ҚЎШНИГА ЯХШИ МУОМАЛАДА БЎЛИШ.
Аллоҳ таоло қўшниларга жуда кўп ҳақ-ҳуқуқ берган. Бу ҳақида бир неча ҳадисларда баён қилинган. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин. Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхшиликни гапирсин ёки жим турсин», дедилар».
Қўшнига озор бермаслик Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймон келтирган кишининг сифати, белгиси, аломатидир. Ким Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлса, Қиёмат кунидан умидвор бўлса, қўшнисига озор бермасин. Бу ва бунга ўхшаш жойларда Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига иймонни зикр қилиш таъкидлаб айтилаётган ишларга тарғиб муболағали бўлиши учундир. Аллоҳга бўлган иймон доимо У Зотга муҳаббат ила итоат қилишга чорлайди. Охиратга бўлган иймон эса савоб ва азобни эслаб туришнинг асосидир. Кимнинг охиратга иймони бўлса, яхшилик қилади ва ёмонликдан қайтади.Охират кунига ишонган кимсанинг Аллоҳ таолога итоат қилиши учун ҳаракат қилиши, гуноҳдан сақланиши ва бахтли ҳаёт кечиришига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ.
Бойлик жамлаш саодат эмас. Ҳеч ким тақводордек бахтли яшай олмас. Ўзи қилган барча ишлари учун жавоб беражагини ҳис этган ва охират кунига иймон келтирган киши сўзлари ва амалларига диққат этиши лозим. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил алайҳиссалом менга қўшни борасида шунча кўп насиҳат қилганидан уларни мерос олишга ҳам ҳақдор қилиб қўяди, деб ўйлаб қолдим”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти)
Абу Шурайҳ Хузоий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ таоло ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига чиройли муомала қилсин...”, дедилар.(Имом Муслим ривояти)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин!...”. (Имом Бухорий ривояти)
Қўшнининг ҳақларидан энг каттаси-унга ҳеч бир иши билан озор етказмаслик ва лозим бўлганида, ёрдамини аямасликдир. Қўшнига баъзи баъзида ҳадя бериб туриш, ғамига ҳам, хурсандчилигига ҳам шерик бўлиш ўта савоблидир. Айни дамда, қўшни молиявий ёрдамга муҳтож бўлганида, унга ёрдам бериш зарур. Чунки, муҳтож қўшнининг ҳолидан тез-тез хабар олиб туриш бошқаларига нисбатан зарурроқдир. Қўшниси оч қолганида, уни тўйдириш нафл эмас-фарздир. Шунингдек, мусулмон бўлмаган қўшни билан ҳам чиройли муомала қилиш лозим. Зеро, Абдуллоҳ ибн Умар ҳузурида бир эчки сўйилди. У кишининг бир яҳудий қўшнилари бор эди. У бот-бот оила аъзоларига гўшт тарқатишни яҳудий қўшнидан бошланглар, деб таъкидлаганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳасандан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин – одамлар ундан омонда бўлган кишидир. Билиб қўйингларки, муҳожир – ёмонликдан ҳижрат қилган кишидир. Билиб қўйингларки, мусулмон – қўшниси ундан саломат бўлган кишидир. Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир киши, агар қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмас экан, жаннатга кирмайди», дедилар».
Шарҳ: «Ислом», «мусулмон» сўзлари «саломатлик», «тинчлик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун «мусулмон – ўзга одамлар, хусусан, қўшниси унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахсдир», дейилмоқда. «Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳеч бир киши, агар қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмас экан, жаннатга кирмайди». Ҳадисдан қўшнининг ҳақлари, қўшнига ёмонлик етказмаслик, балки унга яхшилик қилишнинг нақадар улуғ амаллар эканини билиб олдик. Одамларга ёмонлик қилмаслик, зарар етказмаслик, уриб-сўкмаслик, жонига, молига, обрўсига путур етказмаслик – буларнинг барчаси иймон, Ислом, ҳижрат, яхшилик аломатлари экан. Қўшниларига ёмонлик қилиб юрадиган, қўшнилари унинг ёмонлигидан қўрқиб турадиган одам жаннатга кирмас экан. Ушбу ҳадисдан қўни-қўшнилар билан муомалани яхшилаш, уларга озор бермаслик вожиблигини ўрганиб олдик. Аллоҳ Таолонинг амрига Росулуллоҳнинг тавсияларига амал қилиб қўни-қўшнилар билан яхши муомалада бўлишни насиб айласин!
✍️ А.Олимов, Сариосиё туман "Мавлоно Абдулҳай" жомеъ масжиди имом хатиби
Izohlar