
ЭНГ ГЎЗАЛ ФАЗИЛАТЛАР ЭГАСИ…
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ҳеч кимга бермаган бу дунё ва охиратнинг камолотларини ато этган. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ранг-руйлари бениҳоя чиройли, гавда тузилиши ва аъзолари мутаносиб бўлиб бир бор кўрган киши қайта кўришни истар, муҳаббати зиёда бўлар эди. Бунинг исботини биз саҳобаларнинг сўзларидан ҳам билишимиз мумкин. Ибн Абу Ҳоланинг ҳадисида: «Пайғамбар алайҳиссаломнинг юзи ҳудди ўн тўрт кунлик ойдек нурланиб турарди», дейилган. Ҳазрати Али Расулуллоҳ ҳақида гапириб: «Пайғамбар алайҳиссалом дастлаб кўрган одамга важоҳатли туюларди, яқиндан билганидан кейин эса энг суюкли кишисига айланиб қоларди. Мен Расулуллоҳдек одамни аввал ҳам, кейин ҳам кўрмадим», дейди. Пайғамбар алайҳиссалом тозаликка, хушбўйликка, ифлослик ва нажосатдан йироқликка алоҳида хусусиятларга эга эдилар-ки, бундай фазилатлар у зоти муборакдан бошқа кишида топилмасди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳни шариатининг покизалиги билан янада юксак камолотга эриштирди. Кўпларнинг таъкидлашича, сарвари олам хушбўй нарсаларни истеъмол қилсалар ҳам, қилмасалар ҳам, у киши билан кўришган одамнинг қўлидан кечгача ёқимли ҳид келиб тураркан. Агар Расулуллоҳ бирон боланинг бошини силаб қўйсалар, кечгача ўртоқлари унинг ёнидан кетолмай қолишаркан. Имом Бухорий "Катта тарих"да Жобирдан ривоят қилишича, мушк-анбар уфуриб турган кўчадан юрган одам бу ердан, шубҳасиз, Расулуллоҳ ўтганларини биларкан. Пайғамбар алайҳиссаломнинг нутқлари бениҳоя фасоҳатли ва чуқур маъноли эди. Гаплари сунъийликдан холи, равон, жумлалари лўнда, қисқа, тушунарли, фикрлари аниқ, мазмунли, такаллуфсиз ва чуқур маъноли эди. У киши араб тилининг лаҳжаларини, ҳикматли сўзларини кўп билардилар. Ҳар бир халқга уларнинг ўз тили, шеваси ва услубида фасоҳатига яраша гапирар эдилар. Кўпгина саҳобалар сўзларнинг маъносини айтиб беришни Пайғамбар алайҳиссаломдан илтимос қилишарди. Расулуллоҳнинг ҳадис ва тарихлари билан танишган одам бу нарсани, айниқса, яхши ҳис этади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Қурайш халқига, Ҳазри Мавж ва Яман подшоларига ҳамда Нажднинг оқсоқолларига айтган гаплари бир-биридан кескин фарқ қилади. У киши бирон қабила билан гаплашганларида улар ёқтирадиган ибораларни ишлатар, ерлик одамларга хуш келадиган услубда сўзлашар эдилар. Сарвари олам мана шу тарзда Ислом динининг таълимотларини одамларга этказар, Қуръон оятларини, шариат аҳкомларини ҳар бир кишининг диди, савиясига мослаб тушунтирар эдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мулойимлиги, бағри кенглиги, ўч олишга қодир бўла туриб авф этишлари, бошларига мусибат тушганда, чидам билан енгишлари, сабрлиликлари ҳаммамиз учун ибратдир.Юқорида зикр этганларимиз пайғамбаримизнинг фазилатларидан қодир қилганимизчадир. Аллоҳ таоло бизларга у зотнинг шафоатларини насиб айласин.
Омонов Фазлиддин – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 201-гуруҳ талабаси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar