ОЛИМНИНГ ДАРАЖАСИ (2-қисм)
Аллоҳ таоло кейинги оятларда Одам алайҳиссаломни фаришталардан устун қилгани сабибини баён қилиш учун ҳар икки тамонни юзлаштирди ва устунлик илм тарафида еканини маълум қилиб шундай марҳамт қилди:
وَعَلَّمَ آدَمَ الْأَسْمَاءَ كُلَّهَا ثُمَّ عَرَضَهُمْ عَلَى الْمَلَائِكَةِ فَقَالَ أَنْبِئُونِي بِأَسْمَاءِ هَؤُلَاءِ إِنْ كُنْتُمْ صَادِقِينَ (31) قَالُوا سُبْحَانَكَ لَا عِلْمَ لَنَا إِلَّا مَا عَلَّمْتَنَا إِنَّكَ أَنْتَ الْعَلِيمُ الْحَكِيمُ (32) قَالَ يَا آدَمُ أَنْبِئْهُمْ بِأَسْمَائِهِمْ فَلَمَّا أَنْبَأَهُمْ بِأَسْمَائِهِمْ قَالَ أَلَمْ أَقُلْ لَكُمْ إِنِّي أَعْلَمُ غَيْبَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَأَعْلَمُ مَا تُبْدُونَ وَمَا كُنْتُمْ تَكْتُمُونَ (33)
Ва У зот одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилди. Кейин: "Агар ростгўйлардан бўлсангиз, анавиларнинг исмларини Менга айтиб беринг", деди. Улар: "Эй пок Парвардигор! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сенинг Ўзинг билувчисан ва ҳикматли зотсан", дедилар. У зот: "Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини айтиб бер", деди. Уларга ўша нарсаларнинг исмларини айтиб берган чоғида, "Мен сизларга осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар беркитмаган ва беркитган нарсаларни ҳам биламан демабмидим", деди.
Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, неъмати илоҳий бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин. Имом Самарқандий роҳимаҳуллоҳ тафсирларида бир қавлни келтиради: “Аллоҳ таоло одамни яратиши ҳақида фаришталарга айтганида улар: “Аллоҳ биздан афзалини яратмайди дейишганди”. Аллаҳ Одамни яратгач фаришталарга ким илмлироқ екани номаълум бўлиб қолди. Буни аниқлаш учун Аллоҳ Одамга илим берди ва фаришталардан маълум нарсаларни номини айтиб бериш талаб қиганида улар билмай қолди ва “Аллоҳим биз сен билдирган нарсаларнигина биламиз, бошқа илмимиз йўқ” дедилар. Аллоҳ Одам алайҳиссаломдан шу нарсаларни номини айтишни амр қилганида, у зот ҳамма нарсаларни номини айтиб бергач, ким олим экани маълум бўлди. Шу(илм) билан ким афзал экани маълум бўлди. Сўнг Фаришталарга Одам алайҳиссаломга сажда қилишни амр қилди. Бу ҳақида қуйидаги оятда айтилади.
وَإِذْ قُلْنَا لِلْمَلَائِكَةِ اسْجُدُوا لِآدَمَ فَسَجَدُوا إِلَّا إِبْلِيسَ أَبَى وَاسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنَ الْكَافِرِينَ (34)
Эсла, фаришталарга: "Одамга сажда қилинглар!" деганимизни. Бас, сажда қилдилар, магар Иблис бош тортди, мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди.
Фаришталарга саждани буюриб, Аллоҳ Одамга улкан мартаба ато этди. Аммо бу сажда ибодат учун эмас, балки Одамни-Аллоҳнинг улуғ ижодини табриклаш маъносида эди. Фаришталар дарҳол сажда қилдилар, чунки улар фитратида Аллоҳнинг амрига исён қилиш хусусияти йўқ. Фақат Иблис сажда қилмади. Шу билан кимнинг афзал екани ҳам маълум бўлди.
Аҳмедов Муҳаммадҳодий – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar