10.01.2025

ҚОДИСИЙЯ ВОҚЕАСИ

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу замонида мусулмонлар Форсларга қарши Кўприк жангида енгилгач ва уларнинг бошлиғи Абу Убайд ўлдирилгач, уларнинг яна бир бошлиғи Мусанна ибн Ҳориса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб юбориб у зотдан ёрдам сўради. Ўзи жароҳат олган ва қўшинининг баъзи қисми қочиб кетган Мусанна ибн Ҳориса оғир аҳволда қолганини билган Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Ироққа (яъни Форсларга қарши) улуғ саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни ёрдам қўшини билан юборди. 

Мусулмонларнинг қўшининг адади турли манбааларда турли-хил. Хусусан Ибну Асир “Камил фит Тарих” асарида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни 4 минг кишилик қўшин билан юборганлиги ва У зотнинг ортидан яна 4 минг кишилик (яманлик ва наждликлардан иборат) мададни юборганлигини, ҳамда Мусанна ибн Ҳориса билан биргаликда 8 минглик қўшин борлигини зикр қилади. Бундан ташқари Умар ибн Хаттоб розияллоҳунинг буйруғига биноан Бану Асад жамоаси 3 минг кишилик қўшин билан ёрдамга келганилигини ва Яман аҳлидан бўлган Ашъас ибн Қойс 1700 жангчи билан етиб келганлигини келтириб ўтади. Шундай қилиб Қодисийяда иштирок этган мусулмонлар адади 33 минг билан 39 мингни орасида бўлганлигини қайд этади. 

 “Итмомул вафо” асари муаллифи Муҳаммад Хузорий эса Умар ибн Хаттоб розияллоҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни 4 минг кишилик қўшин билан юборганлиги ва У зотнинг ортидан яна 4 минг кишилик мададни юборганлигини зикр қилади. Шунингдек Ироқда Мусанна ибн Ҳориса билан ҳам қўшин қолганлигини ҳамда Қодисийянинг иккинчи кунида Шомдан Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққос бошчилигида қўшин ёрдамга келганини айтиб ўтади.

“Ал-бидая ван-ниҳоя” асари муаллифи Ибну Касир, Қодисийядаги ушбу жангда мусулмонлар 30 минг, бир қийлда эса 36 минг бўлганлигини айтиб ўтади.

Доктор Али Муҳаммад Саллобий ўзининг “Сийратул Хулафа ар-Рошидийн” китобида, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуни Сирор (Мадинадан 3 мил узоқда жойлашган ҳудуд) деган жойдан 4 ёки 6 минг қўшин билан Ироққа юборди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Наждадаги Заруд деган жойга етгач, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонидан юборилган 4 минг қўшин етиб келди. Бундан ташқари Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Нажд аҳлидан 7 минг қўшин тўплади. Мусанна ибн Ҳориса билан Ироқда 12 минг мусулмон жангчилари билан кутиб турганлигини ҳамда Шом диёридан Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққос бошчилигида 6 минг қўшин етиб келганлигини келтириб ўтади. 

Юқоридаги ва бошқа манбаларидан билинадики, Қодисийя куни мусулмон жангчиларнинг адади 30 минган ошиқ бўлган. 

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Ироққа етиб келгач Форслар раҳбари Яздажирд ИИИ мусулмонларга қарши катта ададли қўшинга раҳбар қилиб Форсларнинг етук саркардаси Рустам Фаррухзодни юборди. Форсларнинг қўшинини адади борасида тарих уламолари турли фикр билдирадилар.

 “Рустам қўшинни қуйдагича тақсимлади;

  • Қўшиннинг олд қисмига саркарда Жолюнус унга 40 минг аскар.
  • Қўшиннинг ўнг қанот қисмига Ҳурмузон унга 10 минг аскар.
  • Қўшиннинг чап қанот қисмига Меҳрон ибн Баҳром унга 10 минг аскар.
  • Қўшиннинг орқа қисмига Бандурон унга 20 минг аскар.

Умумий қўшин 80 минг. Бу қовлни аллома Сайф ибн Умар ва бошқалар зикр қилган. Бошқа бир ривоятда эса, Рустам 120 минг қўшин билан йўлга чиқди, унга яна 80 минг қўшин эргашди. Шунда умумий адад 200 минг бўлади”. (Ибн Касир “ал-Бидая ван-Ниҳая” асаридан)

  “Рустам Фаррухзод Сабат шаҳридан 100 минг ёки ундан зиёда қўшин билан Кувса шаҳрига чиқди”. (Муҳаммад Хузорий “Итмомул вафо” асари ва Доктор Али Муҳаммад Саллобий “Сийратул Хулафа ар-Рошидийн” асари)

  “Рустам Фаррухзод аввал Мадоиндан 60 минг қўшин билан, сўнгра Сабат шаҳридан эса 120 минг қўшин билан чиқди. Унинг қўшининг аввалги қисмида Жолюнус борарди”. (Ибну Асир “Камил фит Тарих” асаридан) 

  Юқоридаги маълумотларни таяниб айтадиган бўлсак, Форслар Қодисийяда 100 мингдан ошиқ бўлган. 

Бу жанг тарихда мусулмонлар ва Форслар ўртасида бўлиб ўтган ҳал қилувчи жанг ҳисобланади. Қодисийя деб номланишига сабабни “Итмомул вафо” асари муаллифи Муҳаммад Хузорий қуйдагича ифодалайди.

“Қодисийя бу Ироқдаги бир қишлоқ бўлиб, Куфа шаҳрига яқин жойлашган. Бу жой Форсларнинг бир вақтлар қазиган хандақ (уруш акоблари) ва Атийқ дарёси (Фурот дарёсидан бошаланадиган кичик ирмоқ) орасида жойлашган ҳудуд”. Уруш айнан шу нуқтада бўлганлиги учун ҳам тарихга Қодисийя жангги номи остида кирди. 

 

 

Ҳамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar