ҲАСАД - МАЪНАВИЙ ЖИНОЯТ.
Энг катта маънавий жиноятлардан ҳисобланган ҳасад кўплаб зарар келтирувчи ижтимоий дарддир. Ҳа, ҳасад айнан ёмон дарддир. Бу дард ҳам ҳасадчининг ўзини ҳам бошқаларни куйдириб, кул қилади.
"Ҳасад" луғатда “бирор нарсани терисини шилмоқ ёки қирмоқ” деган маънони билдиради. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида уламолар шундай дейдилар:
“Ҳасад — бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлаш”.
“Ҳасад – нафс касалликларидан биридир. Балки нафс касалликларининиг аксари шундандир. Ундан озчилик одамларгина қутула оладилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бадгумонликдан сақланинг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ким ўзарга уриниб ўзаро ҳасад қилишманг. Бир бирингизни ёмон кўрманг ва бир бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар”, дедилар”. (Тўртовлари ривоят қилган)
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: “Ҳасаддан сақланиглар! Шубҳасиз, ҳасад худди олов ўтинни ёки хашакни егандек ҳасанотларни ейди”. (Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган)
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга сиздан олдинги умматларниинг дарди: ҳасад ва ёмон кўришлик ўрмалаб кирди. У қирувчидир. Сочни қирувчи демайман. Лекин у динни қиради. Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар. Бир бирингизга муҳаббат қўймагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Сизларга ўша нарсангизни собит қиладиган нарсани айтайми? Орангизда саломни тарқатинг”, дедилар”.
Ушбу ҳадиси шарифларда асосан ҳасад ҳақида сўз кетмоқда. Чунки, Ислом дини ҳар бир мўмин-мусулмонни ҳасад қилишдан қайтаради.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирингиздан узилманглар, бир-бирингизга орқа ўгирманглар, нафрат-адоватда бўлманглар, ўзаро ҳасад қилманглар. Аллоҳнинг биродар бандалари бўлинглар. Мусулмон учун биродарини уч кундан ортиқ тарк қилиши ҳалол бўлмайди”, -дедилар”.
Ҳасад икки қисмга: ҳақиқий ва мажозийга бўлинади. Ҳақиқий ҳасад – Аллоҳ бир кишига берган бойлик, илм ёки бирор яхшиликни кўриб, унга ўзи эришмаса-да, нариги инсондан кетишини хоҳлашидир. Мазкур ҳасад саҳиҳ ва очиқ далиллар ҳамда уммат ижмосига кўра ҳаром қилинган.
Мажозий ҳасадни ҳавас маьносида ҳам тушуниш мумкин. Ушбу маьнодаги ҳасадгўй бошқа кишилардаги неьмат улардан кетмаган ҳолда ўзида ҳам бўлишини истайди. Агар ҳасадгўй қилаётган нарсаси дунёвий ишлар учун бўлса, жоиз ва ухровий яъни ибодатларда бўлиши эса мустаҳабдир. Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон дунёси қилиб яратган. Инсон эса Аллоҳ таолонинг кўрсатмалари асосида доимо ақлини ишлатиб, яхшини ёмондан ажрата олиши лозим. Инсонлар баданидаги моддий ва жисмоний хасталикка эътибор берадилару, қалб ва руҳдаги дардларига бепарво бўладилар. Аслида моддий хасталикдан кўра маънавий касаллик ҳавфлироқдир. Чунки, бадандаги дард одамнинг дунёдаги машаққат умрига зарар етказиши мумкин. Қалб хасталиги эса, икки дунёда ҳам хасрат-надомат келтиради. Қалб касаллиги ичида энг хавфли, зарарли ва ёмонроғи ҳасаддир. Бу фитна, адоват ва келишмовчиликларни келтириб чиқарувчи омилдир. Ер юзида энг биринчи содир этилган қотиллик ва қон тўкишга сабаб бўлган нарса ҳам айнан шу ҳасад эди. Ривоятларда келтирилишича, Одам алайҳисаломнинг икки ўғли Хобил ва Қобил қурбонлик қилади. Ҳобил ўзининг энг яхши молини қурбонлик қилди ва ундан қабул қилинди. Қобил эса, молининг энг ёмонини қурбонлик қилди ва ундан қабул қилинмади. Шунинг учун Қобил хасад қилиб, ўз биродарини ўлдиришни истади. Хасад орқали туғилган истак охир оқибат амалга ҳам ошди. Хасад шундай катта жиноятни келтириб чиқарганининг ўзи ҳам, унинг нақадар ёмон ва хатарли иллат эканлигини кўрсатиб турибди.
Ҳасад инсонни ҳидоятдан тўсиб, залолатда давом этишига сабаб бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Пайғамбар бўлганларини эълон қилганларида, ўша даврдаги аҳли китоблар пайғамбар ўзларидан эмас араблардан чиққанлигига ҳасад қилишиб, исломни қабул этишмади. Қуйидаги ҳикоя ҳам ҳасадчилар ҳақида:
"Бир куни икки одам подшоҳнинг ҳузурига арз қилишиб киришибди-да, бирданига ўзларига хос услуб билан: "Сиз қандай адолатсиз подшоҳсиз, бизга ўхшаган бечоралардан ҳам хабар оласизми, йўқми?" - дея бақириб кетишибди. Подшоҳ уларни бир оз тинчлантиргандан кейин: "Сизлар мени ўта адолатсизликда айблаяпсизлар, адолатсизлигимни нима билан исбот қиласизлар?", дея сўрабди. Ҳасадчилар дарҳол бидирлашиб: "Агар сизда заррача адолат бўлганида, қўшнимиз Абдуллоҳнинг иккита сигири бўлатуриб, биз бечоралар сигирсиз қолмас эдик", дейишибди. Подшоҳ: "Қўшнингиз Абдуллоҳ ишлагандир, топгандир, қариндош-уруғи ёрдам бергандирки, иккита сигир олибди. Бунинг нимаси ёмон", деб жавоб берибди. Ҳасадчилар: " Ўғри, муттаҳам бўлмаганида эди, икки сигирни қаердан олар эди. Биз ҳам ишлаймиз, топамиз, лекин бизнинг бир дона ҳам сигиримиз йўқ-ку", дейишибди. Шунда подшоҳ: "Бўлмаса, мен амр қиламан, сизларга ҳам иккитадан сигир беришади. Шунда адолат ўрнатилган бўладими, шунга розимисизлар", дебди. Ҳасадчилар:"Йўқ, йўқ! Бизнинг ишимиз кўп. Биз эрталаб кетиб, кечқурун уйга қайтамиз. Сигир деганига ҳам ем керак, ҳам сув керак. Биз бунга рози эмасмиз", деб жавоб беришибди. Подшоҳ: "Сигирлар учун ем-хашакни ҳам, сувни ҳам мен бераман. Сизлар йўқлигингизда бола-чақангиз сигирларга қарайди", дебди. Ҳасадчилар: "Бўлмайди, бола-чақамизнинг ҳам ўзига яраша ташвиши бор", дея жавоб беришибди. Ноилож қолган подшоҳ: "Сизнингча, нима қилсам, адолат ўрнатган бўламан?" деб сўрабди. Шунда ҳасадчилар: "Ана энди ўзингизга келдингиз, подшоҳим! Абдуллоҳнинг ҳам сигирини тортиб олиб қўйсангиз, адолат ўрнатган бўласиз", деб жавоб беришибди.
Ҳасаднинг энг ёмон офати шуки, ҳасадгўй Аллоҳнинг тақсимотига эътироз қилгани учун унинг ғазабига дучор бўлади. Чунки, хасадгўй Аллоҳ таоло ўз мулкидан хоҳлаган бандасига кўпроқ, хоҳлаган бандасига камроқ беришлигини адолатсизлик деб баҳолайди. Натижада ўзи ўша неъматлардан ҳам, қилган амалининг савобларидан ҳам маҳрум бўлади. Демак, мол-мулкини ҳалолдан топиб, ҳалол жойга сарфлаётган кишига ва илмидан ўзи ҳам, бошқалар ҳам манфаат топаётган кишига ҳавас қилиш мумкин.
Аллоҳ таоло барчаларимизни инсонлар учун офат бўлмиш хасаддан ўзи асрасин. Доимо бир-бирларимизга хасад билан эмас, балки ҳавас билан ҳаёт кечирмоқликка насиб этсин!
✍️Обиджон Исмоилов- Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий" жоме масжиди имом-хатиби
Izohlar