23.06.2025

Суннатга эргашиш ва унинг сирлари

Саодат калити суннатга эргашиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча ҳолатда келиш-кетиш, юриш-туриш, ҳатто ухлаш ва таомланиш ҳайъатида ҳам иқтидо қилишдадир. Эргашиш фақат ибодат одобларида бўлиш керак демайман, чунки у зот ҳақларида ривоят қилинган амалларни тарк қилишга асос йўқ. Ибодат билан бирга ҳаётнинг ҳамма жиҳатида у зотга эргашиш лозим бўлади, шундагина ҳақиқий эргашиш ҳосил бўлиши мумкин. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир» (Оли Имрон сураси, 31-оят).

«Пайгамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ жазоси қаттиқ Зотдир» (Ҳашр сураси, 7-оят).

Шалварингни ўтириб кийишинг, саллани тик туриб ўрашинг, оёқ кийим кийганда ўнгдан бошлашинг, ўнг қўл билан таомланишинг, тирноғингни олганда кўрсаткич бармоғингдан бошлаб бош бармоқ билан якунлашинг, оёқда эса ўнг оёқнинг кичик бармоғидан бошлаб чап оёқнинг кичик бармоғи билан якунлашинг, шу каби барча ҳаракатларингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишинг лозим бўлади. Муҳаммад ибн Аслам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай истеъмол қилганларини билмагани учун тарвуз емаган экан. Унутиб махсини чап томондан бошлаб кийгани учун бир қанча буғдойни каффорат деб эҳсон қилганлар бор.

Бу борада эътиборсизлик қилиб, одатларга таъаллуқли амалларда эргашишнинг аҳамияти йўқ дема, чунки бу тушунчанг сенга улкан саодат эшигини ёпиб қўяди.

Бу каби амалларда ҳам эргашишга тарғиб қилишнинг бир сири бўлса керак, деб уни билишга қаттиқ қизиқаётган бўлсанг керак ёки хилоф иш тутишда бу каби қаттиа тарғиб қилишни тақозо этадиган муҳим бир иш бормикан, деб ажабланаётгандирсан?

Ҳар бир амалда суннатга эргашиш сир-асрорини битталаб айтиб чиқиш учун бу китобимиз кичиклик қилади, лекин улардаги сир-асрорлар асосан учта эканини англаб етишинг лозим бўлади:

Биринчиси, бу олам билан ғайб олами ва аъзолар билан қалб ўртасидаги алоқа, қалб аъзолар амалидан қандай таъсирланиши ҳақида бир неча ўринларда гапириб ўтдик.

Қалб ҳудди кўзгу каби бўлиб, унда ҳақиқат намоён бўлиши учун сайқалланиши ва нурга тўлиши лозим бўлади. Сайқалланиши шаҳват кирлари ва ёмон ахлоқлардан пайдо бўлган доғларни кетказиш билан амалга ошади. Аммо қалбни нурга тўлдириш эса зикр ва маърифат нурлари билан бўлиб, унга суннат тақозоси ила адо этилган холис ибодат кўмак беради. 

Қалбни тўғирлаш тана аъзоларини тўғри тасарруф қилишдан ҳосил бўлади. Чунки қўл қалбга етиб бориб унинг эгри тарафларини тўғирлай олмайди. Аъзолар ҳаракатини тўғирлаш орқали қалбни тўғри бўлишига эришилади. Шунинг учун ҳам дунё охират учун экинзор каби дейилади ва шунинг учун қалбини тўғирламай қолган кишининг ҳасрат-надомати улкан бўлади, чунки ўлим билан қалб ва аъзолар ўртасидаги алоқа узилиб, уни тўғирлаш йўли ёпилади. Аъзолар ҳаракати, балки кўнгиллар ҳаракати қанчалик мувозанатли ва адолатли бўлса, қалбда одил ва мувозанатли шакл пайдо бўлади. Натижада қалб ҳудди кўзгу ўзига юзланган нарса суратини тўғри кўрсатиб бергани каби ҳақиқатларни тўғри қабул қила олади. 

Адолат нарсаларни ўз ўрнига қўйишдир, бунинг мисоли, масалан, тўрт тараф бор. Улардан қибла шарафли ҳисобланади. Зикр, ибодат ва таҳорат вақти унга юзланиш ва авратни очиш ҳамда қазойи ҳожат вақти ундан бошқа тарафга қараш адолат, чунки бу билан афзал нарсанинг афзаллиги изҳор қилинади. Ўнг қўл чап қўлдан афзал, у кучли бўлгани учундир. Демак, уни чап қўлдан афзал билиш ва ўнг қўлдан Қуръон ушлаш ва таомланиш каби улуғишларда фойдаланиш, чап қўлни эса истинжо ва ифлос нарсаларни ушлаш каби амалларга қолдириш адолатдандир. Масалан, тирноқларни олиш қўлни поклаш учун бажарилади, демак, ҳурматлироқ ва афзал қўлдан бошлаш лозим. Қандай тартиб билан бажаришга ақлинг етмаяптими, демак, суннатга эргаш ва ўнг қўлингни кўрсаткич бармоғидан бошла. Чунки қўл оёқдан афзал, ўнг қўл эса чап қўлдан. Тавҳид калимасига ишора қилинадиган кўрсаткич бармоқ бошқа бармоқлардан авло. Сўнг кўрсаткич бармоқдан ўнг томон сари юрилади. Кафтнинг юзи ва орти бор, юзи сенга юзланадиган тарафи, агар кафтни қўлнинг юзи қилсанг, кўрсаткич бармоқнинг ўнг томони ўрта бармоқ бўлади. Икки қоʻлнинг юзига қара ва бармоқларни ҳудди шахслар деб тасаввур қил, шунда тирноқ олгични кўрсаткич бармоқдан бошлаб ўнг қўлнинг бош бармоғигача айлантириб келасан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

Бунинг ҳикмати юқорида айтиб ўтганимиз кабидир. Агар ўта нозик ҳаракатларда ҳам адолатга риоя қилишга одатлансанг, адолат ва соғломлик қалбингдаги мустаҳкам шаклга айланиб, сурати тўғри ва текис ҳолга келади, бу билан саодат суратини қабул қилишга тайёр бўлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Бас, қачонки, уни ростлаб, унга руҳимдан пуфляганимдан сўнг, унга сажда қилган ҳолингизда йиқилингиз!» (Сод сураси, 72-оят).

Аллоҳ таолонинг руҳи саодат эшиклари калитидир, уни ростлагандан сўнг пуфлади, ростлаш маъноси адолат дегани. Бунинг жуда узун сири бор, шархласак, гап чўзилиб кетади, биз фақат аслига ишора қилиб ўтдик.

Иккинчиси, баданингга ўз таъсирини ўтказадиган нарсалар: айримлари иссиқлик, совуқлик, намлик ва қуруқликка алоқадор бўлгани учун уларни ақл орқали англаб етса бўлади. Масалан, асал иссиқ мижозга зарар, совуқ мижозга эса фойдали. Ҳудди шунингдек, баданга таъсир қиладиган айрим нарсаларни ақл билан англаш қийин, лекин хусусияти билан англаса бўлади ва бу хусусият ақл ёрдамида эмас, балки ваҳий ёки илҳом орқали билинган бўлади. Магнит масалан, темирни ўзига тортади. Печак гул томирлардан сафро аралашмасини тортади, бу ақл билан топилмаган, балки унда бундай хусусият борлиги илҳом ёки тўғри тажриба орқали билинган. Аксар хусусиятлар илҳом билан билиниб, дори ва бошқа нарсалардаги аксар таъсирлар ундаги хусусиятни билиш орқали топилган. Шунингдек, амалларни қалбга таъсири ҳам сабабини билиш мумкин ва мумкин эмасларга бўлинади. Масалан, дунёвий шахватларга эргашаётган одамни кўриб бу оламга қаттиқ ёпишиб олган, кетар вақти маҳбубаси бўлган дуёга юзланиб, ортига қайрилиб қараган ҳолда кетади, деб биласан.

Аллох таолонинг зикрида бардавом бўлган кишининг Аллоҳга муҳаббати мустаҳкам бўлади, шунинг учун дунёдан Аллоҳнинг ҳузурига кетаётганда ўзида лаззат ҳис қилади, чунки лаззат муҳаббат миқдорига, муҳаббат эса маърифат ва зикр миқдорига караб бўлади. Шундай амаллар борки, охират саодати ёки бахтсизлиги учун ақл билан англаб бўлмас хусусияти ила таъсир қилади, у фақат пайғамбарлик нури орқали билинади. Агар пайғамбарни бир мубоҳи тарк этиб, бошқасини қилаётганини кўрсанг, пайғамбарлик нури билан олган нарсасида бир хусусиятни билган ва ғайб оламидан нимадир кашф бўлган эканини бил. Асарларда қуйидагича келган: «Эй инсонлар, менга билдирилган нарсалардан сизларга билдириш ва менга берилган одоблардан сизларга ҳам беришни Аллоҳ буюрган. Жимо вақти бирортангиз кўп гапирмасин, унда бола гапиришга ожиз бўлиб қолади, аёлининг фаржига қарамасин, ундан кўрлик келиб чиқади, жимо вақти аёлини ўпмасин, бола кар бўлиши мумкин, бирортангиз, сувга узоқ тикилмасин ақлнинг кетиши шундан бўлади». Ушбу мисолни келтиришдан мақсад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саодат ва бахтсизликка сабаб бўлувчи нарсаларни билганларига ишора қилиб ўтиш эди. Хижома, тошлар ва дори-дармонларга алоқадор нарсаларнинг хусусиятини билишни даъво қиладиган табиб Муҳаммад ибн Закарийё Розийнинг сўзларини тасдиқлаб Маккий, Маданий, Хошимий, башар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини тасдиқламасликдан ўзингни сақла. Энг олий оламдан ҳамма сир-асрорлар кашфи зотга келиб турганини яхши биласан, шунинг учун ҳамҳикматини билмаган амалларда ҳам зотга эргашишга харис бўлмоғинг лозим

Учинчиси, шахватлардан тийилиш, ёмонликка бошловчи нафсни синдириш, ҳавойи нафсга ҳайвонлар каби эргашишдан қочиш билан фаришталарга ўхшашга интилиш инсоннинг саодатидир. Модомики, инсон ҳеч бир тўсиқсиз истаган нарсасини қилар экан, ҳавойи нафсга эргашиш унинг одатига айланиб қолади ва қалбига ҳайвонлик сифати ғолиб келади. Ҳар бир ҳаракатида ўзини тийиб, ёмондан яхши сари буриб юриши унинг манфаатидир. Шундагина ўз қуллигини унутмайди ва тўғри йўлдан чиқиб кетмайди ҳамда ҳар бир ҳаракатида қуллик аломатлари кўриниб туради, чунки ҳар бир амални нафсига мувофиқ эмас, балки хожасининг амрига монанд бажаради. Бундай инсон доимо риёзатда бўлиб, ишларни охират учун афзалини танлашга интилади. Бунинг остида жуда улкан сир-асрорлар бор, бу фойда Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмаси билан юзага чиқади. Барча ҳаракат ва саканотларда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш фазилатини англаб етиш учун юқоридаги баён сенга кифоя килади.

Абу Ҳомид Ғаззолийнинг “Диннинг 40 асоси” китоби асосида тайёрланди.

 

 

Шарипов Исроилжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar