05.02.2025

БИЛМАЙМАН ДЕЙИШ ИЛМНИНГ ЯРМИ, ЁҲУД БИЛМАГАН СУКУТ ҚИЛСА ИХТИЛОФЛАР КАМАЯДИ

Аллоҳ Таоло айтади:

“Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: "Бу ҳалол, бу ҳаром", деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар”.

Наҳл сураси 116- оят

Абу Ҳурайра розияллоҳу анху ривоят қиладилар: 

"Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: "Ким мен айтмаган сўзни айтди деса жойини жаҳаннамдан тайёрлайверсин, кимга илмсиз фатво берилган бўлса, унинг гунохи фатво берганга," дедилар".

Абу Довуд сунанларида ривоят қилган

Убайдуллоҳ ибн Абу Жаъфардан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фатвога журъатли бўлганингиз дўзахга журъатли бўлганингиздир», дедилар».

Доримий ривоят қилган.

Шу Ҳадис борасида Имом Моликдан сўралганида; “Ўзи билмаган ва эшитмаган нарсани гапирган киши”, дедилар.

Абдурроҳман ибн Абу Лайло бир масалани сўраб билиб олиш учун бир юз йигирмата саҳобага мурожаат қилганини, уларнинг ҳаммаси ўзидан бошқадан сўрашни тавсия қилганларини ривоят қилган.

Умар розияллоҳу анху айтадилар; 

“Ким мен олимман деса у жоҳилдир”.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анху айтадилар: 

Илм уч қисмдан иборат, Бири Қуръон, иккинчиси Суннат, учинчиси билмайман дейишлик! 

Ибн Аббос розияллоҳу анху айтадилар: 

Агар олим билмайман деган сўзни тарк қилса, ҳалок бўлибди!

Ибн Муслим айтадилар: 

“Ибн Умар розияллоҳу анху билан ўттиз тўрт ой бирга бўлдим, кўп саволга “билмайман” деб, жавоб берардилар. Кейин менга юзланиб, булар нима хохлайди биласанми!? Бизнинг белимизни жаҳаннамга кўприк қилмоқчи, дердилар”.

Ибн Аббос розияллоҳу анхудан Ибн Масъуд Розияллоҳу анху нақл қилиб айтадилар: 

Одамларни ҳамма саволига жавоб бераётган киши мажнундир!

Али розияллоҳу анху минбарга чиқиб ваз қилаётган эдилар, бир киши савол сўради, У киши: “билмайман” деб, жавоб бердилар. Билмасанг минбарда нима қилаябсан? деди, У киши: Минбар баъзи нарсаларни билиб, баъзисини билмайдиганларнинг жойидир, ҳамма нарсани биладиган Зот самоъда! дедилар.

Шотибий Имом Моликдан ривоят қилади: 

Имом Моликдан қирқ саккизта масала сўралганида ўттиз иккитасига билмайман деб жавоб берди!

Имом Моликдан бир масала ҳақида сўралади, у киши: “билмайман” деб жавоб берадилар, Улар: “Бу енгил масалаку шуни ҳам билмайсизми?” дейишади, Ғазабланадилар ва илмда енгил нарса йўқ, Аллоҳ Таолонинг: “Албатта биз устингизга оғир сўзни туширамиз” деганини эшитмаганмисан!? Илмнинг барчаси оғир, айниқса қиёматда сўраладиган илм оғир, дейдилар!

Имом Молик Роҳимаҳуллоҳ айтади:

“Менинг фатво беришим мумкинлигига давримнинг буюк олимларидан етмиш нафари рухсат бермагунча мен асло фатво бермадим”. (бу вақтда у киши ўн етти ёшда эдилар).

Имом Молик Роҳимаҳуллоҳ айтади: “Гоҳида менга шундай саволлар келиб тушади таом ва шаробдан ва уйқудан тўсиб қўяди. Яна ўзи ҳақида айтади: Мен бир масала ҳақида ўн йилдан бери изланаман, ҳалигача бир қарорга келолмадим”

Имом Шабийдан Бир масала ҳақида сўралади, у киши: “билмайман” деб жавоб берадилар, “билмайман дейишдан уялмайсизми?  сиз аҳли ироқнинг фуқаҳоларидан бўлсангиз” дейишганида, У-киши: фаришталар ҳаё қилмадику улар “Ўзинг поксан! Бизда сен билдиргандан бошқа илм йўқ”, (бақара 32-оят) дейишди фаришталар ҳаё қилмаган нарсадан мен қандай ҳаё қиламан дедилар!

Илм денгизлари фатво беришдан шунчалик қўрқишган экан, Аллоҳ бизнинг ҳолимизни ислоҳ қилсин!

 

 

Мирзалиев Ислом – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1-босқич талабаси 

 

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar