24.01.2026

Бадр маъракасига сабаб бўлган воқеа (2-қисм)

Ҳижрий 2-йил жумадул аввал ойида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага қайтиб келдилар. Орадан бироз вақт ўтгандан сўнг яъни шу йилнинг рамазон ойида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар келди. Унда айтилишича, Шомдан Макка томон йўлга чиққан карвон Мадинага яқинлашиб қолган экан. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу карвонни йўлини тусишлик учун йўлга чиқишликни қасд қилдилар. Лекин  чиқишлик борасида саҳобаларга қаттиқ туриб олмади. Балки бу ишни саҳобаларнинг мутлақ хоҳишларига қолдирдилар. Негаки, У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу чиқиш асносида Қурайш мушриклари билан шиддатли тўқнашувга рўбаро келишларини биламагандилар. 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадан чиқишларидан аввал саҳобаларига “Бу Қурайшнинг карвони, унда уларнинг моллари бор. Карвонга чиқинглар! Шояд Аллоҳ таоло уни сизларга туҳфа қилиб берса” дедилар. Мана шу, тавсия улароқ айтилган гапга биноан саҳобалар ортиқча тайёргарликсиз рамазон ойининг ўн иккинчи санасида Бадр томон йўлга отландилар[1]

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада инсонлар учун намоз ўқиб бериш учун Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни қолдирди. Мадинага яқин Равҳо деган жойга етганда Абу Лобоба ал-Ансорийни Мадинага амир қилиб тайинлаб, ортга қайтардилар. 

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадрга етишларидан аввал Адий ибн Абуз Зағбо ва Басбас ибн Амрларни карвон ҳақида хабар билиб келишлари учун юбордилар[2].

Бадрдаги карвонни йўлини тусишлик учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан чиққан саҳобаларнинг адади борасида тарих уламолари турли фикрларни келтиради. Имом Бухорийда келган ривоятлар жамланса уларнинг адади уч юзи ўн нечтадур (яъни 313, 314, 317) бўлса, Имом Муслимдаги ривоятда уч юз ўн тўққизта эканлиги айтилади. Бошқа масдарларда, хусусан Ибну Касир Ал-Бидая ван-Ниҳоя асарида, Ибну Саад Табақотида уларнинг адади уч юз қирқта эканлигини айтиб ўтадилар. Улар билан жаъми иккита от ва етмишта навбатма-навбат миниладиган туялар бор эди холос[3]

 

Ҳамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Muhammad Ali Muhammad Sallobiy. As-siyratun Nabaviyya. 

[2] Ibnu Saad. Toboqot 

[3] Muhammad Ali Muhammad Sallobiy. As-siyratun Nabaviyya.

Izoh qoldirish

Izohlar