14.01.2025

“МУФАССИРЛАР ИМОМИ” ДОКТОР ЗАҲАБИЙ

Доктор Шайх Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий роҳматуллоҳи алайҳ   1915-йил 19-октябрда Мисрнинг Кафр аш-Шайх губернаторлигининг шимолий қисмидаги Мотубас қишлоғида тижорат ва зироат билан кун кўрадиган оилада туғилган. Отаси у зот ёшлигида вафот этиб кетгани сабабли акаси Ҳусайнинг тарбиясида қолди. Ёшлигида Қуръонни тўлиқ ёд олди. Ўқиш ва ёзиш талимни ўз қишлоғида олгач, Десуқ ал-Азҳарий диний институтида ўрта талимни тамомлади. Сўнг Қоҳирага бориб ал-Азҳар аш- шарифда ўқишни давом эттирди. У ерда ўз асрининг етук олимларидан бўлмиш Шайх Муҳаммад Мустафо ал-Мароғий, Ийсо Манун, Муҳаммад Зоҳид Кавсарий, Муҳаммад Ҳабибуллоҳ аш-Шинқитий, Муҳаммад ал-Хадир Ҳусайн, Маъмун аш-Шенавий ва бошқа бир қатор уламолардан дарс олди. 1936-йил шариат факултетини тамомлади. 1947-йил 15-февралда Улумул Қуръон устозлигидан халқаро профессор унвонини олди. 1948-йилда Саудия Арабистони Тоиф шаҳридаги Дару ат-Тавҳид мадрасасида дарс бериш учун юборилган Азҳар уламоларидан бўлди. У ерда 1951-йилгача дарс берди. Бу муддат давомида Шайх Абдурраззоқ Афифий, Шайх Муҳаммад Наял, Шайх Абдулваҳҳоб Баҳирий, Шайх Муҳаммад Абу Заҳу, Шайх Заки Ғайс ва Шайх Саййид Ҳаким каби бир қатор уламолар билан фаолият юритди. 1951-йил Мадинаи Мунавварада дарс беришлик бахтига сазовар бўлди. 1952-йилда Қоҳирага қайтди ва 1954-йилгача ал-Азҳар олийгоҳларида сўнг 1954-йилдан 1955-йилгача шариат факултетида дарс берди. 1955-йилда Ироқда ҳуқуқ факултетида, 1961-йилдан 1963-йилгача Бағдода шариат факултетида дарс берди. Ироқдан Мисрга қайтгач 1963-1964-йиллар давомида ислом аёл-қизлар факултетида дарс берди ва у зотнинг қўлида етук олима аёл-қизлар етишиб чиқди. 1968-1971-йиллар давомида Қувайт университетида дарс берди ва у ерда Дарул улум шариат факултети раиси Шайх Али Ҳасабуллоҳ, Қоҳира университети ҳуқуқ факултетининг шариат қисми раиси Шайх Закария ал-Бари, Шайх Бадр ал-Метвалли Абдулбасит, Доктор Абдулҳамид Талаб ва бошқа бир қатор уламолар билан ҳамсуҳбат бўлди. У зотни Шайх Муҳаммад Абу Заҳра роҳматуллоҳи алайҳ “муфассирлар имоми” дея чақирар эди. Бундан ташқари у зот мутқин муҳаддис, фасоҳатли хатиб, динга ғамхўр, бидат ва хурофотга қарши, мазҳаби Ҳанафий олим зот эди.

Доктор Заҳабий бир қатор олийгоҳларда дарс бериш билан бирга бир қанча асарлар таълиф этди. Улардан тафсир илми услуби борасидаги ёзилган “ат-Тафсир вал-муфассирун” асари жуда машҳур ва мўтабар ҳисобланади. Ва яна “ал-Исроилияат фит-Тафсир вал-Ҳадис” , “ал-Иттижаҳатул мунҳарифа фит-Тафсир”“Ибн Аробий ва тафсирул Қуръон”“ал-Ваҳий”, “Муқаддима фи-Улумул-Қуръон”, “Муқаддима фи- Улумул-Ҳадис” ва бир неча сураларни тафсири каби асарлар таълиф этди.

1975-йилнинг 15-апрелида Вақф ва ал-Азҳар ишлари вазири этиб тайинланди. Бу лавозимдан 1976-йил 9-ноябрда бўшаб Усулиддин факултетида мударрис бўлиб ишлай бошлади. 1977-йил 3-июлда Муҳаммад Ҳусайн аз-Заҳабий “Такфир вал-ҳижра” гуруҳи томонидан ўз уйидан ўғирлаб кетилади ва уларнинг қўлида шаҳид бўлди. У зотнинг жанозалари ал-Азҳар масжидида бўлди. Жанозани ўша вақтдаги ал-Азҳар бош имоми Солиҳ ал-Жаъфарий ўқиди. Жанозага минг-минглаб инсонлар, ҳамкасблари, шогиртлари ва яқинлари ташриф буюрди. У зотнинг илмидан татиб кўрган, яқиндан таниган, у зотни диндаги ўрнини билган ҳар бир киши ортидан йиғлаб қолди.

Аллоҳ таоло у зотдан Ўзи рози бўлсин ва раҳматига олсин. Набийлар, сиддиқлар, шуҳадолар ва солиҳлар билан жойини бирга қилсин амин…

 

 

 Мухторов Исроилжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar