23.04.2025

БУЮК МУҲАДДИС МУСЛИМ ИБН АЛ-ХАЖЖОЖ

Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг тўлиқ исми Абул Ҳусайн Муслим ибн ал-Ҳажжож ибн Варад ибн Каршон ал-Қушайрий ан-Найсобурий бўлиб, унинг таваллуди ҳақида ҳар хил (204 ҳижрий) 819 мелодий, (206) 821 саналар келтирилса-да, кўпчилик тарихнавислар (масалан, аз-Заҳабий, Ибн ал-Асқалоний, Ас-Суютий ва бошқалар (204) 819 йил деб ёзганлар, Муслим ибн ал-Ҳажжожга  яқинроқ даврда яшаган араб тарихчиси Ибн Ҳалликон (1211 — 1282 йиллар) унинг (206) 821 йилда туғилганлигини таъкидлайди ва бу фикр ҳозирги замон тадқиқотчилари томонидан  қўллаб-қувватланган. Ибн Ҳалликоннинг ёзишича, у бу маълумотни Ибн Салоҳдан олганлигини, у ҳам ўз навбатида «Уламои амсор» номли машҳур асарнинг муаллифи ҳижрий тўртинчи асрда  яшаган (321—405 йиллар) ал-Ҳоким ан-Найсобурийдан кўчириб олганлигини таъкидлайди. Ўша даврда Нишопур илм-фан ва маданияти гуллаб-яшнаган шаҳарлардан бўлиб, Ёқут ал-Ҳамавий у ҳақда шундай ҳикоя қилади: «Нишопур—азим шаҳар ва турфа хил фазилатларга бой, фозилу фузалонинг кони, олиму уламонинг манбаи бўлиб, унингдек зиёрат (матнда тавоф)  қилинадиган шаҳарни ҳеч кўрганим йўқ». Ҳақиқатан ҳам Нишопурдан жуда кўп уламо етишиб  чиққан. Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг болалик йиллари ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилмаган. Олимларнинг тахминларича, ўша даврдаги таомилга кўра, у дастлабки таҳсилни ўз отаси ал-Ҳажжож ва бошқа уламолардан олиб, Қуръони Каримни ёд олган. Чунки  Ибн ал-Асокир «Дамашқ тарихи» асарида ёзишича, Муслимнинг отаси ўз даврининг етук олимларидан бўлиб, кўпчилик илм толибларига устозлик қилган. Ал-Заҳабий ўзининг «Тазкират ул-ҳуффоз» асарида «Муслим ҳадис илмини ўрганишни (218) 832 йилда бошлаган» деб ёзишидан хулоса қиладиган бўлса, у 12 ёшидан бошлаб, диний (энг аввало Қуръони Каримни ёд олиб, сўнг ҳадис ва бошқа) илмларни ўргана бошлади. Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг шундан кейинги ҳаёти, хусусан, унинг оилавий аҳволи (у  уйланганми ёки йўқми, уйланган бўлса, фарзандлари бўлганми) ҳақида манбаларда аниқ  жавоб кўрсатилмаган. Ҳар ҳолда Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг Абул Ҳусайн (Ҳусайннинг отаси) куняси билан аталиши унинг Ҳусайн исмли ўғли бўлганлигига ишорадир. Бу ўринда «Бағдод  тарихи» номли кўп жилдлик йирик асарнинг муаллифи, таниқли тарихчи ал-Хатиб ал-  Бағдодийнинг (1002—1071) Муслим ибн ал-Ҳажжож ҳақидаги қуйидаги ривояти унинг оилавий ҳаёти ҳақида муайян тасаввур беради: «Илмий-маърифий мажлисларнинг бирида Муслим ибн ал-Ҳажжож олдин сира эшитмаган пайғамбар алайҳиссаломнинг бир ҳадисларини айтиб  қолганларида, у дарҳол мажлисни тарк этиб чиқиб кетди. Уйига келгач, шамни ёқиб, уйдагиларига: «Менинг ҳузуримга сизлардан биронтангиз ҳам кирманглар», — деди. Улар:«Бизга бир сават хурмо ҳадя қилганлар» (келтирганлар) дейишди. «Саватни менга келтиринглар,—дегач, улар саватни унга тақдим қилдилар», — деб ёзади. Бу воқеа Муслим ибн ал-Ҳажжож ҳаётининг охирларида, унинг вафотидан бирмунча муддат олдин юз берган. Бу маълумотлардан сезилиб турибдики, Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг уйида бўлганлар, албатта,унииг хотини ва ўғил-қизлари бўлиши керак. Илм билан бир қаторда Муслим ибн ал-Ҳажжож яна бирор касб-ҳунар билан ҳам шуғулланганми, деган фикр туғилиши ҳам табиий. Бу саволга жавоб бериб айтиш мумкинки, у кийим-кечак сотиш билан ҳам шуғуллангани ҳақида манбаларда аниқ маълумотлар келтирилган. У Нишопурда тижорат билан шуғулланиб, ўзига тегишли кўпдан-кўп мол-мулк, бойликларга эга эди, деб ёзади араб тарихчиси ибн ал-Имод  ўзининг «Шазарат уз-заҳаб» («Олтин бўлакчалари») номли тарихий асарида. Ушбу фикр-мулоҳазалардан хулоса қилиш мумкинки, Муслим ибн ал-Ҳажжож ўзига тўқ, бадавлат киши бўлиб, илм олиш бора-сида ҳам, ёки турли шаҳарларда яшовчи машойиху устозлардан ҳадислар ўрганиш ва тўплаш жараёнида ҳам, узоқ-яқин жойларга сафарлари давомида ҳам молиявий қийинчилик кўрмаган. Муслим ибн ал-Ҳажжож ўз ҳаёти давомида Ироқ, Ҳижоз, Шом ва Миср каби мамлакатларда бўлган. Ҳадислар тўплаш иштиёқи кучли бўлганлигидан Муслим иби ал-Ҳажжож бир қанча юртларга саёҳатлар қилади, кўпдан-кўп устозу муршидларнинг мажлисларида бўлиб, улар суҳбатини олади, ҳадис соҳасидаги илмини оширади. Хусусан, Хуросоннинг турли шаҳарларида бўлиб, Қутайба ибн Саъийд, Яҳъя ибн Яҳъя ан-Найсобурий, Исҳоқ ибн Рахвия Башар ибн ал-Ҳакам кабилардан Ҳадис илмини ўрганади. — Райда Муҳаммад ибн Маҳрон ал-Жамол, Иброҳим ибн Мусо ал-Фарра, ал-Ҳофиз Абу Ғассоғ, Муҳаммад ибн Амр ар-Розийлар билан кўришди.

— Ироқнинг Бағдод, Куфа, Басра шаҳарларида бўлиб, Аҳмад ибн Ҳанбал, Убайдуллоҳ ал-Каворий, Халаф ибн Ҳишон ал-Базор, Абдуллоҳ ибн Аван ал-Ҳарроз, Сурийж ибн Юнус, Саъийд ибн Муҳаммад ал-Ҳурмий, Абдуллоҳ ибн Муслим ал-Каънабий, Абу Рабийъ аз-Заҳроний, Умар ибн Хафис ибн Ғиёс, Абу Ғассон Мо-лик ибн Исмоийл, Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Юнус кабилар суҳбатида бўлади. — Шом( (Сурия)да эса Муҳаммад ибн Холид ас-Саксакий, ал-Валийд ибн Муслимлар билан учрашади.

Ал-Ҳижозга қилган сафари давомида Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварани зиёрат қилади. Бу муқаддас шаҳарларда Исмоил ибн Абу Увайс, Абу Мусъаб аз-Заҳравий, Саъийд ибн Мансур, Муҳаммад ибн Яҳъя ибн Абу Умар, Абдулжаббор ибн ал-Аълолар билан кўришади. — Мисрда бўлганида эса Муҳаммад ибн Рамаҳ, Исо ибн Ҳамад ва Хармада ибн Яҳъя кабилар билан танишади. Бу буюк зотлардан ҳадис илмини ўрганади, янги-янги ҳадислар эшитади. Манбаларда Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг ушбу сафарларининг тартиби, яъни қайси шаҳарда қачон бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Тахминларга кўра зикр этилган шаҳарларнинг баъзиларида бир неча мартадан бўлган ва ўз юртига қайтгач, ҳадислардан дарс берган уламо мажлисида бўлиб, яна сафарларини давом эттирган. Чунончи, унинг Бағдодга келиши ҳақида кўпгина тарихчилар: «Муслим ибн ал-Ҳажжож Бағдодга бир неча марта келиб, ҳадислардан дарс берган. У Бағдодга (259) 872 йилда охирги марта келган эди», деб ёзишган. Шунингдек, манбаларда у 220 йилда ҳаж қилганлиги ва Маккаи му- каррамада ал-Каънабий ва унинг табақалари билан учрашганлиги ҳақида маълумотлар бор. Демак, у 14 ёшида ҳаж ибодатини адо этган, бундан кейин яна Маккани зиёрат қилгани ҳақида аниқ маълумотлар келтирилмаган. Ушбу баёнлар Муслим ибн ал-Ҳажжожнинг хорижий юртларга сафарлари ҳақида. Унинг шайхлари, яъни у ҳадис тинглаган устозлари, уламо тоифасига, ал-Ҳайсам, ибн Хорижа, Шайбон ибн Фарух Абу Шайбанинг ўғиллари Аби Бакр ва Усмон кабиларни ҳам киритиш мумкин.

У зот ҳадис илмида китоби “Саҳиҳ” деб тан олинган олтита имомларнинг биридирлар. Китоблари “Саҳиҳ Муслим” эса, Қуръони Каримдан кейинги ўринда турадиган китоблардан биридир. Имомнинг ҳадис илмидаги тутган ўринлари ва олий мартабаларга етишларига сабаб саҳиҳ китобларида бирорта зиёдалик ҳам, ноқислик ҳам бўлмаганлиги, бундан олдин ҳам, бундан кейин ҳам бунинг сингари тартибдаги китобни топилмаслигидир. 

Манбаалар асосида тайёрланди.

 

 

Мухторов Исроилжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқтувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar