имконини беради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) узун кечаларда ибодат қилишни мўминнинг ҳусусияти сифатида кўрсатганлар. Талаба бу даврни:

 • Таҳажжуд ва витр намозларини мунтазам ўқиш;

 • Қуръон тиловати ва ёдлашни кучайтириш;

 • Зикр ва дуоларга кўпроқ вақт ажратиш орқали унумли ўтказиши мумкин.

Рўза ва сабрни мустаҳкамлаш

Қиш кунлари қисқалиги сабабли, рўза тутиш нисбатан осонлашади. Бу пайтда нафл ёки қазо рўзаларини адо этиш орқали нафақат Аллоҳнинг ризосини топиш, балки нафсни тийишни ҳам ўрганиш мумкин. Бу айниқса талабалар учун сабр ва интизомни ривожлантириш учун катта имкониятдир.

2. Илм олиш ва қиш фаслидаги барака

Исломда илмнинг ўрни

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

 “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?” (Зумар сураси, 9-оят).

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам илм ўрганишни ҳар бир мусулмон учун фарз деб билганлар. Қиш фасли илмий фаолият учун энг самарали даврдир:

 • Тафаккур қилиш имконияти. Совуқ об-ҳаво ва сокинлик, ўқиш ва тафаккур учун қулай муҳит яратади. Талаба бу даврда ўзининг илмий изланишлари ва диний билимларини ривожлантиришга эътибор қаратиши керак.

 • Дарс ва илмий ишларни кучайтириш. Кўплаб талабаларнинг қишдаги асосий вазифаси бу сессияларга тайёргарлик кўришдир. Бу пайтда Қуръон тафсирини ўрганиш, ҳадисларни ўқиш ва дарс материалларини мустаҳкамлаш осонлашади.

Тафаккур ва табиатнинг ҳикматлари

Қиш фаслида табиатнинг сокин ва ҳаракатсиз бўлиб кўриниши, аслида, ундаги яширин ҳаётни англашга ундайди. Қуръони Каримда кеча ва кундузнинг алмашиши, об-ҳаво ўзгаришларида ақл эгалари учун ибратлар борлиги эслатиб ўтилган:

 “Улар осмонлар ва ердаги нималар ҳақида тафаккур қилурлар…” (Оли Имрон сураси, 191-оят).

Талаба қиш фаслида нафақат китоблардан, балки табиатдан ҳам билим олиши, яратилиш ҳикматларини чуқурроқ ўрганиши мумкин.

3. Жисмоний ва маънавий интизомни мустаҳкамлаш

Жисмоний тарбия ва сабр-матонат

Қиш фасли инсонга жисмоний ва маънавий интизомни оширишни ўргатади.

 • Совуқда ўз саломатлигини сақлаш учун жисмоний машқлар билан шуғулланиш.

 • Иссиқ кийиниш ва ўз эҳтиёжларини назорат қилиш орқали ҳаётий тартибни ўрганиш.

 • Моддий ресурсларни тежаш ва шукроналикни ривожлантириш.

Маънавий покланиш ва сабр

Қиш фасли инсонни турли синовларга дучор қилади: совуқ, қисқа кунлар ва узоқ кечалар. Бу давр мусулмон учун сабрни ривожлантирадиган, нафсни тарбиялайдиган ва Аллоҳга яқинликни оширадиган вақт бўлиши мумкин. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сабр ҳақида айтган сўзлари бу борада бизга йўл-йўриқ беради:

 “Сабр - имон ярмидир.”

4. Расуллуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қиш ҳақида ўгитлари.

Қиш фасли мусулмон ҳаётидаги қадрлаш лозим бўлган фазилатли бир даврдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу мавсум ҳақида кўплаб ўгитлари талаба ҳаёти учун жуда муҳим:

 • Баракали вақтни қадрлаш. Қишда вақтни режалаштириш ва фойдали ишларга бағишлаш мусулмоннинг ўзига хос фазилатидир. Талаба бу даврни дарс, ибодат ва ўзини ривожлантириш учун тўлиқ ишлатиши лозим.

 • Хайрия ишлари. Қиш совуқ фасл бўлгани учун, ёрдамга муҳтож кишиларни қўллаб-қувватлаш, кийим-кечак улашиш ва садақа бериш Аллоҳнинг розилигини топишнинг ажойиб йўлларидир.

Қиш фасли талабанинг илм ва ибодат учун фойдаланиши лозим бўлган энг баракали даврдир. Узун кечалар ва қисқа кунлар, тинч муҳит ва табиатнинг ўзгариши – буларнинг барчаси Аллоҳнинг буюк неъматларидан биридир. Ушбу фаслда талаба ўз вақтини тўғри режалаштириб, илмий ва диний ютуқларга эришиши, сабр ва шукр билан яшаши керак. Шундай экан, қиш фасли ҳақиқатан ҳам талабанинг баҳори ҳисобланади.

Аллоҳ таоло ҳаммамизга ушбу фаслни тўғри қадрлаш ва ундан унумли фойдаланишни насиб қилсин. Омин!

 

 

Ярашев Ҳабиб – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar