13.12.2025

ОТА-ОНАНИНГ ФАРЗАНД УСТИДАГИ ҲАҚҚИ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Раслуллоҳ алайҳиссалоту вассалом: “Агар банда вафот этса, унинг савоб келтирадиган барча амаллари кесилади, лекин садақаи жория, манфаат берадиган илм ва унга қиладиган фарзанддан кесилмайди”, дедилар. Ушбу ҳадисни Бухорий ривоят қилган. Яъни садақаи жория (оқиб турувчи садақа) Аллоҳ розилиги учун ва кўпчиликка хизмат қилувчи масжид, мадраса, кўприк, йўл ва бошқа бинолар, жамият манфаати учун ёзиб қолдирилган илмий асарлар ва ўзидан хайр-дуода бўлувчи фарзанди солиҳ қолдирган бўлса, ана шулар воситасидаги савоб вафотидан сўнг ҳам давом этади, деганларидир.

Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом ҳузурларига бир киши келиб: “Эй Расулуллоҳ! ота-онамга вафотларидан кейин мен ҳам қила оладиган эзгу амаллар қолдими?”, деди. Шунда узот: “Ҳа, тўрт ҳислат бор: уларнинг ҳаққига дуо қилиш, гуноҳларини кечмакни Аллоҳ Таъолодан сўраш, уларнинг насиҳат ва шаръий васийлатларини бажариш, дўст-биродарларини иззат-икромда тутиш ва ота-она тарафидан бўладиган қариндошчиликни давом эттиришдир”, дедилар.

Аллоҳ Таъоло Қуръони каримда қариндошчиликни узмаслик тўғрисида шундай марҳамат қилган: 

Яъни: «Номини ишлатиб бир-бирингиздан сўровда бўладиганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик (алоқалари)дан қўрқинг.  Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи Зотдир»,1дейилган.

Одатда, кишилар ўзаро меҳр ва лутфга эришмоқчи, ўзларига нисбатан мойиллик уйғотмоқчи бўлсалар, орага Аллоҳни ва қариндошликни қўшадилар. Алоҳнинг номи ила одамлар орасида аҳдномалар тузилади, ваъдага вафо қилиш сўралади ва ҳатто қасам ҳам ичилади. Шунингдек икки томон орасида қариндошлик ришталари бўлса, уларни ҳам орага солинади. Аллоҳга тақво қилиш, яъни, ундан қўрқиш тушунчаси маълум ва машҳур тушунчадир. Кўпгина оят ва ҳадисларда, таълимотларда қайта-қайта зикр қилинган. Аммо, қариндошлик риштасига тақво қилмоқ (ундан қўрқиш) ўзига хос бир таъбир бўлиб, бу нарса муқаддас алоқаларни улуғлаш, ҳақ-ҳуқуқларини адо этиш, уларни муҳофаза қилиш, узмаслик нақадар зарурлигини таъкидлайди.

Аллоҳ Таъоло яна бошқа бир оятда: 

Яъни: «Улар Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни (Яъни, қариндош-уруғлар билан алоқани) боғлайдилар, Парвардигорларидан қўрқадилар ва ҳисоб-китобнинг нохуш бўлишидан чўчийдилар».1 

Ота-она вафотларидан кейин молллари қолган бўлса, маслаҳат билан Қуръонда тақсимланишига кўра бўлмоқ керак. Ота-оналари вафот этганида мерос тақсимлаш тўғрисида туғишган ва бошқа яқинлари билан даволашиб қариндошлик ипларини узувчи, бир-бири ҳақида ёмон сўз ва ахмоқона гумонлар қилиб, ваҳший ҳайвонлар қилмаган ёвузликлар натижасида молларининг кўп қисмини даъво вакилларига бериб молини нобуд қилувчи болалар ҳам бўлади. Бундай болалар ота-оналарига нисбатан бўлган вазифаларини оёқ ости қилувчилардир. Улар ота-онани номини хор қилиб, ўзлари ҳам бахтсиз бўладилар. Оиланинг шарофатини, ота-онанинг ҳурматини жойига қўйишни ният қилувчилар инсоф йўлидан чиқмасликлари лозим. Инсофли киши жонини фидо этади, аммо дунёси учун қариндошидан воз кечмайди ва бошқалирини ҳам ҳурматсиз  қилмайди. Зеро, Аллоҳ Таъоло Қуръони каримда:

 “Ва Аллоҳга ибодат қилинглар ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирманглар. Ота-онага ва қариндошларга, етимларга, мискинларга, яқин қўшниларга, ён қўшниларга, ёнбошдаги соҳибларга, кўчада қолганларга ва қўлингизда мулк бўлганларга яхшилик қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўзини юқори тутувчи ва одамлар устидан фахр қилувчиларни хуш кўрмас”.1

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалоту вассалом: Роббнинг розилиги ота-онанинг розилигидадир. Роббнинг норозилиги ота-онанинг норозилигидадир”,  дедилар

Шунинг учун Аллоҳ таъолони рози қиламан деган киши Аллоҳ Таъоло чизган чегарада ота-онасини рози қилишга ҳаракат этиши лозим. Аллоҳ Таъолони норози қилмайман деган одам Аллоҳ Таъоло чизган чегарада ота-онасини норози қилмасликка интилмоғи лозим. 

Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом: “Холиқнинг маъсиятида махлуққа тоат йўқ”, деганлар. Яъни бандани рози қиламан деб Аллоҳ Таъолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди. Мусулмон фарзанд ота-онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариъат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда банда Аллоҳ таъолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади.

 

 

Давутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

1 Niso surasi, 1-oyat.

1 Ra`d surasi, 21-oyat.

1 Niso surasi, 36-oyat.

Izoh qoldirish

Izohlar