
САҲОБАЛАРНИНГ НАСИҲАТГА ҚУЛОҚ ОСИШЛАРИДАН БИР НАМУНА!
Ҳижрий15-йил (баъзи қовлларга кўра ҳижрий 14-йил) Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Форсга қарши Ироқ иши учун Кўприк жангида шаҳид кетган Абу Убайднинг ўрнига Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг она уруғидан ҳисобланган Бану Зуҳрий жамоаси вакили Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни ҳоким этиб тайинлади. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Ироққа борган вақтда мусулмонлар Форсларга қарши ҳал қилувчи Қодисийя жангига тайёрланаётганди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ироққа Саъд ибн Абу Ваққосни юборар экан шундай деб насиҳат қилди. “Эй Саъднинг онасининг ўғли Саъд! Сени инсонларнинг бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғаси ва у Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси деган сўзлари алдаб қўймасин. Чунки Аллоҳ ҳақ субаҳанаҳу ва таоло ёмонликни ёмонлик билан эмас, балки ёмонликни яхшилик билан ўчиради. Зеро Аллоҳ таоло билан бирор кимсанинг ўртасида насаб йўқ, фақатгина итоат бор. Инсонлар Аллоҳ таолонинг динида баробардирлар. Улар Аллоҳнинг бандаларидир, одамлар фақат яхшиликни талаб қилиш билангина Аллоҳнинг ҳузурида бир-биридан фазилатланадилар. Инсон зоти борки, у Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсага фақатгина итоати билан эришади. Сен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қандай иш қилганларини кўрган бўлсанг шу ишни лозим тут”.
Бу насиҳатни туб негизига эътибор берадиган бўлсак Мўминларнинг амири ўз қўл остидаги саркардасига ажойиб тавсиялар бермоқда. Аслида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу исломда пешқадам, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Макка даврининг аввалги қийинчиликларини бошдан ўтказган сабиқийн саҳобалардан ҳисобланади. Бунинг устига ўша даврда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан кўра ёшроқ саҳоба ва тобеинлар Қодисийяга юборилиши мумкин эди. Лекин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айнан Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни танлади. Биласк Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу бунга бирор оғиз эътироз билдирмади, ёки бирор сабабни рўкач қилиб кўрсатмади. Негаки, Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадрасасининг толиби илмлари эди. Уларда ҳақ насиҳатга нисбатан эътироз ёки иш бошига нисбатан бўйинтовлашлик деган нарса йўқ эди.
Ҳамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar