
ДИНЛАР ТАЪЛИМОТИДА ТИНЧЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК МАСАЛАЛАРИ (1-қисм)
Тинчлик ва бағрикенглик ҳар қандай жамият тараққиётининг муҳим тамойилларидан биридир. Турли динлар ва маданиятларнинг бирга яшаши глобализатсия жараёнида янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Диний таълимотлар инсонларни тинч-тотув яшашга ундайди, зўравонликни рад этади ва ўзаро ҳурматни тарғиб қилади. Ушбу мақолада турли динларнинг тинчлик ва бағрикенглик ҳақидаги таълимотлари таҳлил қилинади.
Ислом динида тинчлик ва бағрикенглик
Ислом дини тинчлик ва адолатни асосий қадрият сифатида илгари суради. Қуръонда: “Эй инсонлар! Албатта, Биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик ва сизларни элатлар ва қабилаларга ажратдик, токи бир-бирингизни танишингиз учун” (Ҳужурот сураси, 13-оят). Бу оятда турли халқларнинг мавжудлиги инсонлар ўртасидаги адоватга эмас, балки ўзаро танишув ва ҳамкорликка хизмат қилиши лозимлиги таъкидланмоқда. Ислом шунингдек, бағрикенгликни ҳам тарғиб қилади. Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) Мадина жамиятида мусулмонлар, яҳудийлар ва бошқа дин вакиллари ўртасида тинч-тотув яшаш тамойилларини ўрнатганлар. Шунингдек, Қуръонда: “Динда зўрлаш йўқ” (Бақара сураси, 256-оят). деб келган бўлиб, бу оят ҳар бир инсон эътиқод танлашда эркин эканлигини билдиради. Ислом дини ҳеч кимни ўз эътиқодига мажбурламайди ва бошқа дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлишни буюради. Ислом дини фақатгина ўз издошларини эмас, балки бутун инсониятни тинчликка чорлайди. Ҳадисларда ҳам тинчлик ва бағрикенглик ҳақида кўплаб ҳикматли сўзлар келтирилган. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мусулмон – бошқа мусулмонлар унинг қўли ва тилидан озор кўрмайдиган кишидир” деганлар. Ислом шунингдек, ахлоқий бағрикенглик тамойилларини ҳам илгари суради. Пайғамбар (с.а.в.) ҳеч кимни ирқига, миллатига ёки жамиятдаги мавқеига қараб камситмаганлар. Бир ҳадисда шундай дейилади: “Сизларнинг орангизда энг яхшиларингиз – одоб-ахлоқ бобида энг яхши бўлганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти). Шунингдек, Видо хутбасида: “Арабнинг ажамдан, ажамнинг арабдан, оқнинг қора танлидан, қора танлининг оқдан ҳеч қандай устунлиги йўқ, устунлик фақат тақводадир” (Имом Аҳмад ривояти) деб марҳамат қилганлар. Муборак динимиз бошқа дин вакилларига нисбатан ҳурмат билан муомалада бўлишни таъкидлайди.
Замонавий дунёда Ислом бағрикенгликни инсон ҳуқуқлари, динлараро мулоқот ва тинч-тотув яшаш тамойиллари орқали илгари сурмоқда. Бугунги кунда кўплаб Ислом давлатлари ва ташкилотлари турли дин ва миллат вакиллари ўртасида мулоқотни ривожлантириш, адолат ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида ҳаракат қилмоқда. Шу боис Исломнинг бағрикенглик ҳақидаги таълимотлари бутун дунё учун долзарб аҳамият касб этади.
Христианликда тинчлик ва бағрикенглик
Христианлик диний таълимотида ҳам тинчлик ва бағрикенглик марказий ўринни эгаллайди. Исо Масиҳ таълимотида инсонларга меҳр-оқибат, душманларни кечириш ва уларга яхшилик қилиш буюрилган: “Душманларингизни севинг, сизни лаънатлаганларга дуо қилинг” (Матто 5:44). Шунингдек, Инжилда тинчлик инсоният ҳаётининг ажралмас қисми эканлиги таъкидланган: “Тинчлик яратганлар бахтлидир, чунки улар Худонинг болалари деб аталадилар” (Матто 5:9). Бу оятга кўра, тинчликка интилиш ва атрофдагиларга зарар етказмаслик христианликда муҳим фазилат саналади. Христианликда бағрикенглик масаласи муҳим ўрин тутади. Бу дин барча инсонларнинг баробарлигини таъкидлайди ва ирқий, миллий ёки диний фарқларга асосланган адоватни қоралайди. Христиан анъаналарида ҳам бағрикенглик ва меҳрибонлик тарғиб қилинган. Исо Масиҳ инсонларни бир-бирига меҳрибон бўлишга, муҳтожларга ёрдам беришга чақирган. Христианликда ҳам тинчлик фақат ташқи муҳит билан боғлиқ тушунча эмас, балки инсон қалбидаги хотиржамлик ва поклик билан ҳам чамбарчас боғлиқдир.
Христианлик тарихи давомида турли дин ва маданият вакиллари билан ҳамкорлик қилиш, диний бағрикенгликни сақлаш муҳим тамойиллардан бири бўлган. Католик черкови, православ черкови ва протестантлик оқимлари бағрикенгликни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Ватикан ва бошқа христиан ташкилотлари тинчликни таъминлаш йўлида фаолият олиб бормоқда. Шу билан бирга, христианлик бағрикенгликни фақат диний нуқтайи назардан эмас, балки ижтимоий адолат ва меҳрибонлик тамойиллари орқали ҳам қўллаб-қувватлайди. Христианлик инсон ҳуқуқлари, қашшоқликка қарши кураш ва заиф қатламларни қўллаб-қувватлаш масалаларида ҳам тинчлик ва бағрикенгликни илгари суради. Шунинг учун бугунги кунда христианлик тинчлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнайди.
Ярашев Хабиб – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar