06.01.2025

САҲИҲИ БУХОРИЙНИНГ ЁЗИЛИШ ТАРИХИ (2-қисм)

Ибн Адий раҳматуллоҳи алайҳ Абдулқуддус раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидагиларни нақл қилиб келтиради: “Кўплаб шайхлардан: “Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Саҳиҳи Бухорий” китобидаги сарлавҳа ва уларга тегишли маълумотларни риёзул жаннатда, минбари муборак билан равзаи мутоҳҳара орасида ёзди. У зот ҳар бир янги сарлавҳали боб учун икки ракат намоз ўқир эди”, деб эшитганман. 

Умар ибн Муҳаммад ибн Бужайр Бужайрий ёзади: Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деди: “Бу китобни Масжиди ҳаромда ёздим. Ҳар бир ҳадисни ёзишдан олдин истихора қилиб икки ракат намоз ўқидим. Ҳадиснинг саҳиҳлиги аниқ равшан бўлмагунича китобга киритмадим”.

Мазкур икки гап орасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ китобни қораламасини Маккаи Мукаррамада, тоза нусхасини эса, Риёзул жаннатда битган бўлиши мумкин. Шунингдек, китобнинг сарлавҳаларини Риёзул жаннатда қилиб, ҳадисларни ёзишни Масжиди ҳаромда бошлаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки юқорида “Саҳиҳи Бухорий” ўн олти йилда ёзилган, дедик. Албатта, бу қадар узоқ муддатни бир жойда ўтириб ўтказиш тасаввурга сиғмайди. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: “Абу Фазл Муҳаммад ибн Тоҳир Мақдисий раҳматуллоҳи алайҳ кабилар: “Имом Бухорий “Саҳиҳи Бухорий”ни Бухорода ёзган”, дейишган. Бир қавлда Маккада, бошқа қавлда Басрада, дейилган. Буларнинг барчаси тўғри, яъни китобни мазкур шаҳарларнинг ҳар бирида ёзган. Чунки, уни ўн олти йил давомида ёзган-да!”, деган. 

Ҳофиз ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ ёзади: “Саҳиҳи Бухорий”нинг асл мақсади саҳиҳ ҳадисларни тўплашдир. Чунки, бу китобнинг “ал-Жомеъус саҳиҳул муснаду мин ҳадиси Росулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам ва сунаниҳи ва айямиҳи” деган номидан ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди. Шу билан бир қаторда фиқҳий истинбот ва унинг фойдаларига ҳам китобда алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадис матнидан олган фиқҳий истинботи сабабли, бир ҳадисни турли бобларда нақл этиб келтирган”.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам шунга яқин фикр билдиради: “Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг мақсади фақат саҳиҳ ҳадисларни тўплаш бўлмаган. Балки, у ҳадислардан фиқҳий бобларни истинбот қилишни ҳам ирода этади. Шунинг учун ҳам у зот кўплаб бобларда ҳадиснинг санадини зикр қилмай, фақат “бунда фалончи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган” дейиш билан чегараланади. Баъзан эса, санадни матнсиз ва баъзида матнни муаллақ қилиб келтиради. Буларнинг барчасида Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг боб сарлавҳаларида келтирган ҳукм ва масалаларга ҳадисни далил ва ҳужжат қилишни кўзлаганига далолат беради. Баъзан олдин ўтган ёки яқинда ўтадиган маълум бир ҳадисга ишора бор”. 

Бу ҳақда Шайх Абдуссалом ал-Муборакфурий қуйидаги фикрларни ёзади:

Имом ал-Бухорий “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ”ни таълиф этишда қуйидаги икки асосий мақсадни кўзда тутган:

  1. Ўзидан олдин ўтган ва у билан замондош муҳаддислар ишончли деб топган ҳадисларни саралаб, жамлаш. Шу боисдан ҳам ўз асарини “Расулуллоҳнинг суннатлари, айёмлари хусусидаги ҳадислардан ишончли тўплам” (“Ал-Жомиъ ас- саҳиҳ”) деб атаган.
  2. 2. Фиқҳий масалаларни чуқур ўрганиш ва ҳукмий фикр-мулоҳазаларни алоҳида ажратиш. Мақтовга энг сазовори шуки, Аллоҳ таоло Имом ал-Бухорийга инъом қилган неъмат ўз асари бобларининг тарожумларида баъзи ҳолларда баён бўлган нозик таҳқиқот самарасидир ва мана шу мақсадда, яъни фиқҳий масалаларни чуқур тадқиқ этишга қатъий амал қилгани боис, матн такрор бўлишига у деярли эътибор бермасди. Лекин, у зот матн ва иснод ҳар томонлама такрорланмаслигига интилиб, фақат мазмун жиҳатидан такрорлаши мумкин эди. Бундай такрор эса, ўша ҳадиснинг ҳуснига ҳусн қўшади. Имом ал-Бухорий ушбу масалаларни чуқур тадқиқ этишда ўта гўзал услуб билан иш тутади. Бунинг моҳияти шуки, бирор масалани исбот қилмоқчи бўлса, дастлаб Қуръони Карим оятларига таянади. Энг аввало, оятлар ва ҳадис ўртасидаги мувофиқлик ва мутаносибликка қатъий амал қилади. Оятни ҳадис билан ёки ҳадисни оят билан шарҳлайди. Умуман, Имом ал-Бухорийнинг исботлашда латиф ва дақиқ бир услуби бўлиб, кўпдан-кўп билимсизлар бундан ҳатто саросимага тушади ва Имом ал- Бухорийга таъна-эътироз билдиришга уринади. Фиқҳий масалалар ва уларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш Имом ал-Бухорийнинг энг асосий мақсадларидан бўлгани туфайли ҳам бобларнинг кўпида у муайян ҳадисга ишора қилиш билан кифояланади. Масалан, ҳадисда фалончидан ривоят қилингани ва зикри яқинда ёки анча олдин ўтгандан қатъий назар қайсидир ҳадисга ишорат қилади, баъзи тарожумларда эса фақат ҳадиснинг матнини зикр қилиб, санадни тушириб қолдиради ёки изоҳ тариқасида келтиради. Шу боис, жуда кўп боблар борки, уларда бир неча ҳадис зикр қилинган. Аҳён-аҳёнда биттагина ҳадис билан чекланади, баъзан эса оятларни зикр этади. Мана шу услубларнинг ҳаммаси фиқҳий масалаларни чуқур ўрганиш “Саҳиҳ ал-Бухорий” асарининг энг асосий мақсади ва вазифаси бўлганини кўрсатади. 
  3. Зоҳид Кавсарий раҳматуллоҳи алайҳ эса мақсадни бундай ифодалайди: “Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг мақсади саҳиҳ ҳадисларни тахриж қилиш ва фиқҳ, сийрат, тафсирларни истинбот этиш бўлган. У зот мавқуф, муаллақ ҳадисларни китоб таркибида келтириш билан бир қаторда саҳоба ва тобеинларнинг фатво ва раъйларини ҳам нақл қилган. Кўзлаган мақсадига эришиш учун матнларни бўлиб, уларни турли бобларда келтирган”. 
  4. Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳ муҳаддислар томонидан дастлаб китобат қилинган ривоятларни тўртта фанга тақсимлайди:
  5. 1. Суннат фани, яъни фиқҳ. Бунга имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг “Муватто” ва Суфён раҳматуллоҳи алайҳнинг “Жомеъ” асарлари киради;
  6. 2. Тафсир фани. Бунга ибн Журайжнинг китоби мисол бўлади;
  7. 3. Сияр фани. Бунга Муҳаммад ибн Исҳоқнинг китобини мисол тариқасида келтириш мумкин;
  8. 4. Зуҳд ва рақоиқ фани. Бунга мисол сифатида Ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг китобини айтишимиз мумкин.
  9. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобида илгари ва ўзининг замонасида саҳиҳ деб топилган ҳадисларни келтириш баробарида мазкур тўрт фанни жамлашни мақсад қилган. Зеро, китоб марфуъ ва муснад ҳадислар учун хосланган. Шу боис ҳам Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ китобини “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад”, деб номлаган. Китобда таълиқ тарзида келтирилган саҳобаларнинг асарлари ҳадислар каби асл даражасида бўлмай, тобе тарзида нақл қилинган.
  10. Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ўз китобида ҳадислардан ҳукм истинбот этишни ҳам мақсад қилган. У зот бир ҳадисдан кўплаб ҳукмларни истинбот қилиб олган. Бу услуб у зотдан олдинги муҳаддисларнинг фаолиятида кузатилмайди.

 

Шаҳзод Эшбоев – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

Имом Термизий ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar