
ҚУРЪОНИ КАРИМ ВА СУННАТДАГИ ЕНГИЛЛИК ТАЛҚИНИ
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا نَزَلَتْ هَذِهِ الْآيَةُ: }مَنْ يَعْمَلْ سُوءًا يُجْزَ بِهِ{ شَقَّ ذَلِكَ عَلَى الْمُسْلِمِينَ، فَشَكَوْا ذَلِكَ إِلَى النَّبِيِّ ﷺ، فَقَالَ: «قَارِبُوا وَسَدِّدُوا، وَفِي كُلِّ مَا يُصِيبُ الْمُؤْمِنَ كَفَّارَةٌ، حَتَّى الشَّوْكَةَ يُشَاكُهَا أَوِ النَّكْبَةَ يُنْكَبُهَا».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Ким ёмон иш қилса, жазоси берилади деган оят нозил бўлганида, бу мусулмонларга оғир ботди. Улар бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилдилар. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Меъёрда ҳаракат қилинглар ва тўғрига интилинглар! Мўмин кишига етган ҳар қандай мусибат — ҳатто бир тикан санчилиши ёки тўсиққа дуч келиши ҳам — унинг гуноҳларига каффорат бўлади», дедилар.”
Ҳадисни Имом Муслим ва Термизийлар ривоят қилганлар. Лафз Термизийга хос. Шарҳ эса Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг "Шарҳ Муслим" асаридан олинган.
Калима ва иборалар шарҳи (Имом Нававийдан):
- "Қоорибуу" (قَارِبُوا) — яъни ортиқча мувоффақият ёки мукаммалликни талаб қилманг, ҳаддан ошманг ва сусткашликка ҳам тушманг, балки ўртача ва меъёрли йўл тутинг.
- "Саддидуу" (سَدِّدُوا) — тўғрини мақсад қилинг, имконингиз доирасида ислоҳ ва тўғрилик йўлидан юринг.
- "Нукбата янкубуҳаа" (النَّكْبَةَيَنْكُبُهَا) — бу кичик тўсиқ, масалан оёғининг тойиши, тикан санчилиши ёки бармоғининг яраланиши каби оддий мушкулотларни англатади.
Ушбу ҳадис мусулмонлар учун илоҳий адолатнинг раҳмат ва енгиллик жиҳатини очиб беради. Оятда гуноҳ жазоси ҳақида хабар берилган бўлса-да, Пайғамбар алайҳиссалом бу оятни қандай тушуниш кераклигини баён қиладилар: бу дунёдаги ҳар бир оғриқ, қайғу ва мусибат мўмин банданинг гуноҳларини ювишга сабаб бўлади.
Шунингдек, у зотнинг "қоорибуу ва саддидуу" деган насиҳатлари мусулмонга меъёрли ҳаёт тарзини — ҳаддан ошмаслик, бироқ сусткашликка ҳам тушмасликни — асосий мезон қилиб беради.
Хулоса ва олинадиган фойдалар:
1. Қуръони карим оятларини тушунишда Суннатга мурожаат қилиш зарурати.
2. Ҳар қандай кичик мусибат мўмин учун гуноҳларига каффорат бўлади.
3. Динимиз ҳаддан ошишни эмас, меъёрни, мувозанатни буюради.
4. Мукаммаллик эмас, доимий тўғрига интилиш мақтовга лойиқ.
5. Банданинг ҳаётидаги ҳар бир оғриқ, ҳатто тикан санчилиши ҳам Аллоҳ раҳматидан нишонадир.
Аллоҳ таоло бизни ҳам бу тушунчаларга амал қиладиган, Суннатга эргашувчи ва қиёматда енгиллик топадиган бандалардан қилсин.
Валлоҳу аълам.
Ахмедов Муҳаммад Ходий – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий”ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar