
МУСУЛМОН УММАТИГА РАҲМАТ БЎЛГАН ЗОТ
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқалардан кўра мусулмон умматларига меҳрибонроқ эдилар. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилади:
لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ
“Ҳақиқатан, сизларга ўзларингиздан (чиққан), сизларнинг қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан қизиқувчи ва мўминларга мушфиқ ва раҳмдил расул келгандир”. (Тавба: 128).
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар, Пайғамбар ﷺ: “Ғазабланган ҳолатимда умматимдан қай бирини сўккан бўлсам ёки лаънатлаган бўлсам, мен ҳам Одамнинг фарзандиман. Мен ҳам сизлар ғазаб қилганингиздек, ғазаб қиламан. Бироқ, Аллоҳ таоло мени оламларга айни раҳмат этиб юборди. Ўша лаънат ва сўкиш уларга мендан дуо сифатида қабул бўлишини истайман”, деган эдилар.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар ﷺ: “Хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар, осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар”, дедилар. (Имом Муслим ривояти. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Расулуллоҳ ﷺ” номли китобларидан).
Усома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар ﷺнинг қизлари у зотга: “Тезроқ келинг, ўғлим қабзи руҳ бўлмоқда”, деб одам юборди. Ул зот ﷺ айтиб: “Албатта, олгани ҳам Аллоҳникидир, бергани ҳам Уникидир. Унинг наздида ҳар бир нарсанинг ажали белгилангандир. Сабр қилсин ва талаби савобда бўлсин”, деб одам юбордилар. У (қиз) қасам ичиб: “Албатта келсинлар”, деб одам юборди. Бас, у зот турдилар. Ул зот билан бирга Саъд ибн Убода, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Зайд ибн Собит ва бир қанча кишилар ҳам турдилар. Болани Расулуллоҳ ﷺга кўтариб олиб келинганда, унинг жони мешга ўхшаб пўкиллаб қолган эди. Бас, у зотнинг икки кўзларидан ёш оқди. Шунда Саъд: “Ё Расулуллоҳ, бу нима?”, деди. “Бу Аллоҳ бандаларининг қалбига солган раҳматидур. Аллоҳ фақат раҳимлик бандаларигагина раҳим қиладир”, дедилар”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. Ушбу ҳадис ҳам ўша китобдан).
Пайғамбар ﷺ умматларига бирор нарса буюрадиган бўлсалар, қийинлаштириб қўйишдан қўрқардилар. “Агар умматимга қийинлаштириб қўймаганимда эди, уларни ҳар намоз олдидан мисвок ишлатишга буюрган бўлардим”, дер эдилар.
Заифҳол, бетоб бўлган мусулмонларнинг олдиларига бориб, зиёрат қилардилар, жанозаларида қатнашардилар. (Бу маънодаги ҳадисни Абу Яъло ва Табароний ривоят қилишган)
Пайғамбар ﷺбирор саҳобаларини оғир, машаққатли ҳолатда, қийналиб турганини кўрсалар жуда маҳзун бўлардилар, қалблари эриб, у ҳолатдан таъсирланиб йиғлар эдилар. Пайғамбар ﷺСаъд ибн Убода розияллоҳу анҳуни зиёрат қилиб келганларида, у зот билан Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Пайғамбар ﷺ у кишини кўриб йиғладилар, у зот билан бирга бўлганлар ҳам йиғладилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)
Усмон ибн Мазъун вафот этганларида Пайғамбар ﷺ йиғлаган ҳолатларида у кишини ўптилар бу ҳақида Оиша розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Ўшанда мен Пайғамбар ﷺнинг кўз-ёшлари Усмоннинг яноқларига тўкилаётганини кўрдим”. Бошқа бир ривоятда: “Пайғамбар ﷺУсмоннинг икки кўзи орасини ўптилар сўнг узоқ йиғладилар”, дейилган”.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар ﷺнинг даврларида қуёш тутилди. Бас, Расулуллоҳ ﷺ намоз ўқидилар. Қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Кейин тикланиб, узоқ турдилар. Шуъба айтади: “Менимча, саждада ҳам шунга ўхшаш. Ва саждаларида йиғлай ва пуфлай бошладилар ва: “Роббим, мен Сенга истиғфор айтиб турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан? Мен уларнинг ичида турсам ҳам, нима учун буни ваъда қилмоқдасан?”, дедилар. Намозни тугатганларидан сўнг: “Менга жаннат кўрсатилди. Ҳаттоки, қўлимни узатсам, мевасидан узиб олардим. Менга дўзах кўрсатилди. Унинг олови сизларни ўраб олмасин деб пуфлай бошладим”, дедилар. (Абу Довуд, Насаий ва Ибн Хузайма ривоят қилишган. Ушбу ҳадис Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларидан).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муҳаммад ﷺ: “Қиёмат бўлганида, бутун оламон бир-бирларига аралашиб кетиб, ҳаяжонда бўладилар. Улар Одамнинг (алайҳиссалом) олдиларига келиб: “Бизлар учун Робингиздан шафоат сўранг”, дейишади. У зот: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Иброҳимдан (алайҳиссалом) сўранглар, у Раҳмон зотнинг ҳалилидир (дўсти)”, дейдилар. Инсонлар Иброҳим (алайҳиссалом) олдиларига келишади. У зот ҳам: “Мен ҳақли эмасман, сизлар Мусонинг (алайҳиссалом) олдига боринглар, чунки, у калимуллоҳдир (Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашган пайғамбар), деб айтадилар. Инсонлар Мусо (алайҳиссалом) олдиларига келишганида, у зот ҳам худди шундай жавоб берадилар ва “Сизлар Исонинг олдига боринглар, чунки, у Аллоҳ пуфляган руҳи ва калимасидир”, дейдилар. Кейин инсонлар Исо (алайҳиссалом) олдиларига келишади, у зот ҳам “Мен шафоат сўрашга ҳақли эмасман, сизлар Муҳаммаднинг (ﷺ) олдига боринглар”, дейдилар. Инсонлар менинг олдимга келиб сўрашади, шунда мен: “Мен сизларни шафоат қиламан”, дейман. Сўнгра Роббимдан изн сўрайман, Роббимдан менга изн берилади ва Ул зот менга, мен Ул зотни мақтайдиган мақтовли сўзларни илҳом қилади. Лекин у қандай мақтовли сўзлар эканини ҳозир билмайман. Сўнгра мен ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, қалбида арпа доничалик иймони бўлган кишиларни жаҳаннамдан чиқар”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтаман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида зарра (ёки хантал) миқдоричалик иймони бўлган кишиларни чиқаргин”, дейилади. Бориб, (айтилган нарсаларни) бажараман. Сўнгра яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Мен яна: “Умматим, умматим”, дейман. Кейин менга: “Бор, жаҳаннамдан қалбида хантал донининг миқдоридан-да озроқ, кичикроқ иймони бўлган кишиларни озод қил”, дейилади. Бориб, яна (айтилган нарсаларни) қиламан. Кейин тўртинчи бор яна қайтиб бораман ва ўша мақтовли сўзлар билан Ул зотни мақтайман ва сажда қиламан. Шунда менга яна: “Эй Муҳаммад, бошингни кўтар, айтгин, сени тинглайман, сўра, бераман, шафоат талаб қил, шафоат қилишинга рухсат бераман”, дейилади. Шунда мен: “Роббим, менга “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишилар ҳақида изн бер”, дейман. Ул зот: “Иззатимга, жалолимга, буюклигим, улуғлигимга қасамки, мен ундан (жаҳаннамдан) “Лаа илааҳа иллаллоҳ” калимасини айтган кишиларни ҳам чиқараман”, дейди”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Бутун оламга меҳрибон ва шафқатли Муҳаммад ﷺ дек Зотнинг уммати бўлиш шарафига муяссар қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз бўлсин. Омин!
Оллоёр Омонов - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Ўқув услубий бўлим бошлиғи
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar