27.06.2022

Аллома Анваршоҳ Кашмирийнинг маноқиблари – гўзал фазилатлари

Ёшлик чоғларидан етим қолган Анваршоҳ Деҳлидаги Шоҳжаҳон масжидида тиланчилик қилган. Бир куни унинг олдига бир бой инсон келади ва Анваршоҳга: “Ўғлим туришингдан заковатли болага ўхшайсан илм ўқимадингми?” дейди. Анваршоҳ “Мени ўқитадиган ота-онам йўқ” деб жавоб беради. “Мен ҳамма харажатларингни кўтараман, илм ўқийсанми?!” дея болакайни етаклаб, ўша вақтнинг буюк олимларидан бўлган Маҳмуд Девбандий ҳузурига олиб боради. Мана шу билан илм йўлидан ажралмай, буюк даражаларга эришди.

Анваршоҳ Кашмирий айтадилар: «Мен 137000 китоб ўқидим. Фаразан, агар Девбанд кутубхонасини кимдир ёқиб, кул қилиб юборса ҳам заррача парво қилмайман. Чунки у ердаги китобларнинг ҳаммасини ёдлаб олганман».

Анваршоҳ Кашмирий Ҳажга борганларида бир кишида «Нурул изоҳ» китобига «Мароқул фалоҳ» ҳошиясини ёзган олимнинг ўз дастхати билан қолдирган нодир нусхани кўриб, эгасидан сўраган эканлар:

— Шу китобни менга бир йилга берсангиз. Кейинги йил Ҳажгача мен бу китобни Девбандда бостириб сизга қайтараман.

— Китобни беролмайман. Мусаннифнинг ўз дастхати билан қолган...

— У ҳолда бир кечага бериб туринг.

Аллома бир кечага 500 саҳифалик ушбу китобни ўқиб, ёдлаб олган экан. Кейин уни Девбандда бостириб, кейинги йили Ҳажга олиб келиб солиштиришса, олдинги китобдаги хатоларни ҳам тузатилган ҳолда чоп қилинган экан...

Анваршоҳ Кашмирий айтади: «Аллоҳ менга шунча зеҳн ато этди-ю, лекин Қуръони каримни ёдлашни насиб этмади. Ҳар йили Рамазонда 30 кун эътикоф ўтириб, Қуръони каримни хатм қиламан, деб ният қиламан. 30 кун ичида 30 саҳифа Қуръон ўқий оламан холос. Бир оятни ўқишим билан Аллоҳ таоло менинг кўз ўнгимда чеки йўқ денгиз пайдо қилади. У ердаги дурларни тераман деб, шу даражада киришиб кетаманки, натижада яна хатм қилолмай қоламан. Шунинг учун ҳам мен Каломуллоҳни ёдлай олмадим».

Анваршоҳ Кашмирий «Саҳиҳи Бухорий»га «Файзул Борий» деган шарҳ ёзиб машҳур бўлиб кетган вақтларида дунёнинг энг машҳур уламолари (улар орасида Миср муфтийси Рашид Ризо ҳам бор эди) 300 нафар араб олимлари билан Деҳлидаги Шоҳ Жаҳон масжидига Анваршоҳ Кашмирийни зиёрат қилгани келишган. 300 нафар олим билан сўрашиб чиққанларидан сўнг ҳазрат деворга суяниб, йиғлаган эканлар. Шунда Рашид Ризо йиғи сабабини сўраганда, у зот:

— Бир пайтлар мен шу ерда гадойлик қилардим. Бир неча марта калтак ҳам еганман. Бир пайтлар менга нон бермаган бу гўшада илм сабабидан бугун дунёнинг энг забардаст олимлари қўлимни ўпди... деб жавоб берган экан.

Анваршоҳ Кашмирийни замонасининг Байҳақийси дейишган. Бунинг сабаби шуки Имом Байҳақий шофеий мазҳабида бўлсалар ҳам, Имом Шофеийдан кейин яшаб ўтган бўлсалар ҳам олимлар: “Бутун шофеий мазҳабидагилар Имом Шофеийдан қарздор, Имом Шофеий эса, Имом Байҳақийдан қарздор” дейишган. Чунки шофеий мазҳабининг далилларини, ҳужжатларини оят ва ҳадислардан исботлаган буюк муҳаддис бўлганлар. Аллома Анваршоҳ Кашмирий ҳам ҳанафий мазҳабида улкан хизмат қилганлари, етук муҳаддис бўлганлари учун “Ҳанафий мазҳабининг Байҳақийси” дейишган.

✍️ Ҳошимжон  Низомиддинов - Имом Термизий ўрта-махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси 1 курс докторанти.

 

Izoh qoldirish

Izohlar