30.05.2025

ҲАЖНИНГ НОЗИК СИРЛАРИ

Аллоҳ таолога етишиш, розилигини топиш учун бутунлай Унинг Ўзини кўзлаган ҳолда ажраб чиқиш керак бўлади. Шунинг учун ҳам қадимги роҳиблар Аллоҳ таолога етишиш мақсадида ҳамма нарсадан ажралиб, тоғларга чиқиб кетишар эди.

Исломда роҳиблик йўқ. Аммо, таққослаш учун айтадиган бўлсак, Ислом умматининг роҳиблиги ҳаждир. Ҳаж ибодатини адо этмоқчи бўлган банда барча шаҳват-лаззатлардан, алоқа ва машғулотлардан, ҳатто одатдаги кийимларидан ҳам ажралиб чиқади. Ҳаж ибодатини адо этмоқчи бўлган ҳар бир кишининг иложи борича қуйидаги нозик сирлардан хабардор бўлгани мақсадга мувофиқдир.

Аввало, ҳажнинг моҳиятини фаҳмлаб етиши лозим. Яъни, ҳажнинг диндаги ўрнини фаҳмлаган одамнинг унга шавқи ортади ва ҳаж қилишга азму қарори кучаяди.

Ҳажнинг ҳар бир амалида маълум бир эслатма ва ибрат бор:

1. Ҳажга керак бўладиган нарсаларни жамлаганда охиратга керак бўладиган нарсаларни эсига олсин.

2. Эҳромга кираётганда, оддий кийимларини ечаётганда кафанни ва Роббига бу дунё кийимларидан бошқача кийим билан рўбарў бўлишини эсга олсин.

3. «Лаббайка»ни айтишни бошлаганида Аллоҳ таолонинг чақириғига жавоб бераётганини эсга олсин ва қабулни умид қилиб, қабул бўлмай қолишдан қўрқсин.

4. Ҳарамга етганда уқубатдан омон қолишни умид қилсин ва яқинлардан бўлмай қолишдан қўрқсин. Аммо бунда умидворлик ғолиб бўлсин.

5. Байтуллоҳни кўрганида қалбида унинг улуғворлигини ҳозир қилсин ва Аллоҳ таолога Ўзининг меҳмонлари мартабасига эриштиргани учун шукр қилсин ҳамда Байтуллоҳни тавоф қилиш улуғворлигини ҳис қилсин.

6. Ҳажарул-асвадни истилом қилган (уни қўли билан ушлаган ёки ишора қилган) пайтида Аллоҳ таолога итоатга байъат қилганига эътиқод қилсин ва бу байъатга вафо этишга азму қарор қилсин.

7. Каъбаи Муаззаманинг пардасига осилганида ва Мултазамда турганида гуноҳкорнинг хожасининг паноҳига қочганини эсласин.

8. Сафо ва Марва орасида саъй қилаётган пайтида уларни «тарозининг икки палласи» деб ўйласин. Уларнинг орасида бориб-келишини «қиёматнинг аросати» деб ўйласин.

9. Арафотда турганида, одамларнинг издиҳомини кўрганида, овозларининг кўтарилишини эшитганида, тилларнинг турли-туманлигини билганида қиёмат мавқифини, унда халойиқнинг жамланишини ва шафоат сўрашларини эсга олсин.

10. Тош отиш пайтида фармонга сўзсиз бўйсунишни, қулликни намоён қилишни ва фармонни сўзсиз бажо қилишни қасд қилсин.

11. Қурбонлик сўйиш пайтида бу ишнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг энг муҳим турларидан бири эканини, қурбонликнинг ҳар бир бўлаги эвазига қурбонлик қилувчи жасадининг бир бўлаги дўзахдан халос бўлишини эсласин.

Ҳаж сафарига чиқувчига тавсиялар:

Муборак ҳаж сафарига тайёргарлик кўраётган кишига ҳаж китобларида қуйидаги кўрсатмалар берилади:

1. Ҳаж сафарига отланувчи киши ўзидан кўнгли ранжиган кишиларнинг кўнгилларини овлаши, уларни рози қилиши зарур.

2. Одамлар билан муомалани тўғрилаши.

3. Бирор кишига зулм қилган бўлса, ундан кечирим сўраши.

4. Бирор кишининг молини ноҳақ еб қўйган бўлса, уни ўзига ёки меросхўрларига қайтариб бериши.

5. Барча қилган гуноҳларига астойдил тавба қилиши.

6. Ота-онасини рози қилиб сафар қилиши.

7. Бола-чақаларини ҳотиржам қилиб сафар қилиши.

8. Қарзларини адо қилиб сафарга чиқиши.

9. Солиҳ кишилар билан сафар қилиши.

10. Ҳажнинг фарз ва вожиб масалаларини яхшилаб ўрганиб олиши;

11. Ўзи билан Ҳаж китобини олиши.

12. Сафарга тижорат мақсадларини аралаштирмай, холис ибодат мақсадида сафар қилиши.

13. Риё ва шуҳратпарастликдан ўзини йироқ тутиши.

14. Сафар давомида ўзини хокисор ва тавозе билан тутиши.

15. Зарурий нарсаларни сотиб олиш чоғида сотувчи билан ҳаддан зиёд тортишмаслиги;

16. Ҳаж сафари давомида пул сарфлашда хасислик қилмаслиги;

17. Шерикларига сарф-харажат қилиш тўғри келиб қолса, мамнуният билан уларга сарф қилиши.

18. Уйдан чиқиб кетаётган вақтида садақа қилиши.

19. Сафар давомида ҳожатманд одамларга сарф қиламан деб ўзи билан ортиқча маблағ олиши.

20. Икки ракат намоз ўқиб йўлга чиқиши.

21. Уйдан чиқиб кетаётган пайтда одамлар билан қўл бериб сўрашиб, улардан ҳаққига дуо қилиб туришларини сўраши.

22. Бошқаларнинг ҳам ҳаж қилишга кетаётган кишидан дуо қилишини сўрашлари.

23. Кузатувчи ҳам, сафарга кетувчи ҳам ўз дуоларини ўқишлари.

24. Сафар дуосини ўқиши.

25. Сафар давомида қаерга тушсалар, ўша жойда икки ракат намоз ўқиб олиши (мустаҳаб).

26. Сафар давомида Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб, ота-онаси, фарзандлари ва барча мусулмонлар ҳаққига дуо қилиши.

27. Сафар давомида тортишиш, дилозорлик ва тилозорлик каби нарсалардан сақланиши.

28. Барчага ҳалимлик билан, хушмуомалада бўлиши.

29. Беш вақт намозни имкони борича жамоат билан адо қилиши.

30. Намозларни ўз вақтида адо қилиши.

31. Суннати равотибларни иложи борича тарк қилмаслиги.

Ҳаж ҳақида янада кенгроқ ва батафсилроқ қилиб кейинги мақолаларимизда ёритиб борамиз…

 

Мамаюсупов Жўрахон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar