25.08.2022

Ақида ва унинг аҳмияти!

  Ақида ҳозирги кунда тез-тез қулоғимизга чалиниб туради. Бу сўзнинг мазмун моҳияти нимадан иборат ўзи?

       Инсонннг ташқи амалларини ва ҳаёт йўлини, унинг ақидаси белгилайди. Бир сўз билан айтганда, ақида - ҳар бир инсоннинг ўз ички оламида тўғри деб қабул қилган қароридир. Кишининг ушбу қарори тўғри ёки нотўғри бўлишлиги мумкин. Инсон қалбидаги тўғри эътиқод уни яхшиликка етаклайди. Натижада киши ўзига, аҳли оиласига, қавму қариндошига, элу юртига эзгу ният билан яхшилик қилиб бошлайди, лекин ботил эътиқод қалбида жо бўлган киши қаерда бўлмасин фақат бузуқлик, камчилик, ихтилоф ва уруш жанжал пайида бўлади. 

       Кишининг ақидасининг нотўғрилиги унинг дунё ва охиратини хароб қилади. Дунё учун қилган ишлари салбий натижа берса, охират учун деб қилган амаллари ҳавога совурилади. Шунинг учун Сўфи Аллоҳёр ҳазратлари таъкидлайдилар ки:

Ақида билмаган Шайтона элдир,

Агар, минг йил амал деб қилса, елдир.

        Aқида инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки, киши Исломни қабул қилганидан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Лекин, мана шу эътиқод илмини қаердан олишлик ўта муҳим масала ҳисобланади. Чунки, мусулмон умматига биринчи қурол кўтариб қарши чиққан Хаворижлар айнан ақида бобида адашганлардир.

        Имом Термизий раҳимаҳуллоҳ «Шамоили набавия» асарида тобеъинларнинг улуғларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳнинг қўйидаги сўзларини келтирганлар:

إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم

"Бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар!"

       Ҳозирда Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан, интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораётгани маълум. Бу қувонарли ҳолат, албатта. Аммо, ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда Аҳли сунна вал жамоа ақидасига мувофиқ маълумотлар берилмайди.

Минг йилдан бери мусулмонларни бирлаштирган соф ақида асослари борасида оддий инсонларни шубҳага солиш ва ўзининг бузуқ ва ботил ақидасини тарқатишга уринишади. Қуйида уларнинг баъзиларини келтириб ўтамиз:

 Сохта салафийлар томонидан Аллоҳ таолони худди инсон каби “жони бор”, “қўли бор”, “юзи бор” дея даъволарни қилиб, аслида тилни тийишликка чақирилган масалаларда чуқур кетмоқдалар. Ваҳоланки, бундан минг йил аввал ўтган имом Мотуридий каби уламоларимиз айнан мазкур эътиқоддаги кишиларга илмий асосда раддиялар бериб, Аллоҳ таолога нисбатан бундай нотўғри эътиқодда бўлиш залолат эканини таъкидлаганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларини Аллоҳ таолонинг сифатлари борасида ғулувга кетишдан қайтариб шундай деганлар:

تَفَكَّرُوا فِي خَلْقِ اللهِ، وَلَا تَفَكَّرُوا فِي اللهِ

"Аллоҳнинг яратган мавжудотлари борасида тафаккур қилинг, Аллоҳнинг зоти ҳақида тафаккур қилманглар". - деганлар

Ҳозирда пайдо бўлган баъзи тоифалар Пайғамбар алайҳиссалом мақтаган аввалги уч асрда яшаб, таълим олиб, умматга пешқадамлик қилган Имом Абу Мансур Мотуридий ва Имом Ашъарий каби уламоларимиздан хато излаш пайида бўлмоқдалар. Ваҳоланки, неча асрлардан буён мусулмон олами бир овоздан имом Абулҳасан Ашъарий ва Имом Абу Мансур Мотуридийни Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олганлар.

Имом Муҳаммад Зоҳид Кавсарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

 “Имом Ашъарий ва Имом Мотуридий-машриқу мағрибда Аҳли сунна вал жамоа имомларидир. Уларнинг кўпсонли китоблари бор. Улар ўртасидаги фарқли масалалар асосан лафзийдир”

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салам шундай дейдилар:

فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ

"Агар ихтилофни кўрсангиз, катта жамоатни лозим тутинг"

Демак, биз кўпчилик тарафида бўлишимиз керак. Кўпчилик деганда ота-боболаримиз минг йилдан зиёд эътиқод қилиб, амал қилиб келган, ҳамда бугунги кунда диёримиз аҳли ва уламолари лозим тутган Ҳанафийлик мазҳабини тушунишимиз керак.

Аллоҳ таоло барчамизни ақидада адаштирмасин!

✍️Жамшид Исмоилов, Узун тумани “Абдураҳмон Жомий” масжиди имом ноиби

 


 

Izoh qoldirish

Izohlar