28.05.2025

Нажмиддин Кубро: Мовароуннаҳр уламоларининг йирик намоёндаси

Марказий Осиё ислом илм-фани ва тасаввуфи ривожида муҳим ўрин тутадиган минтақа ҳисобланади. Шу заминда етишиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири — шайх Абул Аҳмад ибн Умар ан-Нажмиддин ал-Кубро (в. 618/1221). Унинг илмий мероси ва тарбиявий мактаби нафақат ислом олами, балки бутун дунё маънавият тарихида ҳам муҳим ўрин тутади.

Илмий-маърифий фаолияти

Нажмиддин Кубро Хоразмда туғилиб, яшаган ҳамда асосий фаолиятини шу ерда олиб борган. У дастлабки таълимни маҳаллий мадрасаларда олган. Кейинроқ Ироқ ва Хуросонда ҳадис, тафсир, фиқҳ, мантиқ ва калом фанларини ўрганган. У тасаввуф илмларини шайх Абдулазиз Маҳдуми Назира ва бошқа муршидлардан олган.

Унинг асарлари ичида “Фавоиҳ ал-жамол ва фавотиҳ ал-жалол”, “Усул ал-ашара”, “Рисолатун фи адаб ас-соликин” каби манбалар тасаввуфда назарий ва амалий тарбия методларини белгилаб берган.

Нажмиддин Кубро асарлари тасаввуф назариясида туб бурилиш ясаган. У тасаввуф психологияси, зикр жараёнидаги руҳий ҳолатлар, қалб ва нафс ўртасидаги муносабатлар каби мавзуларни илмий асосда таҳлил қилган илк сўфийлардан ҳисобланади.

Унинг таълимотида қалб тозалиги, нафсни тарбиялаш, зикрнинг маънавий таъсири ва шайх-мурид муносабати каби масалалар муҳим ўрин тутади.

          Кубравийа тариқати ва унинг таъсири

Нажмиддин Кубро томонидан асос солинган Кубровия тариқати кейинчалик Марказий Осиё, Эрон, Ҳиндистон ва ҳатто Анадолуда кенг тарқалди. Бу тариқат зикр, руҳий таҳорат, илм ва амал бирлигига асосланади.

Кубровия мактабида чуқур тафаккур ва руҳий тарбияга катта эътибор берилган. Нажмиддин Кубронинг шогирдлари орасида Саъдуддин Ҳамавий, Нажмиддин Дайламий, Аминуддин Бағдодий каби мутафаккирлар бор.

              Сиёсий ва ижтимоий фаоллиги

Нажмиддин Кубро фақат руҳий тарбиячи эмас, балки жамият ҳаётида ҳам фаол иштирок этган шахс эди. 1220–1221 йилларда Чингизхон юришлари пайтида у Хоразмни тарк этмай, халқ билан бирга қолиб она юртини ҳимоя қилишда барчага намуна бўлди. У ватан ҳимояси йўлида ўз шогирдлари билан душманга қарши курашга чиқди ва жангда ҳалок бўлди.

Унинг юрт учун жон фидолиги сўфийлик фақат хилват ва зикр билан чекланмаслиги, балки халқни муҳофаза қилиш, фидокорлик ва жасоратни ҳам ўз ичига олишини кўрсатади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Нажмиддин Кубро нафақат сўфий шайх, балки асл уламолик даражасига етган мутафаккир, мураббий ва фидоий инсон эди. Унинг фикрлари бугунги кунда ҳам ахлоқий тарбия, руҳий соғломлик ва маънавий камолот йўлида муҳим аҳамиятга эга.

Ислом таълимоти ва тасаввуфни ёшларга етказишда Нажмиддин Кубро мероси таълимий жараёнлар учун ҳам ибрат манбаи бўлиб хизмат қилиши керак.

 

 

Чоршанбиев Холмурод – Таълим муассаса АРМ бош мутахассиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar