21.05.2025

Руқайя бинти Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам

Руқайя р.а Росулулоҳ с.а.в нинг иккинчи қизлари эди. У билан синглиси Умму Кулсумнинг орасидаги ёш фарқи оз эди. Зайнаб р.а Абул Оссга турмушга чиқиб кетганидан кейин икковлари бир-бирларига яна ҳам яқин бўлиб, қолишган эди. Муҳаммад с.а.в нинг катта қизларини Хадичанинг сингиллари келин қилганларидан кейин у кишининг амакилари кичик қизларига кўз тикиб қолдилар. Улар маслаҳатлашиб Абу Толибни совчи қилиб юборишди. У келиб, Руқайя ва Умму Кулсумни Абу Лаҳабнинг икки ўғли: Утба ва Утайбага сўради. Пайғамбар с.а.в оилалари билан маслаҳат қилганларидан кейин розилик бердилар. Шундай қилиб, Руқайя Утбага,  Умму Кулсум Утайбага никоҳланишди. Абу Лаҳаб исломга зарар етказиш мақсадида келинларини талоқ қилдирди. Кофирлар: Муҳаммадни қизлари билан овора қилиб қўйсак динига футур етади, деб ўйлашган эди. Утба ибн Лаҳаб Руқайя р.а ни бирга яшамай туриб талоқ қилди. 

         Росулуллоҳ с.а.в ўз даъватларида бардавом бўладилар ва қизлари ҳам ўз бахтларини топдилар. Усмон ибн Аффан р.а Росулулоҳ с.а.в дан Руқайя р.а ни жуфти ҳаололикка сўрадилар. У зот рози бўлдилар. Шундай қилиб, Усмон ибн Аффон ўзларига кейинчалик асосий сифат бўлиб қоладиган икки нурдан бирига ноил бўлдилар. Усмон ва Руқайянинг оила қуришлари ҳамманинг хурсандчилигига ва таҳсинига сазовор бўлди. Ўша пайтнинг шоирлари бу ҳақда қуйидаги маънода шеърлар айтишган экан:

Энг яхши жуфтки кўрмиш инсон,

Руқайя билан унинг ҳожаси Усмон.

Тўйдан кейин улар ўғил фарзанд кўришди. Уни исмини Абдуллоҳ қўйишди. Боланинг кўзини олти ёшида хўроз чўқиб олди. У хасталик туфайли вафот этди.

 Ҳижрий иккинчи сананинг рамазон ойида Бадр жанггига бориш учун фармонга биноан, Усмон ибн Аффон р.а жангга бормай, баданига тошма тошиб, хасталик тўшагига боғланиб қолган умр йўлдошлари Руқайя р.а га қарашлари лозим эди. Руқайя р.а хасталик туфайли бандаликни бажо келтирдилар. Усмон ибн Аффон  р.а ўзлари учун нур бўлган маҳбуба умр йўлдошларидан ажраб қолдилар .

Росулуллоҳ с.а.в. Руқайя р.а нинг жасадлари олдига келганларида Фотима р. а. ўша ерда йиғлаб ўтирган эдилар. У зот Фотима р.а. нинг кўзёшларини кийимлари билан артиб қўйдилар. Бу ҳазин манзарани кўрган оналаримиз  ўзларини тута олмай овозларининг борича  ҳўнграб  йиғлай бошладилар. Умар ибн Хаттоб р.а. зажр қила бошлаган эдилар Пайғамбар с.а.в: Кўздан ва қалбдан бўлгани Аллоҳдан  ва Раҳматдандир. Қўлдан ва тилдан бўлгани шайтондандир, дедилар.

Руқайя р.а. нинг жанозаларини Расулуллоҳ с.а.в. нинг ўзлари ўқидилар ва Бақийъга дафн қилдилар.[1] Аллоҳ таоло нубувват хонадонидаги барча қолган хонимлар розияллоҳу анҳунналардан рози бўлсин!

Mанбаалар асосида тайёрланди

 

Мухторов Исроилжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқтувчиси, 

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf.  Hadis vva Hayot. Nubuvvat xonadoni xonimlari. 25 juz. Sharq nashriyot-matbaa aksiyadorlik kompaniyasi. Bosh tahririyati. 2007. 6-386 betlar.

Izoh qoldirish

Izohlar