21.01.2025

ҚОДИСИЙЯ ВОҚЕАСИ (3-ҚИСМ)

Биз юқорида таҳлил қилиб бораётган ва қўлдан келгунича мусулмонларнинг тарихини ёритиб бораётган бир воқеамиз яъни Қодисийя жангининг иккинчи куни “Ағвос (ёрдам) куни” деб номланади.

“Нима учун бу кун ёрдам куни деб номланди”, деган савол ўртага ташланса, Доктор Али Муҳаммад Саллобий“Сийратул Хулафа ар-Рошидийн” асарида шундай деб жавоб берадилар. 

“Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу замонида Румга қарши Шомда мусулмонлар Ярмук жангига тайёрлана бошлади. Мусулмонларнинг адади Румликлардан анча оз эканлигини ҳисобга олган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўша вақтлар Ироқ иши қўмондони Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга 9 минг қўшинни олиб Ярмукка боришлигини буюрган. Ярмук жанги тугагач, энди Мусулмонлар Форсларга қарши ҳал қилувчи жанга киришдилар. Шу сабабли Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шом қўшинлар қўмондони Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга Ҳошим ибн Утба ибн Абу Ваққос (Саъд ибн Абу Ваққоснинг жияни) бошчилигида Ярмук вақтида ёрдамга келган Мусулмон аскарларини Қодисийяга ёрдамга юборишини буюрди”. 

Бошқа тарих уламолари келтирган маълумотлар ҳам шу фикрга мувофиқдир. 

Биринчи кундан фарқли ўлароқ иккинчи кунда Фоср аскарларининг филлари жанга кирмади. Чунки биринчи кунда Мусулмонлар филларнинг сандиқлар (филни устида уни бошқараётган ўтирадиган ўрин)ни тутиб турган боғичларини кесиб ташлаган ва бунинг натижасида сандиқлар синиб таъмирталаб бўлиб қолганди. Форс қўшинларини уларни таъмирлаш билан оворо эди. Бундан ташқари Шомдан юборилган қўшиннинг минг нафар олд қисмини олиб Қўқо ибн Амр келиб қолди. Жанг бошланишидан аввал етиб келган Қўқо ибн Амр Форсларни мубораза (яккама якка жанг)га таклиф қилди. Унга қарши муборазага Форсларнинг энг кўзга кўринган “Кўприк жангги”да Мусулмонлар устидан ғалабага эришган Зул Ҳажиб Баҳман Жозавайҳ чиқди. Қўқо ибн Амр уни муборазада енгди. Шундан сўнг мусулмон жангчилар сурур ва руҳланишни ҳис қилдилар.

Бу кунда асосий қаҳрамонлардан бири бу шак-шубҳасиз Қўқо ибн Амр бўлди. У форсларнинг отлиқларига қарши ажойиб ҳийла қўллади. Ушбу ҳийлани “Итмомул вафа фи сийротул Хулафа” асарида Муҳаммад Хузорий қуйидагича ифодалайди. 

“Қўқо ибн Амр иккинчи куни жангоҳга етиб келгач, мусулмонга қўшинидаги туяларни олиб, уни фақат кўзини очиқ қолдириб қолган қисмини ўраб, отлиқларнинг муҳофазаси остида жангоҳга олиб киришликка буюрди. Асосий эътиборни бу иши билан Форс отлиқларини қўрқитишга қаратди. Ҳамда ниятига эришди. Форс отлиқлари туяларни бу кўринишда кўргач, ҳудди кеча мусулмон отлари филларни кўриб қочгани каби қочдилар”.

Иккинчи кунги жанг кечанинг яримигача давом этди. Шунинг учун ҳам бу куннинг кечаси зимистон кеча деб номланди. 

 

 

Ҳамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar