
МАҲМУДХЎЖА БЕҲБУДИЙНИНГ ҲАЁТ ФАОЛИЯТИ
Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875-йилнинг 19-январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида муфтий оиласида дунёга келди. Отаси Беҳбудхўжа Солиҳхўжа ўғли туркистонлик, Аҳмад Яссавийнинг авлодларидан, она томонидан бобоси Ниёзхўжа урганчлик бўлиб, амир Шоҳмурод замонида (1780-1785 йиллар) Самарқандга келиб қолган. Оиладаги муҳит ундаги маърифат ва адабиётга бўлган қизиқишнинг тезроқ рўёбга чиқишига имкон туғдирди. Беҳбудийнинг отаси ислом хуқуқшунослиги бўйича йирик мутахассис бўлиб, бу борада кўплаб китоб ва рисолалар яратган эди. Бу ўз навбатида Маҳмудхўжага таъсир ўтказмай қолмади. У кейинчалик бу ҳақда сўзлаб, ҳатто мақолаларидан бирида отаси ёзган “Ҳидоя” ("Ислом ҳуқуқига шарҳлар") асарининг ўз тақдирида катта рол ўйнаганини алоҳида қайд этган.
Маҳмудхўжа Беҳбудий адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам жиддий шуғулланди. Газета ва журналлар орқали жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишиб борди. У Маккага бориш мақсадида араб тилини ўрганиб ислом тарихи ва назариясини билан шуғулланди. У 1899-йилда ҳажга борди ва муфтий унвонига эга бўлиб қайтди. Ҳаж баҳонасида Миср ва Истанбул шаҳарларида бўлди. Бу ерда давом этаётган ислоҳотлар сўзсиз унинг дунёқарашида бурилиш ясади. Сўнгра Қозон ва Уфа шаҳарларида бўлиб, Европа маданияти билан ҳам қизиқди. Ўша даврда Қозон ва Оренбургда чиқадиган араб имлосидаги журнал ва газеталар билан ҳамкорлик қилди. Унинг қатор мақолалари ҳам мазкур нашрларда чиқа бошлади. Мактаб, маориф ва маданият масалалари ҳамда маърифатпарварлик ғояларининг тарғиботи ушбу мақолаларнинг марказида турди. Хусусан, қрим татар алломаси Исмоил Гаспирали (Гасперинский) ва у бош муҳаррир бўлган “Таржумон” газетаси М.Беҳбудийни буюк маърифатчи ва ўзбек миллий жадидчилик йўналишининг отаси даражасига кўтарди. У 1914-йилда яна Туркия, Мисрга бориб, у ердан муҳим китоблар, ўқув қўлланмаларини олиб келади, янги усулдаги мактаб дастури устида ишлашга киришади. Бироқ, у турли тўсиқларга учраб “жадидлар раҳнамоси”, “даҳрий” деб эълон қилинади. Шунга қарамай у татар мутаффакири Исмоил Гаспиралининг маърифатчилик борасидаги таълимотини қўллаб-қувватлаб, ўз ўлкасида ҳам шундай ишларни амалга оширишга киришади ва кўп ўтмай маърифатпарвар сифатида ўз халқи ҳурматига сазовор бўлади. У бир қатор Шарқ ва Ғарб тиллари билан юксак маданият соҳиби бўлиши билан бирга, умуминсоний маданиятнинг толмас тарғиботчиси ҳам бўлган. Албатта, Беҳбудийнинг халқ ўртасида ортиб бораётган обрў-эътибори нафақат амирлик раҳбарлари, балки болшевикларнинг ҳам режа ва ниятларига зид эди. 1919-йилнинг 25-мартида Беҳбудий улар чақуви билан Шаҳрисабзда қўлга олиниб, сирли бир тусда Қаршида Саид Олимхон фармони билан қатл қилинди. Унинг қатли ҳақидаги хабар ўша пайтдаги пойтахт Самарқандга роса бир йилдан кейин хабар қилинади. 1920 йилнинг апрелида бутун Туркистон мотам тутди.
Манбалар асосида тайёрланди:
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ
1. Балдауф, Ингеборг. ХХ аср ўзбек адабиётига чизгилар / Ингеборг Балдауф. – Тошкент : “Маънавият”, 2001. – 72 б.
2. Яхшиликов, Ж., Убайдуллаева, Н. Жадидчилик ва Беҳбудий / Ж. Яхшиликов, Н. Убайдуллаева. – Тошкент : “Фан” нашр., 2004. – 188 б.
3. Behbudiy, Mahmudxo‘ja. Tanlangan asarlar / Mahmudxo`ja Behbudiy. Toshkent : Ma’naviyat, 2006. – 280 b.
4. Behbudiy, Mahmudxo‘ja. Tanlangan asarlar.1-jild / Mahmudxo`ja Behbudiy. – Toshkent : Akademnashr, 2018. – 512 b.
5. Behbudiy, Mahmudxo‘ja. Tanlangan asarlar. 2-jild / Mahmudxo`ja Behbudiy. – Toshkent : Akademnashr, 2018. – 321 b.
6. Раҳмат, Н. Жадид : Беҳбудийга бағишланган ҳикоялар / Нусрат Раҳмат. – Тошкент : “Noshirlik yog`dusi” нашр., 2020. – 296 б.
Izohlar