26.05.2025

МУЛЛА АЛИ ҚОРИЙ ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ ФАОЛИЯТИ

У зотнинг тўлиқ исмлари Нуриддин Абу Ҳасан Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий Ҳиравий сўнгра Маккийдир[1]. У зот Мулла Али Қорий номи билан халқ ичида танилганлар. “Қорий” номи билан танилишларига сабаб, у зот қироат илмларида моҳир бўлганлар. Шайх Муҳаммад Абдулҳалийм Нўмоний қуйидагиларни ёзадилар“Мулла Али Қорий Қуръони каримни Маккада буюк қорилар қўл остида ўқидилар. Қуръонннинг ҳифзини мустаҳкам қилдилар. Қуръонни имом Шотибий йўлига кўра ёдладилар. Шунингдек етти қироатнинг ҳамма важҳларини ҳам ўргандилар. Қуръонни тажвид, тартил билан чиройли ўқир эдилар. Шунинг учун ҳам “Қорий” номи билан халқ ичида машҳур бўлдилар”.

Аллома Мулла Али Қорий роҳимаҳуллоҳ Хуросон мамлакатидаги машҳур шаҳар Ҳирот шаҳрида туғилдилар. Ҳирот ҳозирги Афғонистон ҳудудига тўғри келади. Ҳиротда Қуръони каримни ёд олдилар. Бошланғич илмларни Ҳирот уламоларидан ўргандилар. Ўша пайтда Ҳирот темурийлар давлатидаги исломий маданият, илм-у маърифат энг гуллаб-яшнаган шаҳар эди. Сўнгра, у зот ўз шаҳарларидаги уламолардан кўп илмларни эгаллаганларидан кейин Маккайи мукаррамага кўчиб ўтдилар. Маккада ҳам уламолар мажлисларини ўзларига лозим тутдилар.

Аллома Мулла Али Қорий ислом шарияти илмларини ўрганишда кўплаб катта уламоларга шогирт бўлдилар. Улардан илм олиб, уларнинг тўлиб тошган булоқларидан сув ичиб, уларнинг қўлларида шогирт бўлган энг кўзга кўринган устозларидан қуйидагиларни санашимиз мумкин:

  1. Ибн Ҳажар Ҳайтамий роҳимаҳуллоҳ
  2. Али ал-Муттақий Ҳиндий роҳимаҳуллоҳ
  3. Миркалон роҳимаҳуллоҳ 
  4. Атийя Суламий роҳимаҳуллоҳ
  5. Абдуллоҳ Синдий роҳимаҳуллоҳ
  6. Қутбиддин Маккий роҳимаҳуллоҳ
  7. Аҳмад ибн Бадриддин Мисрий роҳимаҳуллоҳ

У зотнинг қўлларида жуда ҳам кўп шогиртлар таҳсил олган. Улардан қуйидагиларни санаб ўтишимиз мумкин:

  1. Абдулқодир Табарий роҳимаҳуллоҳ
  2. Абдураҳмон Муршидий роҳимаҳуллоҳ
  3. Шайх Муҳаммад ибн Фаррух Мўровий роҳимаҳуллоҳ
  4. Саййид Муаъззам Ҳасаний Балхий роҳимаҳуллоҳ
  5. Сулаймон ибн Софиюддин Яманий роҳимаҳуллоҳ

Имом Абдулҳай Лакнавий роҳимаҳуллоҳ у зотни шундай тавсифлайдилар: “Мулла Али Қорий чуқур илм ва юксак фазл соҳибидир”.

Шайх Муҳаммад Идрис Кандеҳлавий роҳимаҳуллоҳ у зотга шундай баҳо берган эдилар “Мулла Али Қорий буюк муҳаддис бўлиш билан бир қаторда ўта фазилатли киши эдилар. Замонларида ягона зот бўлганлар”.

У зотнинг қачон вафот этганлари тўғрисида ихтилофлар мавжуд. Буларнинг энг ҳақиқатга яқини у зот 1014-ҳижрий йилда вафот этганлар. Ҳикоя қилинишича, Миср уламолари у зотга атаб, Ал-Азҳар жомеъсида ғоиб жаноза намози ўқишган экан. Бу жанозага йиғилганларнинг сони тўрт мингта одамдан ошиб кетган экан.

Мулла Али Қорий роҳимаҳуллоҳ илмнинг ҳамма йўналишларида илмга тўла киши бўлганлар. Шунинг учун ҳам у зотни илмнинг турли йўналишларида китоб ёзганларини кўришимиз мумкин. У зотнинг тасниф қилган китобларининг сони борасида турли фикрлар бор. У зотнинг неваралари “Уларнинг сони уч юзтага етади”, деган. Баъзилар эса “107 тага етади”, дейишган. Яна бошқаларнинг фикрига кўра “Уларнинг сони 134 тага етади”, дейишган. Устоз Холил Иброҳим Қутлий ўзларининг “Имом Мулла Али Қорий ва у зотнинг ҳадис илмидаги ўрни” деган китобларида энг ҳақиқатга яқин гапни айтиб, “Уларнинг сони 148 тага етади”, деганлар.

Ҳозир биз бу таснифотлардан баъзиларини сизга зикр қиламиз:

  1. Шарҳи фиқҳул акбар
  2. Фатҳул бобул иноя
  3. Шарҳу шотибийя
  4. Шарҳу нухбатул фикар фи мусталаҳул ҳадис
  5. Мирқотул мафотиҳ шарҳи мишкотул масобиҳ 
  6. Шарҳу муснадул имом Абу Ҳанифа
  7. Шарҳу соҳиҳул Муслим
  8. Шарҳу жомеъус соғир

Бундан ташқари у зотнинг кўплаб рисолалари ҳам мавжуд. Жумладан Арбаъийнлар (қирқта ҳадис) борасида қуйидаги рисолалари бор:

  • Ал-Арбаун фи аҳадисул қудси;
  • Арбауна ҳадис мин жавамиул калим;
  • Жамъул арбаин фи фазли Қуръанил мубин;
  • Рофъул жунаҳ ва хофдул жанаҳ би арбаина ҳадис фи бабин никаҳ;

Қуйида бу арбаинларни яқиндан ўрганамиз: Ал-Арбаун фи аҳадисул қудси

Ал-Арбаун фи аҳадисул қудси китоби “Мажмуу росаилил аллама Мулла Али Қори”да келтирилган биринчи рисола. Китобда жами қирқта ҳадис ривоят қилинган. Уларнинг баъзиси Жаброил алайҳис салом воситасида, баъзиси ваҳий билан, бошқалари эса илҳом ва туш билан собит бўлган. Ҳадисни санадсиз тўғридан тўғри саҳобадан ривоят қилган ҳамда ҳадиснинг охирида мутақаддим уламолардан кимлар бу ҳадисни ривоят қилганини ҳамм баён қилган. Баъзи ўринларда ҳадиснинг ҳукмини ҳамм баён қилиб ўтган. 

Арбауна ҳадис мин жавамиул калим

Мулла Али Қори роҳомаҳуллоҳ бу рисоласида жавомиул калим деб ҳиоблаган қирқ битта ҳадисни ривоят қилган. “Мажмуу росаилил аллама Мулла Али Қори”да иккинчи рисола ҳисобланади. Ҳадислар санадсиз, шоба ҳам тушириб юборилган ҳолда, ҳадисдан аскари иккита калимадан, тўртта ҳадис иккитадан ортиқ калимадан, 37-ҳадис битта "لا تغضب" “Ғазабланма” сўзидан иборат. Аллома ҳадисларнинг ортидан ҳадисни ким ривоят қилганини ҳам баён қилган. Ҳадисларга ҳукм айтмаган.

Жамъул арбаин фи фазли Қуръанил мубин

Аллома бу рисолада Қуръону карим, Қуръонни ўрганган ва ўргатганларнинг фазилати ва шунга ўхшаш мавзуда жами қирқта ҳадис ривоят қилган. Ҳадисларни санадини тушириб, фақат саҳобийнинг ўзини зикр қилган. Баъзи ҳадисларнии марфу тарзда, баъзиларини эса мавқуф тарзда ривоят қилган. Ҳадисларнинг лафзларида ихтилоф бўлса баён қилиб ўтган ва ҳадис қайси муҳаддис ривоят қилганини зикр қилган.

Рофъул жунаҳ ва хофдул жанаҳ би арбаина ҳадис фи бабин никаҳ

Бу рисолада никоҳга доир жами қирқта ҳадис ривооят қилган. Ҳар бир ҳадисни "قال رسول الله" деб бошлаб, охирида ривоят қилган саҳобани ва ҳадис қайси муҳаддис ривоят қилганини зикр қилган. Мулла Али Қори роҳомаҳуллоҳ бу тўрт арбаинини турли мавзуларда бир-биридан фарқли кўришда ҳадисларни жамлаган.

Абул Фазл Муҳаммад ибн Исо ал-Фадоний ал-Маккий айтади: “Исмоил ибн Абдулғофур ал-Фарисийнинг Арбаинлари етмиштага етди[2]”. Арбаинлар юқорида айтганимиздек ҳадис фанида энг кўп китоб ёзилган услуб ҳисобланади ва ҳалигача давом этмоқда.

Хулоса

Мулла Али Қорий роҳимаҳуллоҳ ўз замонасининг етук алломаларидан бири бўлиб, Қуръон қироати, ҳадис, фиқҳ ва бошқа кўплаб исломий фанлар бўйича чуқур илм эгаси бўлганлар. У кишининг илмга бўлган иштиёқи, Ҳиротдан Маккага ҳижрат қилиши, буюк устозлар қўлида таҳсил олиб, ўз даврининг машҳур муҳаддис ва фақиҳларидан бўлиши у зотнинг юксак илмий мақомини кўрсатади. Мулла Али Қори кўплаб асарлар муаллифи бўлиб, улар бугунги кунгача аҳамиятини йўқотмаган. Айниқса, у кишининг турли мавзуларда жамланган “Арбаъин”лари ҳадис илмидаги бетакрор меҳнат маҳсули ҳисобланади. У кишининг ижоди ва илмий мероси мусулмон оламида чуқур ҳурмат ва эътибор билан қаралади ҳамда исломий тафаккур тараққиётида муҳим ўрин эгаллайди.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати.

  1. Doktor Mustafo va doktor Muhyiddin. Al-Vafiy fi sharhi arbaini Navaviy. “Dorul Mustafo” nashriyoti. 2007. 410. B.
  2. Abu Tohir Silafiy. Kitabul arbain. “Maktabatu Abu Tohir Silafiy” nashriyoti. Muhaqqiq Mas’ud ibn Abdulhamid. 186. B.
  3. Abul Fazl Muhammad al-Makkiy. Al-Arbauna hadis. Bayrut. “Dorul bashoirul islamiyya” nashriyoti. Y. 1987.    B.
  4. Mulla Ali Qori. Al-Arbaun fi ahadisul qudsi. Dorul lubob. 2016. 20. B. 
  5. Mulla Ali Qori. Arbauna hadis min javamiul kalim. Dorul lubob. 2016. 16. B.
  6. Mulla Ali Qori. Jam’ul arbain fi fazli Qur’anil mubin. Dorul lubob. 2016. 17. B.
  7. Mulla Ali Qori. Rof’ul junah va xofdul janah bi arbaina hadis fi babin nikah. Dorul lubob. 2016. 17. B.

 

 

             Хусанбоев Олимжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

 


 

[1] Mulla Ali Qoriy birinchi Hirotda yashaganlar. So’ngra Makkayi mukarramada yashaganlar. Ulamolar bir kishi bir shaharda to’rt yil yashasa uni o’sha shaharga nisbat bersa bo’ladi deyishgan. Shuning uchun ham u zotga birinchi o’zlari tug’ilib o’sgan Hirot shahriga nisbat berilayapti. So’ngra, Makkada yashaganlari uchun Makkiy nisbati ham berib qo’yilayapti.

[2] Abul Fazl Muhammad al-Makkiy. Al-Arbauna hadis. Bayrut. “Dorul bashoirul islamiyya” nashriyoti. Y. 1987.    B. 

Izoh qoldirish

Izohlar