ИМОМ БУХОРИЙ РАҲМАТУЛЛОҲИ АЛАЙҲНИНГ ФИҚҲИЙ МАЗҲАБЛАРИ ҲАҚИДА
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг фиқҳий мазҳаби борасида беш хил фикр уламолар орасида нақл қилинган:
1. Имом Бухорийнинг фиқҳий мазҳаби борасида билдирилган фикрларнинг энг афзали, у зот «мужтаҳиди мутлақ» бўлган, деган қарашдир. Чунки, у зот ҳеч кимга тақлид қилмаган. Бу гап «Ломеуд дарорий»да келтирилган. Ушбу қарашни Нафисуддин Сулаймон ибн Иброҳим Алавий, Анвар Шоҳ Кашмирий ва Шайхул Ҳадис Муҳаммад Закариё раҳматуллоҳи алайҳим кабилар ихтиёр қилишган. Мазкур фикр устун ҳисобланади. Чунки, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳам аср ва замондошлари у зотнинг фақиҳ ва имомлигини тан олганлар. Ўша замонда бир кишини «фақиҳ» ёки «имом», деб айтишдан «мужтаҳид», дейиш кўзланган. Нуъайм ибн Ҳаммод, Яқуб ибн Иброҳим Давроқий раҳматуллоҳи алайҳлар Имом Бухорий ҳақида қуйидагиларни айтишган:
«Муҳаммад ибн Исмоил бу умматнинг фақиҳидир».
Шунингдек, Муҳаммад ибн Башшор раҳматуллоҳи алайҳ у зот ҳақида: «Фақиҳлар саййиди», «Бизнинг замонамизда Аллоҳ таоло халқининг энг фақиҳи», деган сўзларни айтган.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Муснадий раҳматуллоҳи алайҳ: «Муҳаммад ибн Исмоил имомдир. Ким у зотни имом деб билмаса, уни муттаҳам деб ҳукм чиқаравер», деган.
Бир гал Қутайба ибн Саъид раҳматуллоҳи алайҳдан маст киши айтган талоқ масаласи ҳақида сўралди. Шу вақт Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам келиб қолди. Шунда Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг устози Қутайба Имом Бухорийга ишора қилиб: «Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибнул Мадиний ва ибн Роҳавайҳларнинг илмини эгаллаган кишини Аллоҳ таоло сенга етказди», деди.
2. Абу Осим Ибодий, Тожиддин Субкий раҳматуллоҳи алайҳлар Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳни фиқҳда шофеъий бўлган, дейишган. Бунинг исботи сифатида Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳни Зафароний, Абу Савр, Каробисий, Ҳумайдий раҳматуллоҳи алайҳлардан фиқҳ ва ҳадис бўйича таълим олганлиги кўрсатилади. Чунки, уларнинг барчаси Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдлари бўлишган.
Лекин, бу гап асоссиздир. Чунки устоз қайси мазхабда бўлса, шогирд ҳам ўша мазҳабда бўлади, деган қоида йўқ. Агар шундай бўлса, Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг аксарият устозлари ҳанафий мазҳабига мансуб бўлишгани туфайли, у зотнинг ўзи ҳам ҳанафий бўлган, дейишимиз керак эди.
3. Бир қавлга кўра Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳанбалий мазҳабидадир. Ибн Абу Яъло ўзининг «Табақотул ҳанобила» асарида Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳни ҳам зикр қилиб келтирган.
4. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ шофеъий мазҳабига нисбати берилган мужтаҳид бўлган.
5. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида мутааххир уламолар шундай дейишган: «Имом Бухорий на мужтаҳид ва на муқаллиддир».
Эшбоев Шахзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar