22.12.2025

Калом икки қисмдан борат – хабар ва иншо

Ҳар қандай калом мазмун-моҳиятига қараб хабар ёки иншога бўлинади. Баъзи олимлар наздида учинчи тур бўлмайди.

Хабар – (яъни, дарак гап) ўз зотида рост ёки ёлғонни эҳтимол қиладиган каломдир. Яъни, бундай калом айтувчисини, унинг каломи воқеликка тўғри келиши ва тўғри келмаслигига қараб ростгўй ёки ёлғончи дейиш мумкин бўлади. 

Баъзи олимлар наздида гапнинг мазмунан тўғрилиги нутққа боғлиқ бўлмаган калом – хабар дейилади. Масалан: عَلِيٌّ شُجَاعٌ – бу калом хабардир. Яъни, Алининг жасур, шижоатли экани ҳақида хабар, маълумот беряпти. Агар ундай бўлмаса, Али ҳақиқатда қўрқоқ, хоин бўлиши калом ёлғон эканини билдиради.

Хабар - феълий ва исмий жумладан иборат бўлади. Феълий жумла - бирор ҳодиса муайян замонда бўлганини мухтасар шаклда ифодалайдиган жумла бўлиб, у феъл ва фоил ёки ноиби фоилдан ташкил топади. Агар жумладаги феъл музорий шаклида, яъни ҳозирги-келаси замонда иш-ҳаракат бўлаётганини билдириши, жумлада бардавомликни ифодалайдиган омиллар мавжуд бўлса, мазкур ҳодиса доимий экани англанади.  Масалан, байт:

أَوْ كُلَّمَا وَرَدَتْ عُكَّاظ  قَبِيلَةٌ              بَعَثُوا إِلَيَّ عَرِيفَهُمْ يَتَوَسَّمُ

Ҳар вақт Уккоз бозори қайнаганда, қабила улуғлари кўришганда,

Юбориб шогирдларин ҳузуримга, таниб олардилар кўришганда.

Мазкур байтда музорий шаклида يَتَوَسَّمُ феъли ва бардавомликни ифодалаётган қарина  (омил) كُلَّمَا лафзи қатнашди.

Исмий жумла – икки ва ундан зиёд исмлардан тузилади. Муснад илайҳнинг (мубтадо ёки эга) муснади (хабар ёки кесим) собитлигини англатади. Кўпинча у мубтадо ва хабардан иборат жумла[1] бўлади. Мубтадо бошланмиш ва хабар эса у ҳақида хабар, маълумот берувчи маъносида ишлатилади. Масалан: الْأَرْضُ مُتَحَرِّكَةٌ  Ер ҳаракатланувчидир[2].

Агар бундай жумланинг хабарида феъл бўлмаса ва бардавомликни ифодалайдиган омиллар бўлса, исмий жумла доимийликни англатади. Мисол:وَإِنَّكَ لَعَلَي خُلُقٍ عَظِيمٍ   “Албатта, сиз буюк хулқ узрадирсиз!”[3]

Бордию, исмий жумланинг хабари феъл бўлса, жумла янги маънони англатади. Масалан: الْحَرَكَةُ تُقْوِي الْعَضَلَاتِ. Яъни, ҳар қачон ҳаракат бўлса, мушаклар қувватланади. Шунингдек, исмий жумланинг хабари феълий жумла бўлса ҳам янги маънони англатади[4].

Аслида хабарий жумлалар икки мақсаддан бирида ишлатилади:

  1. Мухотабга жумла қамраб олган ҳукмни англатиш, маълумот бериш мақсадида бўлади, масалан: جَاءَ الرَّئِيسُ (Раҳбар келди);
  2. Мутакаллим бохабар эканини билдириш, масалан:  جِئْتَ الْأَمس (Сен кеча келдинг), деган каломга ўхшаш[5]. Бу каби хабарларда мутакаллим ҳам маълумотга эга эканлигига ишора қилинади.

Баъзан хабар бошқа мақсадларда ҳам ишлатилади:

  • Раҳм-шавқат сўрашда: Мусо алайҳис саломнинг

*رَبِّ إِنِّي لِمَا أَنْزَلْتَ إَلَيَّ مِنْ خَيْرٍ فَقِيرٌ *

Яъни, “Эй Раббим! Мен учун нима яхшилик (ризқ) туширсанг, ўшанга муҳтождирман”[6], деганларига ўхшаш. Муҳтожлиги Аллоҳ таолонинг буюк раҳмати ва шафқати сўраётганлигидир

  • Қайғу, қаттиқ хафаликни изҳор қилишда. Масалан: 

فَلَمَّا وَضَعَتْهَا قَالَتْ رَبِّ إِنِّي وَضَعْتُهَا أُنثَى وَاللّهُ أَعْلَمُ بِمَا وَضَعَتْ

“Кўзи ёришач деди: “Эй Раббим, мен қиз туғдим” – ваҳоланки, Аллоҳ уни нима туққанини билувчироқ эди”[7]. Ҳазрати Марямнинг қиз туғиб қўйганлигидан ҳижолатда эканини билдириш билан, Байтул Мақдисда фақат ўғил болалар хизмат қилиши, қорнидаги боласини ўғил деб ўйлаб уни Байтул Мақдисда хизмат қилишини назр қилган эди. Аллоҳ хоҳлаган ишини қилувчироқдир.

  • Заифликни изҳор қилишда: Закариё алайҳис саломнинг

رَبِّ إِنِّي وَهَنَ الْعَظْمُ مِنِّي وَاشْتَعَلَ الرَّأْسُ شَيْبًا *

Яъни: “Эй Раббим! Дарҳақиқат, менинг суякларим мўртлашди, кексаликдан бошим (сочим) оқарди...”[8], деганларига ўхшаш. Ҳазрат Закариё алайҳиссаломга туғилажак ўғил тўғрисида хабар берилганда, у Зот ожизликларини шу йўл билан билдирган эдилар. Қариб қолгани, ёшликдагидек куч-ғайрат қолмагани ва фарзанд туғдириш, уни тарбияси, нафақаси ва бошқаларига ҳам қодирлиги йўқлигини бу сўзлар орқали айтмоқчи бўлдилар.

  • Хурсандчиликни изҳор қилишда: хабардор кишига: “Мусобақада ғолиб бўлдим”, деган сўзингиз каби;

نجحت فى الامتحان

Бу хабар орқали мухотабга ҳурсандликни, мукофот ёки шу каби бирон нарсага эришганини ҳам билдириш бордир.

Мақолада келтирилган илмий мулоҳазалар шунни кўрсатадики, калом илмида хабар алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у мазмунан рост ёки ёлғон бўлиши мумкин бўлган нутқ турини ташкил этади. Феъллий ва исмий жумлаларнинг тузилиши хабaрнинг мазмуний юкини белгилайди: феълий жумла кўпинча ҳодисанинг содир бўлиш вақтини ифодаласа, исмий жумла барқарорлик ва доимийлик маъносини беради. Хабар жумлалари фақат ахборот бериш билан чекланмай, инсоннинг турли ҳолатларини — шукроналик, ожизлик, қувонч ва изтиробни ҳам ифодалашда қўлланилади. Натижада, хабар нутқнинг нафaқат ахборий, балки ҳиссий-услубий имкониятларга ҳам эга бўлган муҳим қисмидир.

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙҲАТИ

  1. Абдулазиз ибн Али Ҳарбий. “Ал-балоға вал муяссара”. – Байрут: Дор Ибн Ҳазм, 2011. 100 б.
  2. Абдулқоҳир Журжоний. “Далоил ал-иъжоз”. – Байрут: Дор ал-маърифа, 2001.
  3. Абдулмалик Саъолабий Найсобурий. “Сеҳр ал-балоға ва сирр ал-бароъа”. Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия. 2003 й. 224 б.
  4. Абдуҳ Абдулазиз. “Ал-балоға ал-истилоҳия”. – Қоҳира: Дор ал-фикр ал-арабий. 1992. 396 б.
  5. Абу Яқуб Саккокий. “Мифтаҳ ал-улум”. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1987. 628 б.
  6. Али Хабармий, Мустафо Амин. “Ал-Балоғатул-возиҳа”. – Қоҳира. 1999.

 

 

Мамаюсупов Жўрахон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Фазл Ҳасан Аббос. Ал-балоға фунунуҳа ва афнануҳа. Дор ал-фурқон 1998. – Б. 90

[2] Муҳаммад Диёб, Султон Муҳаммад. Дурус ал-балоға. Покистон: Мактабатул мадина 2007. – Б. 38.

[3] А. Мансур. Қуръон карим м. тар. ва таф. Қалам сураси 4-оят. – Б. 564.

[4] Фазл Ҳасан Аббос. Ал-балоға фунунуҳа ва афнануҳа. Дор ал-фурқон, 1998. – Б. 92

[5] Муҳаммад Юсуф Тоълавий. Жавоҳир ал-балоға фи шарҳи дурус ал-балоға. Ҳиндистон: Матабату фақиҳ ал-умма. – Б. 42.

[6] А. Мансур. Қуръон карим м. тар. ва таф. Қасос сураси 24-оят. – Б. 388.

[7] А. Мансур. Қуръон карим м. тар. ва таф. Оли Имрон сураси 36. – Б. 54.

[8] А. Мансур. Қуръон карим м. тар. ва таф. Марям сураси 4-оят. – Б. 305.

Izoh qoldirish

Izohlar