
МАБРУР ҲАЖНИНГ МУКОФАТИ
Исломда шундай амаллар борки, уни адо қилишлик ила банда нафақат савобга, балки руҳий хотиржамликка ҳам эришади. Ана шундай амаллардан бири бу- зиёратдир. Зиёрат эса асосан, уч турга бўлинади: биринчиси: дўстлар ҳамда яқинлар зиёрати, иккинчиси: қабир зиёрати- яъни, ўтганларни хотиралаш мақсадида зиёрат этиш.Учинчиси: муқаддас манзилу маконларни(Аллоҳнинг байтини зиёрат қилиш) бориб кўриш, масалан, Маккаи Мукаррамадаги Масжидул Ҳаром, Мадинаи Мунавварадаги Масжидун Набавийни зиёрат қилиш ва ҳоказо.Муқаддас динимизда ҳар ишда бўлгани каби зиёратнинг ҳам ўзига яраша бир қанча одоблари бор.Уларга ихлосу муҳаббат билан амал қилиш орқали, Иншааллоҳ, кўплаб ажру мукофотларини қўлга киритамиз.
Инсон Ҳаж ва Умра ибодатини қилиш туфайли гунҳлардан пок бўлади. Биз буни муҳаддис аждодимиз имом Абу Исо ат-Термизийнинг “Сунани Термизий”- асарида келган муборак ҳадислардан билиб оламиз.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кетма-кет ҳаж ва умра қилинглар, чунки бу иккиси темирчининг босқони темир, олтин ва кумушнинг кирини кетказганидек(ҳаж ва умра қилувчидан) фақирлик ҳамда гуноҳларни кетказади. Ҳажжи мабрурнинг савоби жаннатдан бошқа нарса эмас”. Термизий ва Насоий ривоят қилишган.
Бошқа бир муборак ҳадисда эса- Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилиб, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, худди онасидан янги туғилгандек бўлиб қайтади”.
Аввало мабрур сўзининг луғовий маъноси қандай?
“Мабрур” сўзи луғатда яхшилик қилинган, қабул қилинган деган маънодадир.Унинг холис деган маъноси ҳам бор. Демак мабрур ҳажнинг мукфоти фақат жаннат екан.Ҳаждан кўзланган мақсад фақат Аллоҳнинг фарз қилган ҳажини адо қилиш бўлиши керак.
Ҳажи мабрур бўлганинг аломати ҳожи ҳаж қилиб қайтгандан сўнг унинг ҳоли яхши тарафга ўзгаришидир. Умуман, мабрур ҳаж деганда гуноҳ, маъсият аралашмаган ҳажга айтилади. Юртимиздан борган барча ҳожиларнинг ҳажлари ҳажжи мабрур бўлсин.
Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси Ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar