26.12.2024

САҲИҲИ БУХОРИЙНИНГ ЁЗИЛИШ ТАРИХИ (1-қисм)

Набий соллаҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари саҳобалар ва катта тобеинлар даврида жоме китобларига ёзилмаган ва тартибга келтирилмаган. Бунга иккита нарса сабаб бўлган эди. Биринчидан, Саҳиҳи Муслимда келишича, аввалига саҳобалар баъзи ҳадисларнинг Қуръони каримга аралашиб кетиши хавфи борлиги сабабли бу нарсадан қайтарилган эдилар. Иккинчидан, уларнинг хотиралари кучли ва зеҳнлари ўткир болган. Яна бир сабаби уларнинг кўпчилиги ёзишни билмас эдилар.

Сўнг ўлкаларда уламолар кўпайгани, хаворижлар, рофизалар, муътазилалардан содир бўлаётган бидъатлар кўпайгани сабабли тобеинлар асрининг охирларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва саҳобалардан ривоят қилинган гапларни китоб ҳолига келтириш ҳамда уларни бобларга ажратиш пайдо бўла бошлади. Бу ишни биринчи бўлиб бошлаган киши Робиъ ибн Собиҳ, Саъид ибн Абу Аруба ва бошқалар бўлди. Улар ҳадисларнинг ҳар бир бобини алоҳида китоб ҳолига келтирар эдилар.Бу нарса то учинчи табақанинг катта уламолари ҳадислардан келиб чиқадиган ҳукмларни китоб ҳолига келтиришларигача давом этди. Жумладан, Имом Молик “Муватто” китобини ёзди, унда Ҳижоз аҳли ривоят қилган кучли ҳадислардан фойдаланди ва унга саҳобаларнинг сўзларини, тобеинлар ва улардан кейинги уламоларнинг фатволарини қўшди. Абу Муҳаммад Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайж Маккада, Абу Умар, Абдураҳмон ибн Умар ва Авзоийлар Шомда, Суфёни Саврий Куфада, Абу Салама Ҳаммод ибн Салама ибн Дийнор Басрада ҳадис бўйича китоблар ёздилар. Кейинчалик уларга ўзларининг кўпчилик асрдошлари бу нарсада тақлид қилдилар ва бу то улардан баъзи имомлар Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларининг ўзини алоҳида китоб қилиб ёзиб бошлагунларигача давом этди. Бу воқеалар ҳижрий 200-йил (милодий 815-йил)нинг бошларига тўғри келади. Убайдуллоҳ ибн Мусо ал-Абасий Куфий, Мусаддад ибн Мусарҳад Басрий, Асад ибн Мусо Умавий ва Нуайм ибн Ҳаммод Хузоийлар бу борада муснад китобларини ёздилар.

Кейинчалик бошқа имомлар ҳам уларнинг изларидан эргашдилар. Натижада, ҳофизлардан қайсики имом бўлмасин, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Исъҳоқ ибн Роҳавайҳ, Усмон ибн Абу Шайба кабилар ва булардан бошқалар ҳадисларни муснад ҳолатида китоб қилиб ёздилар.  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларини жамлаш ва китоб ҳолига келтириш ишлари расмий равишда ҳижрий юзинчи йил (милодий 718-йил) атрофида халифалик қилган Умар ибн Абдулазиз даврида бўлгани маълум ва машҳур. Умар ибн Абдулазиз Ибн Шиҳоб Зуҳрий ва бошқа муҳаддислардан омма учун ҳадис китоби ёзишни сўрайди. Ибн Шиҳоб Зуҳрий эса содда қилиб бир китоб ёзади. Бошқалар ҳам бу ишда Ибн Шиҳоб Зуҳрийга эргашишди. Ҳадис китобларини ёзиш расмий равишда шу тариқа бошланди.

Ушбу даврдаги ҳадис китобларини ёзишдаги асосий йўналиш китоб ёзаётган шахсга етиб келган ҳадисларни шундайлигича қоғозга тушириб, китоб шақлига келтиришдан иборат бўлган, десак, хато қилмаган бўламиз. Мазкур ҳадис китобларининг ҳажми тобора катталашиб борган. Абдурраззоқ Санъоний каби ўша вақтнинг кўзга кўринган муҳаддислари ёзган китоблар ўн ёки ундан ортиқ жилд бўлиб кетган. Бу китобларнинг асосий мақсади мавжуд ҳадисларни жамлашдангина иборат бўлган. Тарих ва таржимаи ҳолларга оид китобларга назар солсак, шу нарса маълум бўладики, вақти-соати келиб Расулуллоҳ алайҳис солату васалламнинг ҳадиси шарифлари бўйича одамларга ишончли манба, ҳидоят ва фойда булоғи бўлиши учун мухтасар бир китоб ёзиш зарурати туғилган эди.

Имом Бухорий ушбу заруратни биринчилардан бўлиб англаб етдилар.У киши мазкур китобни ёзишга бел боғладилар. Имом Бухорий бу ишни амалга оширишларига туртки бўлган ҳодисаларни ўзлари эслаб, гапириб юрар эдилар. Хатиб Бағдодий машҳур “Тарихи Бағдод” китобида бу ҳақда Иброҳим ибн Маъқал Насафийдан қуйидаги ривоятни келтиради: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоилнинг шундай деганини эшитдим: “Исъҳоқ ибн Роҳавайҳнинг ҳузурида эдим. Асҳобларимиздан бири: “Набиялайҳис солату вассаломнинг суннатлари бўйича мухтасар бир китоб жамласаларингиз-чи”, деб қолди. Бу гап қалбимга ўрнашиб қолди ва ушбу китобни жамлашни бошладим”.

Ибн Имод Ҳанбалий озининг “Шазаротуз-заҳаб фии ахбори ман заҳаб” номли китобида Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Форисдан қуйидаги ривоятни келтиради: “Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг шундай деганини эшитдим: “Набий алайҳис салоту вассаломни тушимда кўрдим. Мен олдиларида туриб, у зотни қўлимдаги елпиғич ила елпиётган эдим. Баъзи шайхларга тушимни айтсам, “Сен у зотдан ёлғонларни четлатар экансан”, дейишди. Мана шу нарса “Саҳиҳ” (яъни, Саҳиҳи Бухорий)ни чиқаришимга туртки бўлди”. Ушбу икки ривоятни жамлаб: Имом Бухорий Исъҳоқ ибн Роҳавайҳ раҳматуллоҳи алайҳнинг мажлисидан кейин туш кўрганлар ва икки ҳодиса машҳур китобларининг ёзилишига туртки бўлган, дейишимиз мумкин. 

Шайхул ҳадис Муҳаммад Закариё раҳматуллоҳи алайҳ баъзи воқеаларни назарда тутиб: “Ҳижрий 217 йил “Саҳиҳи Бухорий”ни ёзиш бошланиб, 233 йил тугатилган.” Бу воқеанинг тафсилотини Абу Жаъфар Маҳмуд ибн Амр Уқайлий раҳматуллоҳи алайҳ тилидан қуйида келтирамиз:

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳи Бухорий”ни ёзиб тугатгач, уни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маъин ва Али ибн  Мадиний раҳматуллоҳи алайҳларга кўрсатди. Уларнинг барчасига китоб маъқул бўлиб, унинг таҳсинга сазоворлигини тан олишди. Фақат, китобдаги тўртта ҳадис юзасидан ихтилоф билдиришди”, деди.

Уқайлий раҳматуллоҳи алайҳнинг таъкидлашича, ушбу тўрт ҳадис борасида Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг раъйлари рожиҳ бўлган. 

Улардан Яҳё ибн Маъин раҳматуллоҳи алайҳ 233 йилда вафот этган. Али ибн Мадиний раҳматуллоҳи алайҳ эса, 234 йилда ҳаётдан кўз юмган.  Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ эса, 241 йилда қазо қилган.  Ушбу китоб мазкур уч имомга 233 йилда, яъни ёзиб тугатилгандан кейин кўрсатилган. Чунки, бу китоб ўн олти йил давомида битилган. Шу нуқтаи назардан ҳисоблаб кўрилса, маълум бўладики, “Саҳиҳи Бухорий”ни ёзиш 217 йилдан бошланган. Ўша кезлари Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ 23 ёшда эди. Китоб якун топганда у зот 39 ёшда бўлган.

Мазкур асар битилгандан сўнг, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ 23 йил яшади. 

 

Шаҳзод Эшбоев – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar