15.12.2025

Коррупциянинг келиб чиқиш тарихи ва унинг босқичлари

Коррупция — жамият тараққиётига жиддий тўсқинлик қилувчи, давлат бошқаруви, иқтисодиёт ва ижтимоий адолат тамойилларини емирувчи салбий ҳодисадир. У фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини сусайтиради, қонун устуворлигига путур етказади ва тенглик тамойилларини бузади. Шу сабабли Коррупцияни ўрганиш, унинг келиб чиқиш сабаблари ва унга қарши курашиш масалалари бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда.

Коррупциянинг келиб чиқиш тарихи

“Коррупция” атамаси лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “бузилиш”, “пора эвазига оғдириш” деган маъноларни англатади. Коррупция жамият пайдо бўлган даврлардан бошлаб мавжуд бўлиб, илк давлат тузилмаларида мансабдор шахсларнинг ўз ваколатларидан шахсий манфаат йўлида фойдаланиши шаклида намоён бўлган.

Қадимги Миср, Бобил, Ҳиндистон ва Хитой манбаларида порахўрлик ва мансабни суиистеъмол қилиш ҳолатларига қарши қатъий жазолар белгиланганлиги қайд этилган. Масалан, қадимги Бобилнинг “Хаммурапи қонунлари”да судяларнинг пора олиши оғир жиноят сифатида баҳоланган. Демак, Коррупция инсоният тарихида доимо мавжуд бўлган, бироқ унга қарши кураш ҳам узлюксиз давом этиб келган.

Коррупциянинг тадрижий босқичлари

Коррупция жамият ривожи билан бирга турли босқичларда турлича шаклларда намоён бўлган:

1. Анъанавий (оддий) Коррупция

Бу босқичда Коррупция асосан пора бериш ва олиш, таниш-билишчилик, совға эвазига иш битириш каби кўринишларда учрайди. Одатда бу ҳолатлар алоҳида шахслар фаолияти билан боғлиқ бўлади.

2. Институтсионал Коррупция

Жамият мураккаблашгани сари Коррупция тизимли тус ола бошлайди. Айрим соҳа ёки идораларда коррупсион ҳолатлар одатий ҳолга айланади. Бу босқичда Коррупция алоҳида шахс эмас, балки бутун тизим фаолиятига сингиб кетади.

3. Сиёсий ва трансмиллий Коррупция

Замонавий босқичда Коррупция сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнига, йирик давлат харидлари, халқаро лойиҳалар ва молиявий оқимларга таъсир кўрсатади. Бу ҳолат миллий хавфсизликка ҳам жиддий таҳдид солади.

Коррупциянинг жамиятга салбий таъсири

Коррупция қуйидаги салбий оқибатларни келтириб чиқаради:

  • иқтисодий ривожланишни секинлаштиради;
  • инвестиция муҳитини ёмонлаштиради;
  • ижтимоий тенгсизликни кучайтиради;
  • қонун устуворлигини заифлаштиради;
  • аҳолининг давлатга бўлган ишончини камайтиради.

 

Сирожиддин Қурбонов – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси матбуот котиби

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar