03.03.2025

МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙ УЙ-МУЗЕЙИДА ҚАНДАЙ АШЁЛАР САҚЛАНАДИ? (5-қисм)

Ноширлик намуналари

Маҳмудхўжа Беҳбудий ноширликда ҳам ўзига хос мактаб яратган. Навбатдаги экспозитсияда олим томонидан XX аср бошларида нашр қилинган "Самарқанд" газетасининг 45-сони ва "Ойна" журналининг бир неча сонлари намойиш этилмоқда. Музейнинг ноширлик хонаси интерерида асосий эътибор Беҳбудийнинг ноширлик фаолиятини ёритишга қаратилган. Туркистонда нашр ишлари билан дастлаб подшо Россияси статистика қўмиталари шуғулланган. Шу сабабдан 1868-йилдан 1910-йилгача нашрларнинг асосий қисмини рус тилидаги газеталар ташкил этган. XXаср бошида, аниқроғи, 1913-йилдан Беҳбудий ҳам матбуот ишлари билан шуғулланади. Ўша йил апрел ойидан рус-ўзбек ва форсий тилларда, ҳафтада икки марта, дастлаб икки, сўнг тўрт саҳифада "Самарқанд" газетасини чиқаради. 45-сондан кейин моддий танқислик туфайли газета чиқиши тўхтаган. Ўша йилнинг 20 августидан "Ойна" журналини чиқара бошлайди. Бу суратли ҳафталик журнал асосан ўзбек тилида бўлиб, унда ихчам форсий шеърлар, мақолалар, русча эълонлар бериган. "Нашриёти Беҳбудия" номи билан ўз хусусий нашриётини очади. Фитратнинг "Баёнои сайёҳи ҳинди" асарини 1913-йилда русчага таржима қилдириб нашр этади, Туркистон харитасини тузиб, босмадан чиқарди.

Музейда ноширлик фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ ашёлар ҳам намойиш этилмоқда. Улар "Самарқанд" газетаси, "Ойна" журнали, "Новий Самарканд" ("Янги Самарқанд", "Самарқанди Нав") газеталарини нашр этиш учун Самарқанд вилояти ҳарбий губернатори номига ёзилган ариза намуналари, Самарқанд вилояти ҳарбий губернаторининг нашрларга рухсат берувчи гувоҳномалардан иборат ҳужжат намуналари ва XIX аср охири XXаср бошларида Германиянинг "FORSTE & TROMMLEIPZIG" фирмасида ишлаб чиқарилган Эрон орқали Туркистонга олиб келинган, қўл ёрдамида ишлатиладиган литография дастгоҳидир. 

Бундан ташқари, музей экспозитсиясида Туркистондаги жадидлар сиёсий қарашларини акс эттирувчи ашёлар, варақалар, брошюралар, Беҳбудий ва бошқа маърифатпарварларнинг асарларини ҳам кўриш мумкин. Шунингдек, намойиш этилаётган экспонатларни ўзбек, рус, инглиз тилларида каталог ҳолида ҳам кўрса бўлади.

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar