Доктор Заҳабийнинг “ат-Тафсир вал-Муфассирун” асари
Ат-Тафсир вал-Муфассирун асари тафсир илмини пайдо бўлиши, ривожланиши, муфассирларни тафсир китобларини таълиф этишдаги ўзига хос услубларини ва Аллоҳ таолонинг китобини шарҳлашда тутган йўлларини баён қилиб берган асардир. Ва яна бу асарда муаллиф замонавий тафсир китобларини турларини баён қилиб берган. Ва яна бу китобда тафсир китобларга тегишли баъзи бир масалаларни ҳам баён қилиб кетилган. Хусусан тафсир китобларига кириб қолган исроилиётларни ва муфассир Аллоҳ таолонинг каломини тушунишликда ёки тафсир китобини талиф этишликда агар исроилиёт хабарларига йўлиқса нималар унга лозим бўлиши ва уларни қабул қилишликда қандай шартларга амал қилишини баён қилиб берган.
Ушбу китоб мусулмонларга тафсир илмини мероси қанчалик кенг ва қадимий эканлигини билдириб ва тафсир илмини ўрганишликда фақат унинг бир ёки икки турига чекланиб қолмасдан барча турини ўрганишликка ундаган китобдир. Муфассирларни мазҳаблари ҳам бу тафсир китобларини талиф этишликда ўзига яраша ўрни борлигини билдириб беришлиги ҳам бу китобни ўзига хосилигига далолатдир.
Шуни таъкидлаб айтиш лозимки ушбу китоб тафсир илмидаги энг машҳур муфассирларни услубларини ва уларни Аллоҳ таолони каломини шарҳлашда тутган йўлларини баён қилиш билан бирга тафсир илмида ёзилган ботил тафсир китобларни ва уларни Аллоҳ таолони китобини шарҳлашда ботил йўлдан юрганини баён қилиб ундан огоҳлантирган китобдир. Ушбу китобни ўқиган одам тўғри ва ҳақийқий соф тафсирни ботилидан ажратиб олади.
Ушбу китоб муқаддима, учта боб ва хотимадан иборат. Муқаддимада учта мабҳас бор.
1-мабҳас: Тафсир ва таъвилнинг маъноси ва уларни ўртасидаги фарқ. Ушбу бобда муаллиф тафсир сўзини луғавий маноси қандай эканлиги ва унга Қуръони карим оятлари ва луғат китобларидан далиллар келтириб сўнг уни истилоҳий маъносини ёритиб берган.
2-мабҳас: Қуръони каримни бошқа тилга таржима қилиш. Бу мабҳасда муаллиф Қуръони каримни икки хил таржимасини зикр қилади.
Биринчиси, сўзма-сўз таржима, яъни каломни бир тилдан иккинчи тилга, назм ва тартибини, асл маънонинг сақланишини риоя қилган ҳолда ўгириш.
Иккинчиси, маънавий таржима (тафсир)дир. Бунда каломнинг маъноларини эркин усулда бошқа тил билан тушунтириб берилади. Назму тартибга риоя қилинмайди. Зарур ўринда мисоллар тариқасида ривоятлар келтирилади, тарихдан баён қилинади, фиқҳий ҳукмлар айтилади, турли хулосалар чиқарилади.
3-мабҳас: Қуръони карим тафсири у тасаввурот туриданми ёки тасдиқот туридан? Ушбу бобда муаллиф уламоларни тафсир илми у тасаввурот туриданми ёки тасдиқот туриданми деган ўриндаги турлича фикрларни келтиради. Улардан баъзилари тафсир илми тасввурот туридан десалар баъзилари тасдиқотлардан деган. Муаллиф бу борадаги ихтилофни лафзий, жузий масала эканлигини айтиб ўтади.
1-боб: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва саҳобалар даврида тафсир.
2-боб: Тобеинлар даврида тафсир илми.
3-боб: Тадвин даврида тафсир. Ушбу давр Бани Умайя халифалиги тугаб Аббосийлар халифалигини бошига тўғри келади.
Хотима. Муаллиф хотимада замонавий тафсир турлари ҳамда уларни энг машҳурларини келтириб ўтади. Улар:
- Илмий тур.
- Илоҳий тур.
- Мазҳабий тур.
- Адабий ижтимоий тур.
Буларнинг барчасига алоҳида тўхталиб ўтгач муаллиф ушбу китобини холис Аллоҳ розилиги учун бўлган амаллардан бўлишини сўраб дуо ила якунлайди.
Шуни таъкидлаш лозимки ушбу асарни ўқиган инсон тафсир илми боғига саёҳат қилгандай бўлади. ундан Қуръони карим илмига тегишли тўғри керакли маълумотни олиб нотўғри ва адаштирувчи маълумотлардан хабардор бўлади.
Мухторов Исроилжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar