23.01.2025

ЭЙ АНЖАША, ШИШАЛАРНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛ!

يا أنجشة رفقا بالقوارير ҳадиси Исломнинг меҳрибонлик ва нозикликка ундовчи чуқур маънога эга таълимотларидан биридир. Ушбу ҳадисни Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган. Ҳадис воқеасига кўра, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сафар чоғида туяларни ҳайдаётган хизматкор Анжашага қарата: “Эй Анжаша, шишаларни эҳтиёт қил!” деганлар. Бу ерда “шишалар” сўзи аёлларга ишора қилиб, уларнинг нозик табиати ва эҳтиёткор муносабатга муҳтожлигини кўрсатади.

Ҳадис инсонлар ўртасидаги муносабатларда юмшоқлик ва мулойимликни ўргатади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларнинг ҳиссий нозиклигини ҳисобга олиб, уларга қўпол муносабат қилмасликка чақирганлар. Шиша буюмларни эҳтиёткорлик билан ушлаш талаб қилинганидек, аёллар ҳам меҳр ва ҳурмат билан муомала қилишни талаб қилади. Ушбу ҳадис орқали Расулуллоҳ эркакларга ўз масъулиятларини англаш, оиладаги ва жамиятдаги аёлларнинг қадрини билиш лозимлигини таъкидлаганлар.

Исломда аёлларни қадрлаш ва уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу ҳадис нафақат аёлларга, балки ҳар бир инсонга ҳурмат ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлиш зарурлигини ўргатади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Энг яхши эркак – ўз аҳли-аёлига яхши муносабатда бўлганидир” деган сўзлари ушбу тамойилни янада юксакроқ даражада мустаҳкамлайди.

Бу ҳадисдан олинадиган сабоқлардан бири – бошқаларнинг эҳтиёжларини эътиборга олиш ва уларнинг ҳиссий ҳолатига нисбатан мулойим бўлишдир. Жамиятда инсонларнинг бир-бирларига юмшоқ муомала қилишлари, ўзаро ҳурматни устувор қўйишлари ҳаётдаги уйғунлик ва барқарорликни таъминлайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадислари орқали барча мусулмонларни ўзаро меҳрибонлик ва ғамхўрликка даъват этганлар.

“يا أنجشة رفقا بالقوارير” ҳадиси оилавий ва ижтимоий ҳаёт учун муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳадис оилада эркак ва аёл ўртасидаги ҳурмат ва меҳр-муҳаббатни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, у жамиятдаги аёлларнинг қадрини билиш ва уларга нисбатан юмшоқлик билан муносабатда бўлишга ундайди. Ушбу гўзал таълимотни ҳаётимизда қўллаб, ҳар бир инсонни ҳурмат қилиш, уларга меҳр кўрсатиш ва юмшоқлик билан муомала қилишга интилишимиз лозим.

 

 

Ярашев Ҳабиб – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси

 

"Имом Термизий" ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar