Динимизда ватан ҳимояси муқаддас бурч!
14-январь юртимизда “Ватан ҳимоячилари куни” сифатида нишонланади. Дарҳақиқат, Ватан – муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш – ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир имонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, тинчликни сақлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, юртимиз барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда миллий армиямизнинг алоҳида ўрни бор.
Шукрлар бўлсинки, кундан-кунга мамлакатимиз мудофаа қобилияти, Қуролли кучларнинг жанговор салоҳияти ҳамда миллий мудофаа саноати ортиб бормоқда.
Динимизда Ватанни ҳимоя қилиш ишига ўзини бахшида этиш энг улуғ савобли амаллардан эканлиги айтилган. Бу тўғрисида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ҳадис ривоят қилинган:
«عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ اللهِ وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ اللهِ»
яъни: “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири – Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз” (Имом Термизий ривоятлари).
Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши юксак мақомга этиши улкан ажрлар соҳиби бўлиши ҳақида башоратлар мавжуд бўлиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
مَنْ رَابَطَ يَوْمًا اَوْ لَيْلَةً فىِ سَبِيلِ اللهِ كَانَ لَهُ أَجْرُ صِيَامِ شَهْرِ وَقِيَامِهِ وَمَنْ مَاتَ مُرَابِطاً جَرَى لَهُ مِثْلُ ذلِكَ الْأَجْرِ وَاُجْرِىَ عَلَيْهِ الرِّزْقُ وَاَمِنَ مِنَ الْفَتَّانِ
яъни: “Кимки Аллоҳ таоло йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимики сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам худди шундай ажру-савоб мукофоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади” (Имом Насаий ривоятлари).
Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда сақласин! Омин!
Оллоёр Омонов – “Имом Термизий” ЎМИТМ Ўқув услубий бўлим бошлиғи
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar