Имом Замахшарийнинг “Муфассал фий санъат ал-эъроб” асарининг тилшуносликка қўшган ҳиссаси ва тарихий ўрни (2-қисм)
Ушбу 4 қисмнинг ҳар бири нозик дид билан эъроб қоидаларининг тартибига кўра яна ички фаслларга ажратилган. Асар ўзидан аввалги ёзилган наҳв асарларига жамловчи, хулоса китоб сифатида акс этади. Асарни ўқиган ўқувчи уни Сибавайҳининг “ал-Китоб” асари билан ўхшаш томонлари борлигини сезади. Шундай ўхшаш жиҳатлардан баъзилари: таърифлар, боб номлари, далиллар ва мисоллардир. Асарда Замахшарий аксар ўринларда Сибавайҳининг байтларидан келтириши ва унинг фикрларига қўшилишида ҳатто “Муфассал” – “ал-Китаб” нинг қисқача баёнига ҳам ўхшайди. Лекин Замахшарий асарида алоҳида ўзининг фикрларини, ўзининг йўналишини ҳам билдирган. Асарда Сибавайҳининг номи айнан зикр этилган ўринлар 90 та. Замахшарий асарида Сибавайҳидан ташақари қуйидаги наҳвшунос олимларнинг фикрларини бир мартадан ортиқ зикр этган:
1. ал-Ахфаш ал-Авсат – асарда 23 ўринда зикри этилган. Учта мафъулга ўтимли бўлган феъллар уч турдир: икки мафъулга мутааддий феълнинг олдига ҳамза қўшилганлари: أعلمت (билдирдим), أريت (кўрсатдим); Ахфаш қуйидаги феълларни ҳам қўшишни тўғри санаган: ,أظننت (ҳисоблатдим).
2. Юнус ибн Ҳабийб ал-Басрий – асарда 8 ўринда зикри келган.
3. ал-Холийл ибн Аҳмад ал-Фараҳдий – асарда 25 ўринда зикри келган. Агар феъл буйруқ, со ъроқ, умид ёки таклиф маъносидаги жумлага жавоб сифатида келса, у жазм қилинади. Мисол учун, “Мени ҳурмат қилсанг сени ҳурмат қиламан”, “Ундай қилма, сенга яхши бўлади”, “Ёнимга келмайсанми, сен билан гаплашар эдим”, “Уйинг қайда бўлса, зиёратга бораман”, “Сув йўқми, ичар эдим”, “Қани эди у ёнимизда бўлса, суҳбатлашар эдик”, “Тушмайсанми, яхшиликка эришасан”. Холийлнинг айишича аввал келган (шартия жумла)ларнинг ҳаммасида إن (шарт юкламаси)нинг маъноси бор, шу сабабдан жавоби шарт жазм қилинган.
4. Абу-л-Аббос ал-Мубаррод – асарда 13 ўринда этилган. Ҳарф жарлар (предлоглар) ҳақидаги бобда Замахшарий حاشا нинг маъноси ҳақида шундай ёзади: Мубарроднинг фикрича (حاشا) феълдир, масалан:ًزيدا حاشا القوم هجم. Жумладаги حاشا – узоқлаштирди маъносида бўлиб, жумла: “Қавм ҳужум қилди, уларнинг баъзилари Зайдни узоқлаштирдилар” деган маънони англатади.
5. Абу-л-Ҳасан ал-Кисаий – асарда 5 ўринда зикри келган. Сонлар бобида муаллиф бирликлар, ўнликлар, юзликлар ҳамда мингликлар ўзининг саналмиши билан қандай ҳолатда келишига мисоллар келтирган, сўнгра Кисаийдан бирликдаги сон ҳам саналмиши билан баробар маърифа (аниқ ҳолатда) қилинади, деб айтганини келтиради.
6. Абу Закариё Яҳё ибн Зиёд ал-Фарро – асарда 7 марта келтирилган. ليت феълга ўхшаш ҳарф бобида муаллиф шундай келтиради: ليت – умид маъносини ифодалаш учун ишлатилади. Аллоҳ Таолонинг айтганидек: “Қани энди (у дунёга) қайтарилсак эдик”. Фарронинг фикрича бу ҳарф أتمنى (умид қиламан) феъли кабидир. قائما زيدا ليت жумласи – “Умид қиламанки, Зайд ўрнидан турган” жумласи кабидир.
Хулоса қилиб аядиган бўлсак, Замахшарийнинг “Муфассал” асари яратилган даврдан бошлаб ҳозирги кунгача жамоатчилик томонидан улкан шуҳратга эга бўлиб келмоқда. “Муфассал” асари ўрта аср наҳв илми ривожида катта бурилиш ясади. Замахшарий ўз асарида ундан аввалги ва у билан замондош тилшунос олимларнинг фикрларидан кўплаб иқтибослар келтиради.
Замахшарий Сибавайҳининг сўзларини баъзан ўзгаришсиз, баъзан қўшимча ёки қисқартма ҳолида келтиради. Кўпинча шундай кўчирма гапларида Сибавайҳининг исмини зикр қилади, баъзи ўринларда мисол ёки байт унинг асаридан олинганлигига ишора қилиб: “الكتاب في” деб ёзади, баъзан эса Сибавайҳининг фикрини унга ҳеч бир ишорасиз келтиради. Сибавайҳидан ташқари Замахшарий яна Абу-л-Фаттоҳ ал-Ахфаш, Юнус ибн Ҳабийб ал-Басрий, ал-Холийл ибн Аҳмад ал-Фараҳдий, Абу-л-Ҳасан ал-Кайсон, ал-Кисаий, ал-Мубаррод, Абу-л-Аббос Саълаб, ал-Мазиний, ал-Фаррў, ал-Асмаъий, аз-Зажжож каби машҳур наҳвшуносларнинг фикрларини келтирган.
“Муфассал” га ёзилган бошқа шарҳлар ичида имом Фахриддин Муҳаммад ибн Умар Розий, Муҳаммад ибн Саъд Марвазий, Аҳмад ибн Абу Бакр Ҳалвоний, Абул Форис Бадриддин, ибн Ҳожиб Усман ибн Умар, Ҳусайн ибн Али Сағноқий, Абул Ҳасан Али ибн Муҳаммад Саховий, Абдулвоҳид ибн Абдулкарим Ансорий, Муҳаммад ибн Саад Марвазий, Ибн Нажжор Бағдодийларнинг шарҳи муҳимдир, шунингдек, Абу Муҳаммад Мажиддин Қосим ибн Ҳусайн Хоразмий “Муфассал” га учта шарҳ ёзган бўлиб, улардан бири “ат-Тахмийр” деб аталади. Унинг қўлёзма нусхалари Британия музейида ва Дамашқда сақланади. Фахриддин Хоразмийнинг “Муфассал” га ёзган шарҳидан бир қўлёзма нусхаси Дамашқда, “аз-Зоҳирия” кутубхонасида сақланмоқда. Замахшарийнинг бу машҳур асари араб мамлакатларида, жумладан, Мисрда бир неча марта нашр қилинганлигини ҳам қайд этиш лозим. Бу шарҳлар асарнинг илмий аҳамиятини янада оширган.
“Муфассал” асари шундай олий илмий мақомга эришганки, коʻплаб шарҳловчилар уни оʻрганганганлар ва шарҳлар билан бойитганлар[1].
Ибн Яъиш ўзининг “Муфассал”га ёзган шарҳи муқаддимасида айтади: “Бу китобнинг қадри улуғ ва шарафлидир. Замахшарий ушбу илм (наҳв)нинг асосларини ўша асосларга тегишли бўлган бобларда жамлаб, лафзларини қисқа ва лўнда баён қилгани учун талабага уни ўзлаштириш осондир”[2]. “Танқидчилар уни Сибавайҳ китобидан кейинги наҳв илмидаги иккинчи китоб деб ҳисоблайдилар”[3].
Доктор Али Абдулваҳид Вофий айтади: “Кейинги давр олимлари илмларни қисқа тарзда баён қилиш ва илмнинг барча соҳаларини қамраб олишда ўз усулларини ишлаб чиқдилар. Улар наҳв ва сарф илмининг энг муҳим, энг аниқ ва энг тартибли ва изчил китобларини ёздилар. Улар орасида энг машҳури “Муфассал” муаллифи Замахшарий ва Ибн Ҳожиб эди”[4].
Устоз Абдулҳамид Ҳасан айтади: “Бизгача етиб келган китоблар орасида фақатгина Сибавайҳнинг “Китоб” номли асари ва “Муфассал” асаригина наҳвий мавзуларни мукаммал, тўлиқ ҳолда, масалаларни ҳар томонлама қамраб олган. Булар фақат махсус наҳвий мавзуларга ёки сарф масалаларига бағишланган, тил шаклларига яқинроқ бўлган асарлардир. “Муфассал” китоби наҳвий тадқиқотлар силсиласида наҳв илмининг мукаммал босқичи ва комил тузилишга эга ҳалқа ҳисобланади”[5].
“Муфассал” китобининг услубига кўра, Замахшарий қоидаларни халал бермаган ҳолда қисқартириб, малол бермаган ҳолда қисқача баён қилган. “Муфассал” араб синтаксисига мукаммал ёндашувни таклиф қилган асарлардан биридир. Замахшарий унда сўз туркумлари, жумла тузилиши, морфологик ва синтактик боғланишларни батафсил таҳлил қилган. У Басра ва Куфа наҳв мактаблари ўртасидаги фарқларни мувозанатга келтиришга ҳаракат қилган. Масалан, Басра мактаби қатъий қоидалар асосида ишласа, Куфа мактаби кўпроқ амалий тажрибага асосланган. Замахшарий ушбу икки ёндашувни ўз асарида уйғунлаштирган.
Бу жиҳатдан, Ибн Халдуннинг қуйидаги фикрини эслаш жоиз: “Муфассал” араб грамматикаси бўйича энг аниқ ва мазмунли асарлардан биридир. У барча грамматик масалаларни содда ва тушунарли услубда ёритиб берган. Китоб асосан Басра наҳвий мактабига асосланган бўлса-да, унда баъзи масалаларда Куфа наҳвий мактабининг таъсири ҳам сезилади[6].
Бу фикрга кўра, “Муфассал” грамматикани ўрганишда энг муҳим асарлардан бири бўлиб, ундан грамматиклар авлоддан-авлодга фойдаланиб келган. Замахшарийнинг ёндашуви грамматикани содда ва тушунарли шаклда тушунтиришга қаратилган бўлиб, айнан шу сабабли унинг асари кейинги олимлар томонидан кенг ўрганилган ва шарҳланган.
Замахшарий ўзининг “Муфассал” асарларини ёзишда фақат битта манбаадан маълумот олиш ёки фақат битта наҳвий олимнинг фикрини олиш билан чекланиб қолмаганлар. Гарчи озлари фойдаланган лугатшунос ва наҳвшунос олимлардан бир қанчаларининг исмларини очиқламаган болсалар ҳам, бир нечта манбааларга таянганлар.
Аввало, Замахшарий улардан нақл қилган олимларнинг исмларини ошкор қилган машҳурларидан бошласак, ройхатнинг аввалида Сибавайҳ келади. Замахшарий у кишининг фикрларини баъзи ўринларда исмларини айтиб нақл қилган бўлсалар, бошқа баъзи ўринларда исмларини ошкор этмай нақл қилганлар. Бу шуни англатадики, Сибавайҳ Замахшарийнинг наҳвдаги илк устози бўлган, бироқ ундан таълим олишлари тўғридан-тўғри бўлмаган. Сибавайҳдан сўнг, иккинчи поғонада Холил ибн Аҳмад ал-Фароҳидий келади. Замахшарий кўп ўринларда у кишининг исмларини зикр қилганлар. Бу икки катта олимдан сўнг эса Ахфаш, Абу Амр ал-Жармий, Абу Усмон ал-Мозиний, Мубаррод, Зажжож, Абу Амр ибн Аъло, Исо ибн Умар, Юнус ибн Ҳабиб, “Ахфашул акбар” лақабини олган Абу Хитоб, Абу Зайд ал-Ансорий, ибн Аробий, Асмаъий, Назр ибн Шамийл ва Қутрубларнинг исмларини ҳам учратамиз.
Шунингдек, Замахшарий Куфа наҳв олимларининг фикрларидан ҳам истефода олганлар. Улардан, масалан, Кисоий, Фарро, Абу Амр аш-Шайбоний. Багдодийя мадрасаси машҳур кишиларидан ҳам нақл қилганлар. Улардан Ибн Жаний, Ибн сакийт, Абу Али ал-Форисийларни келтиришимиз мумкин.
Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1]زيدان.ج. تاريخ آداب اللغة العربية.– مؤسسة الهنداوي: ٢٠١٣.– ص. ٨٣٦.
[2]ابن يعيش. شرح المفصل–.دار الكتب العلمية: ٢٠٠٠. ج. ١.–ص. ٢.
[3]درويش. المعاجم العربية– .الشباب للنشر: ١٩٩٧. –ص. ١٢٦.
[4]وافي ع. ع. فقه اللغة ط–.دار نهضة مصر: ١٩٩٩. –ص. ٢٦٩.
[5]عبد الحميد حسن. القواعد النحوية–.ط.: الأنجلو للنشر: ٢٠٠٥. –ص. ٢٦٧.
[6]ابن هشام أ. شرح شذور الذهب. – القاهرة: مكتبة الآداب، ١٩٩٣–.ص. ٧٤.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar