МУҚАЛЛИДНИНГ ИЙМОНИ
Раддия
Аллоҳ таолога ҳамду сано Пайғамбаримизга саловоту саломларимиз бўлсин. Ҳозирги даврда мутлоқ мужтаҳид йўқлиги сабабли эътиқодий масалада ҳар бир мусулмон якка тартибда ижтиҳод билан шуғулланиши яхшимас. Чунки бугунги кунда мазҳаббошимиз Имом Абу Ҳанифага ўхшаш мужтаҳидларимиз йўқлиги боис, барча уламоларимиз тақлидни жоизлигига иттифоқ қилишган. Ўтган мужтаҳид уламоларимиздан кўплари тўрт мазҳабдан бирига тақлид қилганлар. Холбуки уларда етарлича илми асоси бўлган. Афсуски бу мужтаҳидларимизнинг илми одобини ололмаган “баъзи фирқалар” муқаллиднинг иймони дурустмас деяпдилар. Имом Аҳмад айтадилар: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Аҳли сунна ва салафи-солиҳлар қарашларини рад қилишдир”. Сирожиддин Уший айтадилар: Муқаллиднинг иймони қиличнинг темиридик (ёрқин) далилларнинг турлари билан эътиборлидир. Муқаллид – у билимсиз авом кишининг олимга илми, тақвоси ва эътиқоди сабабли эргашувчидир. Шаръий ишларда иккиланиш ва тараддудларсиз жазм йўлига кўра эътиқод қилинади, шунинг учун авомга тақлид жоиз бўлади. Уларнинг (авомнинг) ҳолатига ўхшаган илм толибларидан бўлган кимсалар ҳам модомики ижтиҳод чегарасига етиб бормаган бўлсалар, уларга тақлид жоиз бўлади. Демак тўрттала имом наздида тавҳид борасида, дин ишларида тақлид қилиш саҳиҳ имондир! лекин далил олишга қодир бўла туриб тарк қилса гуноҳкор бўлади. Имом ашъарий айтадилар: муқаллиднинг иймони дуруст бўлишининшг шарти ҳар бир эътиқодий масалани нақлий далилини ўрганиш билан бирга ақлий далилни ҳам билиши керак. Абу Ҳасан Рустоғний ва Абу Абдуллоҳ Ҳалимий бундай дейишади: “Мўмин барча масалаларни ақлий далил билан билиши шарт эмас. Аллоҳ таолони таниганидан сўнг эътиқодини Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларига асосласа, эътиқоди тўғридир. Мўминнинг имони дуруст бўлиши учун шу етарлидир. Чунки имон тасдиқ ва иқрордан иборатдир”.
Аллоҳ таоло барчаларимизни саҳиҳ муқаллидлардан қилсин. Ўзини ҳидоятидан адаштирмасин.
Насрулло Тўхтаев – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar