04.02.2025

ЭҲСОННИНГ МУКОФАТИ ЭҲСОН

Ҳозирги кунимизда айтишимиз мумкинки, бироз бўлса-да, қўни-қўшничилик борасида камчиликларимиз етарли. Ўз оиламиздан ортмаган ҳолда қўни-қўшнилар билан алоқаларимиз узоқлашиб бормоқда. Халқимизда “Узоқдаги қариндошдан ёнингдаги қўшни афзал”, деган гап бор. Қолаверса, яхши кунларимизда ҳам, оғир дамларимизда ҳам бизларга елкадош бўладиган қўшниларимиз экани айни ҳақиқат. Бу борада “Манҳал ҳадис” китобида келган ушбу маълумотларни келтириш ўринли бўлса керак:

عن أبى هريرة رضي الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال: 

"يا نساء المسلمات لا تحْقِرَنَّ جارة لجارتها و لو فرسن شاة"  

- رواه البخاري-

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Эй, муслима аёллар, бирингиз қўшнингизнинг ҳадясини паст санамасин. Гарчи у (ҳадя этилаётган нарса) қўй туёғи бўлса ҳам”.

Имом Бухорий ривояти

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи арзимас нарса билан бўлса-да, бахилликни кетказиб, дўстликни (ўзаро меҳр-шафқатни) уйғотувчи бўлган ҳадя улашишга қизиқтирмоқдалар. Шунингдек, тирикчилик ишларига кўмаклашиш, арзимас нарса бўлса ҳам ҳадя улашишга тарғиб қилмоқдалар. Чунки у яқинликка намоён қилувчи, кулфатни аритувчи, харажатларни камайтирувчи, берувчи ва олувчига осон ишдир. Ҳар вақт ҳам кўп ҳадя беришга қодир бўлинмайди. Бироқ оз-оздан бериб турилса, кўпга айланади. Шунинг учун ҳам бир аёл қўшни аёлнинг ҳадясини паст санамасин ва гарчи у арзимас бўлса ҳам хижолат қилмасин. У бераётган нарсаси отнинг ҳамда қўйнинг туёғи бўладими, фарқи йўқ.

Ушбу ҳадисдан мақсад – ҳадя қилишга ундаш ёки ҳадяни рози бўлиб қабул қилишга чақиришдир.

Биринчиси (ҳадя қилишга ундаш деган)нинг таъвили: Бир аёл қўшнисига ҳар қанча арзимаган нарса бўлмасин, уни ҳадя қилишни паст санамасин, деганидир.

Иккинчиси (ҳадяни рози бўлиб қабул қилиш деган)нинг таъвили: Қўшниси ҳар қанча арзимас нарса берса ҳам, паст санамасин, деганидир.

Ҳадис ушбу икки маънони ҳам қамраб олади, дейиш авлодир.

Қўйнинг туёғини зикр қилинишидан мурод – ҳақиқий туёқ эмас. Балки бу ерда оз нарсани ҳадя қилиш ва қабул қилишда муболаға ишлатилган. Чунки одатда туёқҳадя қилинмайди. Табиийки йўқдан кўра бор яхши.

Бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга хитоб қилдилар, ҳолбуки шариат ҳукмларнинг аксарида эркакларга хитоб бўлар эди. Бу ҳадисда аёлларга хитоб қилишининг сабаби – аёллар ғолибан ҳадя улашиш, олиш борасида бевосита иштирок этадилар.

Қўшни, деб келтирилишнинг сабаби ҳам ғолибан ва аксар ҳолларда қўни-қўшнилар ўртасида учрайди. Аслида наҳй барча ҳадя қилувчи ва қилинувчини, қўшни узоқ бўлса ҳам, бегона бўлса ҳам ўз ичига олади.

 

Хайрулло Мардонов – Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar