07.09.2022

САЙЙИДУЛ ИСТИҒФОР.

   Меҳрибон Аллоҳ таоло биз ожиз бандаларга гуноҳлардан покланиш имконини берган. Аллоҳ тарафидан мукаммал қилиб яратилган инсон фақат танадан иборат эмас. Унинг қалби, руҳи бор. Гуноҳ қилганда қалбга қора доғ тушади, маъсият дилни ғаш қилади, кўнгил ойнасини хиралаштиради. Аллоҳнинг амрига зид ҳар қандай иш гуноҳ саналади. Гуноҳлар банданинг дунёсига ҳам, охиратига ҳам зарар етказади. Гуноҳларни менсимаслик яхши эмас. Чунки кичкина томчи йиғилиб- йиғилиб дарёга айланганидек гуноҳларни кичик санаш, уларга эътиборсизлик билан қараш бандани куни келиб ҳалок этади. Мўмин банда қалбидаги иймон мустаҳкам бўлади. У Аллоҳга тақво қилади, “арзимас” гуноҳни деб Парвардигори азобига йўлиқишдан қўрқади, солиҳ амаллари қанча кўп бўлсаям уларга ишониб қолмайди, ёмон оқибатдан хавфсирайди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мўмин киши гуноҳларини улкан тоғ деб билади, ўзини ўша тоғ тагида ўтиргандек ҳис қилади, устига қулаб тушишидан қўрқади. Фожир эса гуноҳларини бурни устига қўнган пашшадек кўради, бундай қилиб (учириб) юборади” (Бухорий, Байҳақий, Абу Яъло ривоят қилган). Ҳар бир банда истиғфор айтишга муҳтож.

Арабча “истиғфор” сўзи “беркитиш”, “ёпиш” мазмунини англатади. Тилимизда “истиғфор айтиш”, “мағфират сўраш” бир маънода қўлланади. Аллоҳга истиғфор айтиб гуноҳларни кечириши, бандага раҳм қилиши сўралади. Инсон ҳаётда турли синовларга дуч келади, қийинчилик ёки фитналар гирдобида ўзи билмаган ҳолда гуноҳга қўл уради ёки билиб туриб шайтон васвасасига учади, Парвардигорига осий бўлади. Мана шундай пайтда мўмин бандага имкон берилади: истиғфор айтса, Аллоҳ уни кечиради.Чунки у айбларини, нуқсон-камчиликларини тан олиб кечирим сўраяпти. Каттаю кичик гуноҳлардан пок зот – муҳтарам Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кунда 100 марта истиғфор айтганлар. Набий алайҳиссалом бизни истиғфор айтишга буюрганлар, бу борада ўзлари ўрнак бўлганлар. Шундай экан суннатга амал қилишимиз учун ҳам кўпроқ истиғфор айтишимиз, бу ишни кундалик вазифа қилиб олишимиз мақсадга мувофиқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш, тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради". Бир нарсани таъкидлаб ўтиш керак: тилида “тавба қилдим”, “айбимга иқрорман”, “Парвардигорим, Ўзинг кечир” деб туриб гуноҳдан тийилмай юравериш маъқул эмас. Айбдор одам хатосини тўғрилайди, уни бошқа такрорламасликка аҳд қилади. Шунда Аллоҳ уни кечиради. Йўқса, тил учида айтилган истиғфор фойда бермайди. Банда билиб-билмай гуноҳга қўл урганда истиғфор айтиши вожиб. Гуноҳ қилмаган ҳолда истиғфор айтиш мустаҳаб. Мушриклар ҳақига истиғфор айтиш мумкин эмас. Аллоҳ бандасига Меҳрибон. Кимда-ким гуноҳ содир этгач, айбига иқрор бўлса, Аллоҳга қалбдан юзланса, У Зот ўша киши гуноҳини кечиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саййидул истиғфор айтишни ўргатгач, унинг фазилати ҳақида шундай деганлар: “Ким (мана шуни) кундузи аниқ ишонган ҳолда айтса, ўша куни кеч кирмасида аввал вафот этиб қолса, жаннатий бўлади. Ким уни кечаси аниқ ишонган ҳолда айтса, тонг отгунича вафот этиб қолса, жаннатий бўлади”. “Саййидул истиғфор” бирикмаси “истиғфорлар саййиди” маъносини англатади. Тийбий айтишича, у тавбанинг барча маъносини ўзида жамлагани учун шундай аталган. Ўқилиши: “Аллоҳумма анта роббий, лаа илааҳа иллаа анта холақтаний, ва ана ъабдук, ва ана ъалаа ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту, аувзу бика мин шарри маа сонаъту, абу-у лака биниъматика ъалай, ва абу-у лака бизамбий, фағфирлий фаиннаҳув лаа яғфируз зунувба иллаа ант”.

Маъноси: “Ё Аллоҳ, Сен Парвардигоримсан. Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратгансан. Мен Сенинг бандангман. Кучим етганича Сенга берган аҳдимда, ваъдамда тураман. Ўзим қилган ишлар ёмонлигидан паноҳ беришингни сўрайман. Берган неъматларингни эътироф этаман, гуноҳларимни тан оламан. Шундай экан, мени кечир! Зеро, гуноҳларни фақат Сен кечирасан!”.

Саййидул истиғфорни тонгда ва кеч кирганда айтишни одат қилган яхши. Бу билан банда гуноҳлардан фориғ бўлади, қалби покланади, Аллоҳга яқинлашади, жаннатга биринчилардан бўлиб кириши учун замин тайёрлайди. Ё Аллоҳ! Бизнинг каттаю кичик, аввалгию охирги, ошкораю махфий гуноҳларимизни кечир! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Ўзинг меҳрибонсан, караминг кенг, фазлинг улуғ. Ҳолимизга раҳм айла! Ё Аллоҳ! Бизни, иймон билан ўтган аждодларимизни, ота-оналаримизни, барча мўмин-мўмина, муслим-муслималарни мағфират қил! Ё Аллоҳ! Сендан омонлик, фаровонлик, тинчлик-саломатлик сўраймиз! Ё Аллоҳ! Қалбимизни покла, тан-жонимизни соғ қил, юртимиз тинчлигини бардавом айла, диёримиздан хайр-баракангни аритма!

✍️ Обиджон Исмоилов - Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий" жоме масжиди имом хатиби


 

Izoh qoldirish

Izohlar