28.02.2025

ИХЛОС

Шариат истилоҳида “Аллоҳ таолога нисбатан барча амалларни холис Унинг Ўзи учун қилиш” маъносини англатади.

«Риё» сўзи эса кўз билан кўриш, назар солиш ва одамлар кўрсин маъноларини англатади.

Аллоҳ Таъоло айтади:

«(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон сураси, 23).

Яъни риёкор киши орқасига сафар учун озуқа ортиб олдим деб гумон қилиб, тупроқ ташиб кетаётган мусофир кабидир.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Келишига шубҳа бўлмаган кун – қиёмат куни Аллоҳ одамларни жамлаганда нидо қилувчи: «Ким Аллоҳ учун қилган амалига бирортани шерик қилган бўлса, савобини Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан талаб қилсин! Албатта, Аллоҳ шерикларнинг ширкидан беҳожатидир!» деб нидо қилади».

Термизий ривояти

Сусий роҳимаҳуллоҳ айтади:

«Ихлос – ихлоснинг зоҳирини йўқотишдир. Ким ўз ихлосида ихлосни кўрса, ихлоси ихлосга муҳтож бўлади».

Яъқуб роҳимаҳуллоҳ дейди: «Ихлос қилувчи одам яхшиликларини ҳам ёмонликларини беркитгани каби яширадиган кишидир».

Зуннун Мисрий айтади: "уч нарса ихлос аломатидир: кишига ўзгалардан келадиган мақтов ва мазамматнинг барибир бўлиши, амалида амал кўришни унутмоқ ва амаллар мукофотини фақат охиратда талаб қилмоқ".

Ибн Уяйна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан гапирса, дарс ҳалқасида турган ҳолида йиғлаб юборар эди. Лекин одамлар сезмасин, деб салласини кўзига тушириб олар ва: “Бу йўтал бунча қаттиқ бўлмаса”, – деб қўярди.

Довуд ибн Абу Ҳинд қирқ йил рўза тутди, лекин буни аҳли-аёли билмади. У ипакчи эди. Тушлигини ўзи билан ишга олиб кетар ва йўлда уни садақага қилиб юборарди. Ифторини эса уйга қайтгач, оила аъзолари билан кечки овқат вақтида қиларди".

Зайнул Обидин Али ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум вафот этди. Жасадини юваётган одамлар тананинг баъзи жойларида чандир ва яраларни кўрдилар. Улар бундан ажабланиб, сабабини сўрашди. У Зот ҳар тунда юзини беркитиб юзта фақирларнинг эшигини тагига озиқ-овқат қўйиб кетар эканлар.

У Зотнинг вафотидан сўнг фақирлар эҳсонни топмай қолишди.

Бишр ибн Мансур Роҳимаҳуллоҳ узоқ вақт ибодат қилди, сўнг салом бериб қараса бир киши кузатаётганини пайқади. У кишига: Менда кўрган нарсанг сени ажаблантирмасин, чунки шайтонҳам фаришталар билан фалон-фалон йил ибодат қилган оқибатда эса жаннатдан қувилди, деди.

Муҳаммад Мункадир айтади: “Мадинаи Мунавварада қурғоқчилик бўлди. Масжиди Набавийда Аллоҳдан дуо қилиб ёмғир сўрашди. Ёмғир ёғмади. Ўша кечаси мен кичиккина масжидда хуфтонни ўқидим. Сўнг ҳамма кетгандан кейин бир юпунгина кийинган одам келиб бир устуннинг тагида тонггача намоз ўқиди. Сўнг тонгга яқин қўлларини самога кўтариб: “Эй Аллоҳим! Бугун масжиди набавий аҳли сендан ёмғир сўрашди, Сен бермадинг. Аллоҳ, сен ёмғир берасан!”, деб қаттиқ эркаланиб дуо қилди. Мен унинг Аллоҳга бунақанги талабини кўриб ақли заиф бўлса керак деб ўйладим ва эътибор бермадим. Аммо у дуога кўтарган қўлларини туширмасданоқ ташқарида ёмғир томчилай бошлади. Ёмғир шу қадар ёғдики, мен эгним юпунлигидан ивиб кетмасдан уйга қандай етиб оламан деб ўйланиб қолдим. Шунда ҳалиги киши: “Эй Аллоҳим, нега мени дуоимни дарров ижобат қиласан, мен бир гуноҳкор қулинг бўлсам” деб йиғлаб яна дуо қилди. У одам бомдодни жамоат билан ўқидида уйига қайтди. Мен секин ортидан кузатиб бориб уйини тахминан билиб олдим. Сўнг эртаси куни кечаси яна шу ҳолат такрорланди. Яна ўша одам, ўша вақтда, ўша устуннинг тагида тонггача ибодат қилди, фақат дуосида ёмғир сўрамади. Мен яна унинг ортидан кузатиб бориб, уйини аниқ билиб олдим. Сўнг кундузи бориб у кишига бўлган воқеаларни гапириб бердим ва у инсон менга қарата “Нима деяпсиз, қандай дуо, Мени ким биландир адаштиряпсиз” деб ғазаблана кетди. Уйимга қайтдим. Учинчи куни тунда яна масжидда кута бошладим, аммо у келмади. Эртасига ҳам келмади. Охири уйига излаб бордим. Бир кампир чиқиб у йигитнинг касби косиб эканлигини ва иккимизнинг ўша кунги суҳбатимиздан кейин анжомларини йиғиштириб, бир халтага солиб уйдан чиқиб кетганини айтди.  Хуллас бутун Мадинанинг ҳар бир уйини излаб чиқдим,  топилмади. Мен у йигитни умримнинг сўнгига қадар кўрмадим”.

 

Мирзалиев Ислом - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1-босқич талабаси 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar