БИР ҲАДИС ШАРҲИ…
Ҳадис - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан айтилган ҳикматли сўз бўлиб, уни ўрганиш, уни эшитиш ва унга амал қилиш орқали мусулмонлар ҳаётларида саодатли йўлни топиб боришлари осонлашади. Ҳадисга амал қилиб юрган кишининг ҳаёти фазилат ва баракотларга бой бўлади.
Абу Молик Ҳорис ибн Осим Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир. «Алҳамдулиллаҳ» тарозуни тўлдиради. «Субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳ» осмон билан ер орасини тўлдиради ёки тўлдирадилар. Намоз нур, садақа ҳужжат, сабр зиёдир. Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжатдир. Ҳар бир инсон эрталаб йўлга чиқади, ҳаракат қилади. Баъзилар нафсини (Аллоҳга) сотиб, уни (азобидан) озод қилади. Баъзилар (нафсини шайтонга сотиб) уни (нафсини) ҳалок қилади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис Ислом динининг асл қоидаларини ўз ичига олган бўлиб, қуйидаги саккизта нарсани баён қилади:
Биринчси; Поклик иймоннинг ярмидир. Иймон олдинги гуноҳларни кетказади. Поклик ҳам иймоннинг ярми каби ювилган аъзолардан гуноҳларни кетказади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки бир мусулмон ёки мўмин банда таҳорат олиб юзини ювса, юзидан икки кўзи қараган барча гуноҳлари сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан тўкилиб кетади. Қачонки иккала қўлини ювса, қўллари ушлаган барча гуноҳлари сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан тўкилиб кетади. Қачонки иккала оёғини ювса, оёқлари босиб ўтган барча гуноҳлари сув билан ёки сувнинг охирги томчиси билан тўкилиб кетади. Ниҳоят, бутун танасидаги хатолари тўкилиб, барча гуноҳларидан пок бўлади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Иккинчиси; «Алҳамдулиллаҳ» тарозуни тўлдиради. «Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳ» осмон билан ер орасини тўлдиради ёки тўлдирадилар. Ушбу айтилаётган калималар ҳаммаси зикрдир. Банда «Алҳамдулиллаҳ» яъни Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин, деб зикр қилиб юриши, унинг тарозусини оғир келишига сабабчи бўлади. Агар «Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳ», яъни Аллоҳ барча айбу нуқсондан покдир, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, деб зикр қилиб юрса, унинг савобидан еру осмон тўла бўлади. Бу зикру тасбеҳларнинг фазилати нақадар буюклигини кўрсатади.
Учинчиси: Намоз нурдир. Намоз ўқиш юздаги нурга сабабчи бўлади. Зоҳиру ботини билан Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қиладиган намозхон оқ билан қорани тезда ажрата олади. Намоз ўз эгасини фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради.
Тўртинчиси: Садақа ҳужжатдир. Қиёматда бойлардан молу мулк ҳақида сўралади. Агар бойлиги закотга етган бўлса, маълум миқдорини закот сифатида муҳтожларга берилса, ўша мол қиёмат кунида ҳужжат бўлади. Баъзи уламолар: «Садақа иймонга ҳужжат бўлади. Чунки, кофир, мунофиқ ва мушриклар садақа бермайди. Садақани фақат иймонли кишилар беради», деганлар.
Бешинчиси: Сабр зиёдир. Шариатда мақталган сабр бу дунёнинг мусибатларига сабр қилиб Аллоҳ таолога ибодат қилишдир. Аллоҳ азза ва жаллага осий бўлишдан сақланишдир. Ҳақиқий сабр мусибат етганда норози бўлмай, Аллоҳ таоло учун тоқат қилишдир. Мусибат етганда дод-у фарёд уриб, кейин сабр қилиш бу ҳақиқий сабрга кирмайди. Аммо бу ҳам сабр саналади.
Олтинчиси: Қуръон сенинг фойдангга ёки зарарингга ҳужжат бўлади. Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги учун Қуръон ўқиб, ундаги ҳукмларга амал қилса, қайтарган нарсалардан қайтса, Қуръон унинг фойдасига ҳужжат бўлади. Агар Қуръон ўқиб, ундаги ҳукмларга амал қилмаса, Қуръон унинг зарарига ҳужжат бўлади. Аллоҳ таоло барча мусулмонларни бундан асрасин!
Еттинчиси: Баъзилар нафсини Аллоҳ таолога сотиб, ўзини Аллоҳ таолонинг азобидан озод қилади. Баъзи мусулмонлар ҳаётини Аллоҳ азза ва жалланинг ибодатида, итоатида ўтказиб, ўзини ҳаёт ва охиратдаги азобу уқубатлардан халос қилади. Қабр ва жаҳаннам азобидан халос бўлиш, бу Аллоҳ Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг энг буюк неъматларидандир.
Саккизинчиси: Баъзилар нафсини шайтонга сотиб ўзини ҳалок қилади. Улар дунё ҳаётида Аллоҳ таолога итоат, ибодат қилмайди. Намоз ўқимайди, Қуръон ҳам ўқимайди. Бундай кишилар дунёнинг ўзида ғам-ташвишлар, охиратда қабр азоби, жаҳаннам азоби билан сарсон бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни ҳамда қиёматгача келадиган зурриётларимизни бундай азоблардан Ўзи асрасин! Аллоҳ таоло барча мусулмонларни Ўзига ҳақиқий ибодат қиладиган бандалардан қилсин! Омийн! Ё арҳамар-Роҳимийн!
Оятуллоҳ Айниддин - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar