ИСЛОМДА СОВЧИЛИК: ОИЛА ҚУРИШГА ОЛИБ БОРУВЧИ ҚАДРИЯТЛАР ВА ОДОБЛАР
Совчилик исломда оила қуриш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Никоҳ, инсон ҳаётининг муҳим босқичларидан бўлиб, жамиятнинг асоси бўлган оиланинг барқарорлигини таъминлайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳни суннат деб атаб, ҳар бир мусулмонни оилавий ҳаётга ундаганлар. Совчилик эса ана шу суннатни амалга ошириш учун шариат томонидан кўрсатилган ҳалол йўл ҳисобланади.
Исломда никоҳга доир барча амаллар, жумладан, совчилик жараёни, одоб-ахлоқ ва шариат қоидалари асосида амалга оширилади. Совчиликнинг асосий мақсади куёв ва келин томонлари ўртасида танишувни ташкил қилиш, улар ўртасида розиликка эришиш ҳамда икки оиланинг иттифоқини шакллантиришдан иборат.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам совчилик ва никоҳ борасида шундай деганлар:
“Сизлардан бири бировнинг қизига совчи қўймоқчи бўлса, уни кўриши учун имкон яратсин. Чунки бу иш ўзаро меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлайди.” (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадис совчилик жараёнида иккала томон ўртасида очиқ-ойдин мулоқот ва розилик муҳимлигини кўрсатади. Шу билан бирга, бундай жараённинг ҳалоллик ва покликка асосланган бўлиши талаб қилинади.
Совчиликнинг шариатга мувофиқ одоблари
Ислом совчиликни фақат расмий жараён эмас, балки ибодат деб ҳам қабул қилади. Ушбу жараёнда шариатга мувофиқ одобларга риоя қилиш катта аҳамиятга эга:
1. Ҳалол ният ва мақсаднинг поклиги
Совчилик фақат Аллоҳ ризоси учун, ҳалол никоҳ тузиш ниятида амалга оширилиши лозим. Дунёвий манфаат ёки мол-дунё асосида никоҳ қуриш нотўғри ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:
“Амаллар ниятга боғлиқ. Ҳар бир кишига ният қилган нарсасининг ажри берилади.” (Имом Бухорий).
2. Ўзаро ҳурмат ва адолат
Совчилик жараёнида томонлар бир-бирига ҳурмат билан ёндашиши, ортиқча шошилинч ёки босим ўтказишдан сақланишлари керак. Келин ва куёвнинг оила қуришга бўлган розилиги асосий мезон ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қизларни рухсатисиз никоҳлаб бўлмайди.” (Имом Абу Довуд).
3. Холис маслаҳат ва ҳолатни очиқ айтиш
Совчиликда тарафлар бир-бирига ўз ҳолатларини очиқ-ойдин баён қилиши муҳим. Бу нафақат моддий аҳвол, балки соғлиқ, диний ва ахлоқий ҳолатлар ҳақида ҳам бўлиши керак. Бундай ҳалоллик кейинги оилавий ҳаётнинг барқарорлигини таъминлайди.
4. Шариат чегараларига риоя қилиш
Совчилик жараёнида номаҳрамлар ўртасида ҳаддан ташқари яқинлик ва бепарво мулоқотлар тақиқланади. Никоҳдан олдин куёв ва келиннинг ўзаро учрашувлари фақат ҳалол ва шариат қоидаларига мос бўлган тарзда амалга оширилиши керак.
Совчилик жараёнининг тартиби
Исломда совчилик жараёни қуйидаги босқичлардан иборат:
1. Маълумот тўплаш ва маслаҳатлашиш
Совчилик бошланишидан олдин, куёв ёки келин тарафлар ўзларига мос жуфтлик ҳақида маълумот тўплашлари лозим. Бунда уларнинг диний эътиқоди, ахлоқи, шароити ва оилавий муҳитига эътибор бериш муҳим.
2. Совчилик қилиш
Куёв томонидан белгиланган вакил (ота-онаси, қариндошлари ёки ишончли инсонлар) келин томонига совчи сифатида мурожаат қилишади. Совчиликда ҳурмат ва ўзаро мувофиқликни таъминлашга ҳаракат қилинади.
3. Розилик олиш ва келишув тузиш
Келин ва куёвнинг ўзаро розилиги шарт. Агар томонлар ўзаро келишиб олсалар, никоҳнинг кейинги босқичларига ўтилади.
4. Фотиҳа ва никоҳ
Совчилик муваффақиятли ўтса, икки томоннинг розилиги билан фотиҳа қилинади ва никоҳ маросими ўтказилади. Никоҳ жараёнида икки томоннинг гувоҳлари бўлиши шарт.
Совчиликнинг замонавий талқинлари
Бугунги кунда оила қуриш жараёни замонавий воситалар, жумладан, танишув сайтларидан фойдаланишни ҳам ўз ичига олмоқда. Бундай ҳолатларда шариат чегараларини сақлаш ва ҳалолликка риоя қилиш алоҳида эътиборни талаб этади. Замонавий воситалар орқали танишаётган томонлар ҳам диний қоидаларга амал қилиб, совчиликни анъанавий услубда амалга оширишлари лозим.
Пайғамбаримизнинг маслаҳатлари
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оила қуришда диндор ва ахлоқли жуфт танлашни тавсия қилганлар:
“Аёлни тўрт нарса учун никоҳлашади: мол-давлати, насл-насаби, ҳусну жамоли ва диндорлиги. Диндорини танла, акс ҳолда қўлинг тупроққа ботади.” (Бухорий, Муслим).
Бу ҳадис нафақат аёллар, балки эркаклар учун ҳам аҳамиятлидир. Чунки оила жамиятнинг асоси бўлиб, унинг барқарорлиги диндорлик ва пок ахлоқ орқали таъминланади.
Совчилик Исломда оила қуриш жараёнининг муҳим босқичидир. У икки оила ўртасида дўстлик ва баракали муносабатлар ўрнатиш учун пойдевор яратади. Совчилик жараёнида шариат қоидаларига риоя қилиш, ҳалоллик ва самимиятни сақлаш, ўзаро ҳурматни таъминлаш оиланинг бахтли ва барқарор бўлишига хизмат қилади. Аллоҳ таоло барчамизга ҳалол ва баракали никоҳ қилишни насиб этсин!
Ярашев Ҳабиб – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar