
МУАММОНИНГ ЕЧИМИ НИМАДА?
Инсонларни икки жинсда яратиб, эркак ва аёл жинсини яратилиш ҳилқатини ўзига хос, бир-бири билан ҳаёти тўкис бўладиган ҳолатда қилиб, сўнгра никоҳланиб яшашни Набийсининг суннати қилган ва ниҳоят исломга мувофиқ шаръий никоҳни ибодат[1] қилган ва унга савоблар берувчи Зот Аллоҳ Таолога туганмас ҳамд ва санолар бўлсин. Никоҳланиш суннат[2] эканлигини баён қилган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом ва салобватлар бўлсин.
Инсон дунёга бир марта келар экан, ушбу ҳаёти имтиҳон дунёси эканлигини, имтиҳондан гўзал тарзда ўтиб олиши лозимлигини Аллоҳни таниган кишилар яхши биладилар. Чунки мусулмон киши унга инъом этилган ҳар бир неъматдан сўралишини яхши англайди. Аллоҳ берган нематлардан бири оиладир.
Ўртача 50 ёшдан кўпроқ умр кўрадиган кишиларнинг ҳаёти давомида энг кўп муомала қиладиган, умрини бирга ўтказадиган, машаққатли ва ҳурсандчилик кунларида доим бирга бўлиб турган кишиси умр йўлдоши бўлади. Диёримиз қадрятлари ва этиқодий қарашлари азалдан гўзал бўлиб келган. Оилавий қадрятлар мустаҳкам “арқон” билан боғланади.
Замон шиддат билан ривожланиб, техналогия асрида яшар эканмиз оила билан боғлиқ парадох ҳолат кўзга ташланади. Ўтган асрнинг 80-йилларигача турмуш қурган кишиларнинг аксари тўй ва никоҳ маросимидан сўнг умр йўлдошини кўрганини такидлашади, шу билан бирга юқорида айтилганидек, оила “арқони” мустаҳкам. Ҳозирги кунда никоҳланаётганлар, асосан, кўриб-билиб, синаб, ўзи рози бўлиб, танлаб турмуш қўришади. Лекин, қизиқ ҳолат шундаки, уларнинг каттагина қисми ажрашиб кетишмоқда. “Бунинг сабаби нимада?”, “Муаммонинг ечими нимада?” – деган саволлар пайдо бўлади. Ваҳоланки, таниб-билиб турмуш қурган кишиларнинг оиласи мустаҳкам бўлишини тақазо этади.
Баъзи сайтларнинг статистик маълумотларига кўра, 2024-йил давомида Ўзбекистонда расмий никоҳдан ўтганлар сони 290 минг атрофида. Ажримлар сони эса, 46 минг атрофида. Бу дегани, тахминан ҳар 6-7 та никоҳдан биттаси ажрим билан тугаган. 2025-йил январ ойидан бери, айтилишича таҳминан ҳар 5 та никоҳдан бири бузулиб кетаётгани маълумоти бор.
Бу ва бунга ўхшаш ҳолатларни олдини олишнинг йўлларидан бири, турмуш қурмоқчи бўлган ҳар бир шахс – эркак ҳам, аёл ҳам никоҳдан кейинги ўз мажбуриятлари ва ҳуқуқларини билсалар, оилавий можаролар ва ажримларга сабаб бўладиган ҳолатлар камайиши мумкин. Бунинг учун турмуш қураётган шахслар оила – муқаддас ришта, масъулият, ўзига хос Аллоҳ ҳузирида жавобгарлик эканини ҳис қилиши керак. Қуйида эркак ва аёлга тегишли бўлган оила олдидаги баъзи ҳуқуқ ва бурчларини келтириб ўтамиз.
Эрнинг хотиндаги ҳақлари қуйидагича баён қилинган:
1. Аёл киши ҳузурида эри бор вақтда унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим.
2. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги шарт.
3. Аёл киши эри хоҳлаган вақтда шаръий узр бўлмаса, унинг нафсий эҳтиёжини қондириши керак.
4. Хотиннинг эрга итоат қилмоғи.
5. Аёл киши ўз эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтказмаслиги керак.
6. Эрга нисбатан барча ишларда яхши муомалада бўлмоқлик.
7. Эр хотинига одоб бериш ҳақига эга.
8. Шофеъий, Моликий мазҳабларида аёлнинг узрли кунлари ва жунубликдан кейин ғусл қилиш ҳақи ҳам эрнинг хотиндаги ҳақларидандир.
9. Эр маҳри муъажжал[3]ни адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақига эга.
Эрнинг одоблари:
1. Эр тўй қилиши мустаҳабдир.
2. Эр хотинига ҳусни муомалада бўлиши ва унинг озорларига чидаши лозим.
3. Эр ҳазил-мутойиба ва кўнгилхуши билан аёлини эркалатиб туради.
4. Ҳазил-мутойиба ва кўнгилхушликга ўхшаш ишларда мўтадил бўлиши шарт.
5. Рашк қилишда мўтадил бўлиши керак. Беҳудага рашк қилмайди.
6. Нафақада мўтадил бўлиши зарур. Жуда қисиб ҳам қўймайди, исрофга йўл ҳам қўймайди.
7. Эр аёлнинг узрли кунлари ва ҳолатларига ўхшаш нарсаларнинг шаръий ҳукмларини ва бошқа диний илмларни ўрганиб, аёлига ҳам ўргатиши керак.
8. Эр хотини билан бўладиган тўшак муносабатларини барча ҳукм ва одобларини яхшилаб ўрганиб, уларга амал қилиши керак.
9. Эр бола туғилганда қилиниши лозим бўлган барча амалларни яхшилаб ўрганиб татбиқ қилиши матлуб ҳисобланади.
10. Эр талоқ масалаларини яхшилаб ўрганиши, талоқ сўзини айтишга зинҳор шошилмаслиги лозим.
Хотиннинг эрдаги ҳақлари икки қисмга бўлинади.
1. Молиявий ҳуқуқлар.
2. Муомалавий ҳуқуқлар.
Молиявий ҳуқуқлар маҳр ва нафақадан иборат.
Бу икки ҳақ алоҳида баҳс, ўрганиш зарур бўлган нарсалардир.
Муомалавий ҳуқуқлар эса, эрнинг хотин билан яхши яшаши, унга гўзал муомала қилиши ва адолатли бўлишидан иборатдир. Бунга аёлни нафсий маънода қондириш, шариатга хилоф равишда яқинлик қилмаслик каби масалалар ҳам киради. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хотиннинг эрдаги ҳақлари қуйидагилардан иборат:
1. Маҳр.
2. Нафақа.
3. Нафсий (сирли муносабатларда) қондириш.
4. Эр-хотинлик сирли муомалаларида мутлақо шариатга зид иш қилмаслик.
5. Фарзанддан сақланиш борасида хотиннинг изнисиз иш тутмаслик (бу азл масаласи дейилади).
6. Яхшилик ила турмуш ўтказиш.
Хотиннинг одоблари:
1. Уй ишларини қилиб, уй шароитини яхшилашга ҳаракат қилиш.
2. Қўни-қўшни, таниш-билиш аёллар билан бекорчи гапларни кўпайтириб, рўзғор ишларига футур етказмаслик.
3. Эри ғойиблигида ҳам унинг ҳурматини қилиш.
4. Барча ишларда эрининг хурсандчилигини ўйлаш.
5. Эрининг нафсига ва молига хиёнат қилмаслик.
6. Эрининг рухсатисиз уйдан чиқмаслик.
7. Кўчага чиқиш зарур бўлганда ясанмасдан камтарлик ила чиқиш.
8. Оиласи ва ўзининг керакли ишларига алоҳида эътиборли бўлиш.
9. Эрининг рашкини келтирадиган ишларни қилмаслик.
10. Эрининг топганига қаноат қилиш.
11. Ўзининг ва уйининг озодалигига аҳамият бериш.
12. Эрига ва болаларига меҳрибон бўлиш.
13. Оила аъзоларининг айбларини беркитиш.
14. Эри билан айтишмаслик.
15. Болаларни қарғамаслик.
16. Ўзининг ҳусни жамоли ила эрига фахрланмаслик.
17. Эри борида кўнгилхуши ишларини қилиш.
18. Эрига озор бермаслик.
19. Эри ўлганда тўрт ою ўн кун мотам (идда) тутмоқ.
Ризаев Ғайрат - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Имом Шофеийдан бошқа уламолар никоҳни ибодат деганлар.
[2] Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепмоқлик, сивок ва никоҳ», дедилар». Аҳмад ва Термизий роҳматуллоҳлар ривоят қилган.
[3] Аёлга маълум муддатдан кейин берилиши белгиланган маҳр тушунилади.
Izohlar