
ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ КИМЛАРГА ВОЖИБ БЎЛАДИ
Қурбонлик ҳақида Қуръони каримда бир нечта ояти карималар бор. Жумладан, Ҳаж сурасида шундай дейилади:
“(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик.Сизлар учун уларда яхшилик бордир” (36-оят).
Бошқа бир ояти каримада шундай баён қилинган:
“Бас, Роббингиз учун намоз ўқинг ва қурбонлик қилинг!”(Кавсар сураси, 2-оят).
Ушбу ояти каримани уламоларимиз қурбонликнинг вожиб эканига далолат қилади, деб тафсир қилишган.
Қурбонлик қилиш кимларга вожиб бўлиши ҳақида ҳанафий мазҳаби мўътабар фиқҳий матинларидан бири “Мухтасарул Қудурий” китобида шундай дейилган:
“Қурбонлик кунларида бой, муқим, мусулмон, ҳур-озод бўлган ҳар бир кишига қурбонлик қилиш вожибдир”.
Демак, ушбу шартлар кимда топилса, унга қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Шундай экан, камбағал, мусофир, ғайридин кишиларга қурбонлик қилиш вожиб бўлмайди.
Пйғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўзларининг муборак ҳадисларидан бирида “Эй одамлар! Ҳар бир (бой) хонадон аҳли зиммасида ҳар йили қурбонлик қилиш мажбурияти бордир”,-дея марҳамат қилганлар.
Шариатда қурбонлик қилишни вожиб қиладиган бойлик миқдори- кундалик ҳаёт учун зарур нарсаларидан ташқари нисоб миқдоридаги мол-мулкка эга бўлишдир.
Бу миқдор бойликка бир йил тўлган бўлиши ёки йил давомида ўсувчи бўлиши шарт емас. Хатто, Қурбон ҳаййити куни фақир киши нисоб миқдорига (85 грамм тилло ёки унинг қийматига етса) эга блса, унга қурбонлик қилиш вожб бўлади.
Қурбонлик гўштининг учдан биридан кам бўлмаган қисмини садақа қилиш мустаҳабдир. Чунки қурбонлик гўшти уч жиҳатга сарфланади: ейиш, сақлаб қўйиш ва ўзгаларга едириш. Яъний, қурбонлик гўштини уч қисимга бўлиб, бир қисмини ўзига олиб қолади, бир қисмини тоам қилиб едиради, бир қисмини эса гўшт ҳолича тарқатади.
Ийд куни улуғ байрам бу кунда барчанинг уйида хурсандчилик бўлиши керак. Барча инсонлар Аллоҳнинг меҳмони бўлиб хурсандчилик қилишади. Келинг қурбонлик қилолмаган маҳалладаги камбағал, боқувчисини йўқатган, ногирон ва шароити оғир хонадонларга қурбонлик гўштидан улашиб, хурсандчилик олиб кирайлик. Динимиз ва шариатимиз мана шунга буюради.
Хайрулло мардонов - Имом Термизий номидаги ислом институти ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar